Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини кимёвий заҳарланишдан қутқариб бўладими?
Қишлоқ хўжалиги – фақат далалардаги ҳосил эмас, балки бутун мамлакатнинг таянчи. Бугунги кунда унинг ҳиссаси миллий иқтисодиётда 25 фоизни ташкил қилади. Миллионлаб инсонлар – фермерлардан тортиб, кафтдек ҳовлисидаги ризққа кўз тиккан деҳқонларгача шу соҳага боғланган. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий ва жиддий ислоҳотларни талаб этади.
Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби ташаббуслар ҳукуматимиз учун иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий қисми сифатида кўрилаётгани бежиз эмас. Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда кимёвий пестицидлардан ортиқча ва нотўғри фойдаланиш бугунги кунда негадир эътибордан четда қолмоқда.
Пестицидлар бир қарашда ҳосилдорликни оширади, дейилади. Лекин улардан кўп ва нотўғри фойдаланиш – одамлар соғлиғи, табиат ва ҳатто Ўзбекистоннинг дунё бозорларидаги рақобатбардошлигига ҳам жиддий зиён етказмоқда. Агар бу муаммога жиддий ёндашмасак, унинг оқибати нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бутун мамлакатнинг келажаги учун оғир бўлиши мумкин.
Танганинг иккинчи томони: Пестицидлар нимадан иборат?
Пестицидлар – ўсимлик зараркунандалари, бегона ўтлар ва турли касалликларга қарши қўлланиладиган кимёвий моддалар. Ўзбекистонда фермерлар улардан пахта, ғалла ва сабзавот етиштиришда, иссиқхоналарда ҳосил ҳимояси учун кенг фойдаланишади.
Қисқаси, пестицидлар қишлоқ хўжалигимизда ажралмас воситага айланиб улгурган. Лекин улардан ортиқча фойдаланиш жуда оғир оқибатларга олиб келмоқда.
2022 йилнинг ўзида пахта саноатида пестицидлар сабаб етказилган иқтисодий зарар тахминан 200 миллион долларни ташкил қилди. Бу – Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич.
Бундан ташқари, пестицидлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз Европа Иттифоқи ва бошқа бозорларнинг қатъий талабларига жавоб бермай қолмоқда. Маҳсулотлар рад этилади, экспорт имкониятларимиз қисқаради.
Эътибор қилинг: ҳозир Ўзбекистонда ишлатилаётган пестицидларнинг тахминан 60 фоизи Европада бутунлай тақиқланган моддалар қаторига киритилган! Бу эса бизнинг амалиётимиз ва жаҳон қоидалари ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатади.
Туркия каби давлатлар эса аллақачон халқаро талабларга мос келувчи, хавфсиз воситалардан фойдаланишга ўтган.
Табиат ва одамлар қандай зарар кўряпти?
Пестицидлар нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки ернинг унумдорлигини пасайтиради, сув ва ҳавони ифлослайди. Асаларилар, қушлар ва бошқа табиий чанглатувчилар ҳам заҳарланади, бу эса озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.
Энг оғриқли жойи шундаки, бундан одамлар ҳам зарар кўряпти. Хусусан, далаларда ишловчи деҳқонлар пестицидлар билан тўғридан-тўғри ишлагани учун сурункали касалликларга мойил бўлиб қолишяпти. Аҳоли истеъмол қилаётган озиқ-овқат ва сув орқали ҳам организмга заҳарли моддалар кириб боради.
Бир сўз билан айтганда, бу заҳарлар ҳар биримизнинг ҳаётимизга қадам-бақадам сингиб бормоқда.
Нега фермерлар ҳали ҳам пестицидга муҳтож?
Савол туғилади: агар пестицидлар шунча зарарли экан, нима учун деҳқон ва фермерлар улардан воз кечишмайди?
Жавоби оддий: пестицид тез самара беради. Қисқа вақтда ҳосил сақланади. Биологик ёки органик усуллар эса қийин, вақт талаб қилади ва кўпинча қиммат туради.
Деҳқонларнинг кўпчилиги «яшил» усуллар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Уларнинг иқтисодий имкониятлари ҳам барқарор усулларга ўтишга имкон бермайди. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан пестицидлар назорати сустлигича қолмоқда.
Ечим бор: Барқарор қишлоқ хўжалиги
Барқарор қишлоқ хўжалиги – бу атроф-муҳитга таъсирни ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат етиштириш учун биологик манбалардан фойдаланишга эътибор қаратади. Интеграциялашган зараркунандаларни бошқариш (Integrated Pest Management), органик деҳқончилик ва биопестицидлар каби замонавий усуллар кимёвий пестицидларнинг зарарли таъсирини камайтириш билан бирга, тупроқ саломатлиги, биохилма-хиллик ва маҳсулот сифати юқорилигини таъминлаш учун янги имкониятларни тақдим этади. Бу каби барқарор амалиётни Ўзбекистонда ҳам тизимли тарзда жорий қилиш ва деҳқон ва фермерлар орасида кенг ёйилишини қўллаб-қувватлаш даркор. Бунинг натижасида:
– атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
– тупроқ ва сув ресурсларини авайлаш;
– озиқ-овқат сифати ва аҳоли саломатлигини биринчи ўринга қўйиш мумкин бўлади.
Бунинг учун интеграциялашган зараркунандаларни бошқариш (IPM), органик деҳқончилик, биопестицидлар каби усуллардан фойдаланилади.
Ҳозирда Европада қишлоқ хўжалиги ерларининг 19,1 фоизи органик. 2030 йилгача бу кўрсаткични 25 фоизга етказиш режалаштирилган.
Австралия, Ҳиндистон, Аргентина, Хитой, Франция – барчаси бу йўналишда илгарилаб кетган. Лихтенштейн ва Австрия эса ҳатто 40 фоиздан ортиқ органик қишлоқ хўжалигига эга.
Ўзбекистон учун аниқ йўллар
Агар биз ҳам пестицидлардан қутулиб, барқарор қишлоқ хўжалигига ўтишни истасак, мутахассислар қуйидаги ишларни қилиш шартлигини тавсия этишмоқда:
– пестицидлар ишлаб чиқариш, импорт ва қўллаш жараёнларини қатъий назорат қилиш;
– биопестицид ва органик воситаларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий рағбатлар яратиш;
– деҳқон ва фермерларни органик усулларга ўқитиш ва тарғибот қилиш;
– лабораториялар тармоғини тиклаш, заҳарли қолдиқларни текшириш тизимини йўлга қўйиш;
– қонунларни қаттиқлаштириш ва соддалаштириш, жиноий жавобгарлик механизмларини кучайтириш;
– халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Бундан ташқари, пестицидлар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет элга экспорт қилиш салоҳиятига ҳам жиддий зарар келтирмоқда. Ўзбекистоннинг кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европа иттифоқи ва бошқа бозорларнинг кимёвий моддалар қолдиғи билан боғлиқ қатъий меъёрларига мос келмайди. Оқибатда экспорт қилинадиган маҳсулотлар бу бозорларга киритилмасдан рад этилади ва молиявий йўқотишлар вужудга келади.
Эртага кеч бўлиши мумкин
Бу ҳақда биолог олим Бахтиёр Абдуғафур шундай дейди: «Яқин келажакнинг қишлоқ хўжалигида органик маҳсулот катта улушга эга бўлади. Бу бугунги бозорнинг талабидан келиб чиқиб қилинаётган илмий хулоса. Йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар бу бозорга кирган, келажакдаги ўрнини белгилаб олиш учун илмий лойиҳаларга зўр берган. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳам шу йўналишга ўтадими?..».
«Ўтмасдан иложиси йўқ, – дея давом этади олим. – Чунки бозорнинг талаби шундай. Айтайлик, бошида органик тарвуз 3 долларга сотилса, кимёвий тарвуз 1 долларга баҳоланади. Бу нарх шундай турмайди – органик ишлаб чиқарувчи кўпаяди. Хориж ишлаб чиқарувчилари илмий асослар, аниқ башоратлар билан ишлайди, ҳам ўзгарувчан бозорга тез мослашади. Мослашмаса рақобатда синади. Табиийки, органик маҳсулот таклиф этувчи кўпаяди ва органик тарвузнинг нархи яна тушади. Бора-бора, органик тарвуз нархи кимёвий тарвуздан арзон бўлиб кетади. Сабаби органик маҳсулот ишлаб чиқариш кимёвий усулдагисидан арзонроққа тушади.
Охир-оқибат, кимёвий усулда етиштирилган маҳсулотлар бозорда ўтмайди. Бу яқин келажак учун илмий асосланган хулоса…».
Прогнозларга кўра, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ҳозирги ҳолатида органик маҳсулотлар бозорига кириши, рақобатга дош бериши жуда қийин кечади.
Биринчидан, зеҳният ва тафаккур. Ҳалигача анъанавий деҳқончилик.
Иккинчидан, органик сертификат олишда нафақат маҳсулот, балки тупроқ ҳам текширилади. Бизнинг тупроқларимиз агрозаҳарлар билан зарарланган, уларни йўқ қилиш – тозалаш учун йиллар керак бўлади.
Учинчидан, ҳар бир экин, полиз маҳсулоти ва мева учун конкрет илмий асосланган усуллар ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга заҳар олиб кириб сотаётганлар бу бозорни осонлик билан бериб қўймайди. Балки уларнинг таъсири ҳам бўлар. Келажак бугундан бошланади. Бугунги ниятимиз қандай бўлганини вақт кўрсатади. Бу рақобатда юта оламиз, гигантга ҳам айланишимиз мумкин. Бизнинг ҳудудимиз шароити (қатор табиий омиллар) келажак бозорининг асосий ўйинчисига айлантира олади.
Фақат эсда тутиш лозим, келажак дунёсида озиқ-овқат хавфсизлиги янада барқарорликни талаб этади. Бу соҳаларга ҳар турдаги инвестициялар оқими кўпаяди. Демак, ютиш учун имкониятимиз бор.
Пестицидлар муаммосини ҳал қилиш учун ҳозир қатъий ва тизимли ҳаракат зарур. Агар бугун жўшмасак, эртага нафақат тупроқларимиз, балки соғлиғимиз, иқтисодиётимиз ҳам зарар кўради.
Барқарор қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон учун нафақат экологик йўл, балки иқтисодий тараққиётнинг ҳам калити ҳисобланади. Бу йўлда бугунги қабул қилинган қарорлар эртанги соғлом жамият пойдеворига айланади.
Саида ИБОДИНОВА
тайёрлади.
«Oila va tabiat» газетасининг 2025 йил 1-майдаги 17-сонидан олинди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0