Бишкекда дунё маркази сифатида Иссиқкўл акс этган ноёб харита ўрнатилади
Бишкек шаҳрида жаҳон географиясига оид анъанавий қарашларни янгича талқин қилувчи харита ўрнатиш режалаштирилмоқда. Унда Ер шарининг маркази сифатида Европа ёки Яқин Шарқ эмас, балки Иссиқкўл тасвирланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ушбу объектни яратишда Марказий Осиё Ислом уйғониш даврига мансуб, XI асрда мутафаккир Маҳмуд Қошғарий тузган тарихий хаританинг нусхаси асос қилиб олинади. Айнан шу манбада Иссиқкўл дунёнинг маркази сифатида кўрсатилган.
Ташаббус давлат котиби Арслон Қўйчиев томонидан илгари сурилган. Маданият вазирлигига лойиҳа бўйича танлов ўтказиб, пойтахтда ўрнатиладиган инсталляция учун энг мақбул ечимни танлаш топширилди.
Лойиҳа Маҳмуд Қошғарий таваллудининг 1000 йиллигига бағишланади. Яратиладиган харита нафақат бадиий инсталляция, балки Ўрта асрларда Марказий Осиё илм-фан ва маданият тараққиётида тутган ўрнини ҳам ёдга солиб турувчи рамзий ёдгорлик бўлиши кутилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0