Тошкент ерусти метросининг таъмирдан кейинги очилиш муддати кечиктирилди
Режали профилактик ишларни амалга ошириш мақсадида 14 та бекатдан иборат “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, метро тизимида хавфсизликни таъминлаш ва сифатли хизмат кўрсатиш учун ер усти эстакадалари ҳамда бекатлар маълум муддат фойдаланилгандан сўнг профилактик текширув ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши зарур ҳисобланади.
Ерусти ҳалқа йўли йўналишида олиб борилган режали профилактика ишлари доирасида кенг кўламли текширувлар ўтказилиб, аниқланган бир қатор камчиликлар бартараф этилди. Жумладан, йўл ҳолатлари тўғриланди, носоз шпаллар алмаштирилди, дренаж тизими ҳолати ўрганилди, шағаллар текширувдан ўтказилди. Ушбу ишлар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга қаратилган.
Аввалроқ ушбу йўналишнинг тахминан 18 октябрда фаолиятини қайта бошлаши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган эди. Бироқ, синов жараёнларини янада такомиллаштириш ҳамда келгусида поездлар ҳаракатини олдингига нисбатан икки баробар тезлаштириш, шунингдек оралиқ вақт интервалларини максимал даражада қисқартириш мақсадида жорий йилнинг 1-ноябр санаси атрофида очилиши кутилмоқда. Ҳозирги пайтда ушбу йўналишда поездлар синов тариқасида (йўловчиларсиз) ҳаракатланмоқда.
Синов натижалари муваффақиятли якунланиб, барча техник талаблар тўлиқ тасдиқлангач, йўналиш йўловчилар учун ўз фаолиятини қайта бошлайди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0