Бухородаги «жонзотларқамоқхонаси»

14:19 | 15.09.2026
73
Бухородаги  «жонзотларқамоқхонаси»
Катталаштириш

Минтақамизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, флора ва фаунани асраш, ҳайвонот оламига ғамхўрлик кўрсатиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада тизимли ислоҳотлар, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакат миқёсида табиатга ва тирик жонзотларга инсоний муносабатда бўлиш, экологик маданиятни юксалтириш, биологик хилма-хилликни асраш борасида муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётган бир пайтда Бухоро шаҳридаги ҳайвонот боғи очиқчасига бешафқатлик ва бепарволик кўргазмасига айланиб бўлган. «Тирик музей»нинг ачинарли аҳволи нафақат экология ва жамият нормаларига, балки инсонийлик, раҳм-шафқат ва виждон тамойилларига ҳам тамомила зиддир.

Замонавий «зоопарк» шунчаки жониворларни қафасга тиқиб, одамларга пул эвазига кўрсатадиган томошахона ёки тижорий маскан эмас. Аввало, бу табиий ландшафтга максимал даражада яқинлаштирилган кенг, хавфсиз ва эркин ҳаракатланиш имконини берувчи вольерлар, тоза ва доимий равишда фильтрацияланадиган сув ҳавзалари, куну тун ишлайдиган профессионал ветеринария хизмати ҳамда ҳар бир турнинг биологик хусусиятидан келиб чиққан қатъий рацион демакдир. Энг муҳим қоида шундаки, ҳайвонот боғида ҳар бир жонзот ўзини ўз табиий муҳитидагидек ҳис қилиши, психологик ва физиологик эҳтиёжларини тўлиқ қондириши шарт. Бундан ташқари, бундай масканлар ёш авлодга табиатга муҳаббат ва раҳм-шафқатни ўргатадиган, ноёб турларни кўпайтирадиган ва муҳофаза қиладиган маърифий-илмий даражадаги маскан вазифасини бажариши лозим. Ҳайвонот боғида буларнинг бирортаси мавжуд эмас. Ташриф буюрувчиларга ҳеч қандай расмий чипта ёки электрон чек берилмайди, пул шунчаки эшик олдида турган одамнинг қўлига тутқазилади ва ичкарига кирилаверади.

У ердаги аҳвол ҳар қандай виждонли инсоннинг юрагини тилка-пора қилади. Каталакдек вольерлар жониворлар учун ҳақиқий қамоқхона камераси вазифасини бажараётгандек гўё. Уларни кузатиб, беихтиёр ўйга толасиз. Бу ҳайвонлар қайси оғир жинояти учун «жазо»га ҳукм қилинди? Шерлар, бўрилар, тулкилар ва илонлар шу қадар тор ва занглаган қафасларга қамаб қўйилганки, ҳатто эмин-эркин бурилиб олиш ёки бир-икки қадам юриш имкониятидан маҳрум. Йиртқичлар қироли шер занглаган ва ўткир арматуралар ортида, зах, ифлос бетон устида мажолсиз, афтодаҳол ҳолатда. Унинг қарашларида на салобат, на мағрурлик ва на ҳаётга бўлган интилиш қолган. Баҳайбат айиқ сақланаётган жой ҳам бундан фарқ қилмайди. У тор қафассимон вольер ичида у ёқдан бу ёққа мақсадсиз тебраниб, кишида ўз ўлимини кутаётгандек тасаввур уйғотади.

Сув қушлари ва сувда сузувчилар учун ажратилган ҳавзанинг аҳволига қараб кишининг кўнгли айниб, кўзига ёш келади. Тоза, оқувчи ва тиниқ сув ўрнига сасиб, ям-яшил лойқа ва бактерия манбаига айланган кўлмак турибди. Бу заҳарли балчиқ бўйида турган бечора лайлакнинг тумшуғи синиб, патлари тўзиб кетган. Морской свинка, яъни сув чўчқаси қуёнлар билан бир қафасга қамаб қўйилган. Табиати ва биологик феъл-атвори умуман бир-бирига мос келмайдиган бу жонзотлар орасидаги тўқнашув сабаб қуёнлар сув чўчқасини аёвсиз тишлаб, жароҳатлаган. Чўчқачанинг очиқ ярасини даволаш учун унга ҳеч қандай ветеринар ёрдами кўрсатилмаган. Маймунларнинг занглаган панжарага ёпишиб, томошабинлардан нажот кутаётган жовдираган кўзлари, тўтиқушнинг совуқ ва ифлосликдан ҳурпайиб кетган патлари бир аччиқ ҳақиқатдан далолат беради – ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар яшамаяпти, улар ҳар куни, ҳар соатда сукунат ичида қирилиб бормоқда.

Бу ачинарли манзаранинг яна бир ниҳоятда хавфли ва масъулиятсиз жиҳати борки, аҳолининг бевосита хавфсизлиги билан боғлиқ. У шаҳарнинг энг гавжум нуқтасида, одамлар оқими узилмайдиган истироҳат боғи ҳудудида ва марказий бозорга ёнма-ён жойлашган.

Вольерларнинг занглаб, емирила бошлаганини ва деворлар номигагина ўрнатилганини эътиборга олсак, бу ерда сақланаётган шер, бўри ва айиқ каби йиртқичлар қафасни бузиб, ташқарига отилиши эҳтимолдан холи эмас. Гавжум жойда йиртқичларни бундай ҳаваскорона, номигагина ва хавфсизлик қоидаларига зид равишда сақлаш аҳоли ҳаётини очиқдан очиқ хавф остига қўйиш ва фожиага замин яратишдан бошқа нарса эмас.

Дунё ҳамжамияти, халқаро экологик ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ёввойи ҳайвонларни тутқунликда, сунъий қафасларда сақлашни тақиқлаш ва бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиш ташаббуси билан чиқмоқда. Замонавий цивилизация ва одамзод инсоннинг кўнгилхушлиги ёки тижорий манфаати учун озодликни хуш кўрувчи ёввойи жонзотларни темир панжаралар ортида азият чектириш ваҳшийликнинг ўзгинаси эканини англаб етмоқда. Дунё тажрибаси ана шундай тор «қамоқхона»лардан воз кечиб, ҳайвонларни ўз табиий ҳудудида, миллий боғлар ва кенг қўриқхоналарда муҳофаза қилиш тизимига ўтмоқда. Биз эса ҳалигача шаҳар марказидаги одамлар гавжум бозор ёнида шафқатсиз ва хавфли бўлган «тирик турма»ларни ушлаб турибмиз. Бу глобал ривожланиш ва инсонийлик тамойилларига мутлақо тўғри келмайди.

Энг ачинарлиси, айнан табиат ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган ташкилотлар бу масалада мум тишлаб, томошабин бўлиб ўтирибди. Тартиб ўрнатиши, қонун ва санитария талаблари ижросини талаб қилиши керак бўлган соҳа мутасаддилари «Ўрганиш ўтказдик», дейишдан нарига ўтишмаяпти. Шунчаки «Бу ер тадбиркорлик субъекти, биз унга қарши боролмаймиз. Муҳими, ҳайвонлар қирилиб, ўлиб кетаётгани йўқ», деб муаммони ҳаспўшлашяпти. Жониворлар қафасда азобланиши, яраси йиринглаб ётганида ветеринар кўрмаслиги, сассиқ кўлмакдан сув ичиб жон сақлаши улар учун оддий ҳолдек. Тадбиркорлик фаолияти жисмоний ва маънавий қийноқлар, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солиш ҳамда санитария нормаларини писанд қилмаслик эвазига юритилаётган бўлса, уни зудлик билан тўхтатиш ва жавобгарликка тортиш керак эмасми?

Шундай экан, бу масалага мутасадди ва масъуллар ҳуқуқий баҳо бериши шарт. Жароҳат ва руҳий тушкунликдан азият чекаётган ҳар бир жонзотга шошилинч равишда малакали ветеринария ва реабилитация ёрдами кўрсатилиши лозим. Уларни ўз табиий муҳитига қайтариш ёки лоақал шароитлари ва кенг вольерлари бўлган, халқаро талабларга мос келувчи йирик қўриқхона ҳамда ҳайвонот боғларига топшириш керак.

Агар биз ўзимизни маданиятли ва оқибатли жамият деб ҳисобласак, бу тилсиз ва ҳимоясиз жонзотларнинг азоб чекишига жимгина қараб турмаслигимиз зарур. Бугун уларнинг ҳаммамизга қарата айтаётган ягона ва сўнгги илтижоси бор: «Бизга эркинлик беринг!»

Дилдора ИБРОҲИМОВА

«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ

Мақолага муносабат

385 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади