Ҳақингизни талаб қилинг
15 март — Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни. Бу сана 1962 йил 15 мартда АҚШ президенти Жон Кеннеди томонидан Конгрессда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари илк бор эътироф этилган кун муносабати билан нишонланади.
Кейинчалик 1983 йилдан бошлаб ушбу сана халқаро миқёсда кенг нишонлана бошлади.
Ўзбекистонда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинади. Хусусан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган бўлиб, унда харидорларнинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, сифатли маҳсулот олиш, хавфсизлик, тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳамда зарар қопланишини талаб қилиш каби ҳуқуқлар белгилаб қўйилган.
Кўпчилигимиз дўкон ёки хизмат кўрсатиш жойларида ноҳақликка дуч келсак, “асабни бузиб нима қиламан” деб индамай кетаверамиз. Аслида эса ҳар бир истеъмолчининг қатъий талаби нафақат ўз маблағини ҳимоя қилади, балки бозорда ҳалол савдо ва хизмат маданияти шаклланишига ҳам туртки бўлади.
Истеъмолчи сифатида қуйидаги уч нарсадан асло андиша қилманг:
Савол беришдан.
“Таркибида нималар бор?”, “Ҳалолми?”, “Сифат сертификати борми?” каби саволлар бериш — бу сизга берилган қонуний ҳуқуқ. Қонунга кўра, сотувчи маҳсулотнинг таркиби, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва сифати ҳақида истеъмолчига тўлиқ маълумот бериши шарт.
Маҳсулотни қайтаришдан.
Агар харид қилинган маҳсулот сифати талабга жавоб бермаса ёки рекламада кўрсатилганига мос келмаса, истеъмолчи уни қайтариш ёки алмаштиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Амалдаги тартибга кўра, кўплаб товарлар учун 14 кун ичида алмаштириш ёки қайтариш имконияти мавжуд.
Мурожаат қилишдан.
Агар сотувчи билан келиша олмасангиз, жанжал чиқариш шарт эмас. Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда жамоат ташкилотлари шуғулланади.
Уларга мурожаат қилиш орқали масалани қонуний тартибда ҳал қилиш мумкин.
Муҳими, шуни унутмангки, ҳар бир истеъмолчи тўлаган маблағига муносиб равишда сифатли маҳсулот ва юқори даражадаги хизмат олишга ҳақли. Ҳуқуқни билиш ва уни талаб қилиш эса жамиятда адолатли савдо ва масъулиятли хизмат маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0