Дунё мўъжизаси: 13 фарзандни дунёга келтирган малика шарафига қурилган Тожмаҳал
Ҳиндистонда йирик давлат барпо этган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳжаҳон 1612 йилда 19 ёшли камбағал қиз – Мумтозмаҳалга уйланади. Улар ўн етти йиллик турмушлари мобайнида 13 нафар фарзанд кўришди. Бироқ 14-фарзанди дунёга келиши арафасида Мумтозмаҳал оламдан ўтди. Бу айрилиқ Бобурий ҳукмдорни тамомила танг аҳволга солди. У рафиқасининг вафотидан карахт ҳолатда эди. Бир йилдан сўнг бироз ўзига келган ҳукмдор марҳумага атаб мақбара қурдиришга қарор қилади. Малика 1631 йилда вафот этган бўлса, қурилиш ишлари бир йил ўтиб бошланди. Нақ 20 йилда шарқ меъморий ёдгорлигининг ажойиб намунаси бўлган Тожмаҳал бунёд этилди. Тарихий маълумотларга кўра, унинг қурилишида оз эмас, кўп эмас 20 мингдан ошиқ уста иштирок этган. Улар орасида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан борган усталар ҳам бор эди.
Юқоридан қарасангиз, ҳашаматли Тожмаҳал ёдгорлиги Агра шаҳрида қашшоқлар яшайдиган маҳаллалар орасида яққол кўзга ташланиб туради ва ўзига хос қарама-қаршилик касб этади. Тарихий иншоот ЮНЕСКО томонидан Бутунжаҳон тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилган, 2007 йилда эса дунёнинг янги етти мўъжизаларидан бири деб топилган.
Мақбара қурилишидан аввал режалар жуда катта эди: Жамна қирғоғида нафақат битта мақбара, балки гўзал боғ ичидаги бинолар мажмуасини қуриш. Ва буларнинг барчаси 17 гектар майдонда қурилиши керак эди. Қурилишга бутун дунёдан ҳунармандлар олиб келинди, масалан, гумбазнинг кўриниши устида Усмоний турклар империясидан келган мутахассис ишлади, форс меъморлари эса бино чизмаларини чизди, суриялик ва форс хаттотлари Қуръондан парчалар битиб, биноларни безатишди.
Мумтозмаҳал қабри жойлашган мақбаранинг ўзи 17 йил ичида қурилган, қолган беш йилда бошқа бинолар бунёд этилди. Қурилиш харажатларининг ҳисоб-китоблари кўп асрлик нархларни ҳисобга олиш қийинлиги туфайли нисбийдир. Ўша пайтда қурилишнинг умумий қиймати Бобурийлар хазинаси учун тахминан ўттиз икки миллион рупийга тушди.
Тожмаҳал қурилиши учун материаллар бутун Ҳиндистон ва Осиёнинг турли жойларидан келтирилиб, уларни ташишда мингдан ортиқ фил ишлатилган. Шаффоф оқ мармар Макрана, Рожистондан, қимматбаҳо қизил тошлар Панжобдан, нефрит ва кристаллар Хитойдан келтирилди. Бундан ташқари, Тибет, Афғонистон, Шри-Ланка, Арабистондан турли маҳсулотлар олиб келинган. Оқ мармарга жами йигирма саккиз турдаги қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ишланган.
Шимолий Ҳиндистон бўйлаб йиғилган йигирма минг ишчи қурилиш майдончасида ишлади. Мажмуанинг бадиий кўринишига масъул бўлган ўттиз етти кишидан иборат гуруҳ орасида бухоролик ҳайкалтарошлар, Сурия ва Форсдан келган хаттотлар, Ҳиндистон жанубидан келган усталар, Белужистонлик тош усталари, шунингдек, миноралар қуриш бўйича мутахассислар бор эди. Тож-Маҳал қурувчилардан баъзиларининг номлари сақланиб қолган: Усмоний империясидан Исмоил Афанди (Исмоилхон) — турк меъмори, бош бино лойиҳачиси, эронлик Устод Исо, (уни кўпинча ёдгорлик меъморий қиёфасининг асосий яратувчиси деб аташади), форс давлатидан Уста Пуру, у назоратчи архитектор сифатида тилга олинган. Лаҳўрлик Козим Хон бинонинг олтин қопламаси устида ишлаган. Деҳлилик тош ўймакор Чиранжилол мозаика бўйича моҳир ҳайкалтарош ва мутахассис эди. Эроннинг Шероз шаҳридан Аманат Хон моҳир хаттотлик ишларини бажарган.
Тожмаҳал марказий биноси ҳар бир томони 95 метрдан бир оз кўпроқ бўлган квадрат пойдевор устида жойлашган. Бино бурчаклари ҳар бири 40 метрли миноралар билан безатилган. Тожмаҳал мажмуаси эклектик услубга эга бўлиб, унинг биноларида форс, ҳинд ва араб меъморчилиги элементлари мавжуд. Мисол учун, мақбаранинг ўзида барча мусулмонча биноларда мавжуд бўлган элементлар - арклар, миноралар ва томдаги катта гумбаз мавжуд, аммо бу ерда ҳам баъзи янгиликлар ҳам мавжуд. Масалан, бинонинг асосий қисми ҳинд меъморчилиги учун хос бўлган кесилган бурчакли квадрат шаклида қилинган.Устунлар ва гумбазли томлардан ташкил топган айвонлар ҳинд меъморчилигининг элементи ҳисобланади.
Машҳур иншоотни кўриш учун Аграга келган саёҳатчилар дарҳол оппоқ ва гўзал бинога дуч келишмайди. Аввал сиз Шоҳжаҳоннинг яна икки хотини мақбаралари жойлашган катта ёпиқ ҳовлидан ўтишингиз керак. Қизил қумтошдан ясалган, тепасида тўртта чаттри (ҳиндча минора) бўлган гўзал саккиз бурчакли иншоот Тожмаҳал боғига кириш жойи бўлиб хизмат қилади. Уни Тожмаҳал дарвозаси деб ҳам аташади.
Мажмуа ҳудуди сув билан тўлдирилган тор сунъий канал орқали иккига бўлинган. Боғнинг марказида мармар платформали квадрат сузиш ҳавзаси мавжуд бўлиб, у бутун мажмуанинг ажойиб манзарасини тақдим этади. Яшил майсазорлар, мовий сув, ҳашаматли оқ бино ва булутсиз осмон - бу манзара инсонни ҳайратлантирмасдан қолмайди.
Мақбара жойлашган боғ ва ундаги биноларнинг жойлашиши қатъий симметрияга бўйсунади. Қабрнинг ўнг томонида меҳмон уйи, чап томонида масжид жойлашган. Иккала бинонинг ташқи кўриниши асосий бинонинг дизайнига ўхшаш меъморий ечимлардан фойдаланади. Мисол учун, бу ерда гумбазни ўраб турган бир хил аркалар ва чаттриларни кўришингиз мумкин. Аммо бу тузилмаларнинг асосий қисми оқ мармардан эмас, балки қизил қумтошдан қилинган.
Асосий бинонинг орқасида мажмуанинг яна бир қизиқарли элементи — дарёга қараган баланд терасса жойлашган. Унинг узунлиги деярли 300 метр, кенглиги эса 8,5 метрдан ошади, қизил ва оқ қумтошдан ясалган ва тошлар билан қопланган геометрик нақшлар билан безатилган.
Тожмаҳал бўйича бир қатор афсоналар ва тасдиқланмаган тарихий маълумотлар мавжуд. Бино ҳақидаги энг машҳур афсона шундан иборатки, Шоҳжаҳон Жамна дарёсининг нариги томонида Тожмаҳалнинг рўпарасида қора мармардан бошқа мақбара қуришни режалаштирган. Бу афсона 1665 йилда Аграга ташриф буюрган европалик сайёҳ Жан-Батист Таверниернинг қайдларига бориб тақалади. Тахминларга кўра, Шоҳжаҳон қора мармар мақбара қуришга улгурмаган, чунки уни ўғли Аврангзеб Оламгир тахтдан ағдарган. Дарёнинг қарама-қарши томонидаги қора мармар харобалари бу афсонани мустаҳкамлагандек эди. Бироқ 1990 йилларда олиб борилган қазишмалар натижасида «қора мармар» тошлар аслида қорайган оқ мармар эканлиги аниқланди. Валиаҳд шаҳзода Аврангзеб отасига қарши исён кўтариб, тахтни эгаллагач, отаси Шоҳжаҳонни уй қамоғига ҳукм этади. У фақатгина ўзи ҳибс этилган ҳужранинг дарчасидан Тожмаҳални кўриб турарди, холос. Буюк ҳукмдор шу ерда бандаликни бажо келтиради. Лекин баъзи ҳинд тарихчиларига кўра, бу ҳам ҳақиқатга яқин эмас. Шоҳжаҳон банд этилган қалъа Тожмаҳал жойлашган Аградан юзлаб километр олисда бўлган.

Яна бир маълумотга кўра, Шоҳжаҳоннинг буйруғига кўра қурилишда иштирок этган кўплаб меъморлар ва ҳунармандлар шафқатсизларча ўлдирилган бўлиши мумкин, лекин бу кейинчалик ёлғон бўлиб чиққан. Кўплаб қурувчилар махсус шартнома имзолаганлиги ҳақида ҳикоялар бор, унга кўра улар ҳеч қачон Тож Маҳалга ўхшаш нарсаларни қурмаслик мажбуриятини олганлар. Шунингдек, 1830 йилларда инглизлар қўйган Ҳиндистон генерал-губернатори Лорд Уильям Бентинк Тожмаҳални вайрон қилишни ва унинг мармарларини ким ошди савдосига қўйишни режалаштиргани айтилади. Бентинкнинг таржимаи ҳолини ёзган Жон Росселлининг айтишича, бу воқеа губернаторнинг Агра қалъаси иншоотларидаги мармарни сотиши ҳақидаги тарихий воқеадан келиб чиққан.
Нақадар пишиқ қурилган бўлмасин, бинога вақт ўз таъсирини ўтказмоқда, ҳозирда Тожмаҳал деворларида ёриқлар аниқланган. Олимларнинг фикрича, ёриқлар пайдо бўлиши яқин атрофдаги Жамна дарёсининг саёзлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Дарёнинг йўқ бўлиб кетиши мақбаранинг тупроқ структурасининг ўзгаришига ва чўкишига, ҳатто вайрон бўлишига олиб келади. Шунингдек, у ифлосланган ҳаво туфайли ўзининг латофатли оқлигини йўқота бошлади. Тож Маҳал атрофида кенгайиб бораётган парк майдони ва Аградаги бир қатор ўта ифлос саноат корхоналари ёпилганига қарамай, мақбара ҳали ҳам сарғайиб бормоқда. Уни махсус оқ лой ёрдамида мунтазам тозалаш керак.
Тож Маҳал атрофидаги катта ҳудудда тарихий обидани ифлосланишдан ҳимоя қилиш учун махсус чекловлар мавжуд. Ушбу зонадаги корхоналарга, хусусан, кўмирдан фойдаланиш тақиқланади: улар табиий газдан фойдаланишга ўтишлари ёки зонадан ташқарига кўчирилиши лозим. Ҳар куни ўн минглаб одамлар Тожмаҳалга ташриф буюришади, «Ҳинд марвариди» мамлакат хазинасига жуда кўп пул олиб келади; ҳар йили бу ерга 5-7 миллионгача сайёҳ ташриф буюради. Аксарият сайёҳлар йилнинг салқин ойларида - октябрь, ноябрь ва февралда келишади. Мажмуа яқинида ички ёнув двигателли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган, шунинг учун сайёҳлар ёдгорлик ҳудудига пиёда ёки электробусда бориши мумкин.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0