Таътилга тақиқ қўйманг!
Меҳнат таътилларининг ўз вақтида берилмаслиги ходимга ҳам, иш берувчига ҳам муаммолар олиб келади. Аксар ҳолларда бу турдаги ҳуқуқбузарликка ишлаб чиқаришнинг муҳим жараёнлиги, мутахассис етишмовчилиги, ходимнинг таътилга чиқиш истаги йўқлиги рўкач қилиб келинмоқда.
Булунғур туман тиббиёт бирлашмасида анестезиолог врач вазифасида ишлаган Бахтиёр Жайсанов 20 йилдан ортиқ муддат мобайнида меҳнат таътилига чиқмаган. Ўтган йилнинг 1 июлида ходим билан маъмурият ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши жараёнида бу муаммо юзага қалқиб чиқди. Ишдан кетаётган ходим фойдаланилмаган таътил кунлари учун тўланган маблағ миқдоридан қаноатланмади. Ўзи дуч келган муаммони тармоқ касаба уюшмасига етказди. Ишга соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси аралашди. Маъмуриятга ҳуқуқбузарликни музокаралар йўли билан ҳал этиш таклифи берилди. Аммо...
Меҳнат инспекциясининг фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари учун ҳақ, кечиктирилган кунлар учун компенсация пули тўланиши бўйича бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалари ҳам эътибордан четда қолдирилган. Иш берувчи томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликнинг ўз вақтида ҳал этилмаганлиги оқибатида томонлар судда учрашишди.
Касаба уюшмаларининг ходим манфаатини кўзлаб киритган даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида кўриб чиқилди. Суд қарори билан давогар Бахтиёр Жайсанов фойдасига тиббиёт бирлашмаси ҳисобидан фойдаланилмаган таътил кунлари учун 8.485.591,1 сўм компенсация пули, фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари учун тўланиши лозим бўлган суммани кечиктирганлик учун 140.820.296,3 сўм компенсация, 21.625.677,34 сўм иш ҳақи ҳамда 5.592.845 сўм миқдорида маънавий зарар ундириладиган бўлди.
– Меҳнат кодесида иш берувчи зиммасига ҳеч қандай омилни рўкач қилмасдан, ходимга ҳар йили, иш йили тугагунга қадар меҳнат таътиллари бериш мажбурияти юклатилган, – дейди соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Ғолиб Рустамов.–Бу маслада лоқайдлик кўрсатилганида нафақат моддий зарар, балки иш берувчига маъмурий чоралар кўрилиши кўзда тутилганлигини унутаяпмиз.
Маъмурият хато қилди. Тўланиши лозим бўлган маблағ кўлами ҳам оз эмас. Қонунга риоя қилмасликнинг оқибати ана шундай оғриқли бўлади.
Нурилла Шамсиев,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0