840 минглик сабоқ: “Тошкентча инновация”
Яқиндан пойтахтнинг марказий кўчаларида шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан пулли парковкалар ташкил қилинди. Табиийки, бундан кўпчилик ҳайдовчилар норози бўлишди. Камина ҳам шулар жумласидан. Ҳатто ёзарманлигимга бориб, бир нечта бўлмағур мақолалар битдим. Энди билсам, адашган эканман.
Биринчидан, бу ишни жуда тўғри қилдинглар. Зеро, камбағал одам машина минмайди, жамоат транспортидан фойдаланади. Бунинг учун етарли имконият ва шарт-шароитларга эга.
Иккинчидан, машина – ҳашамат. Унинг харажатига чидаган сотиб олади.
Учинчидан ва энг асосийси, хорижий тажрибада шундай.
Ҳа, энди айбга буюрмайсизлар, ўша вақтда мен хато ўйлаган эканман. Сизларнинг олижаноб, халқпарвар ғоянгларни ақли ожизлик билан нотўғри тушунибман. Мана, энди эзгу мақсадингларни англаб етиб, сизларга шу номани битмоқдаман.
Ҳурматли «Пойтахт паркинг» ташкилотчилари!
Сизларга мурожаат қилишдан олдин бир гапни очиқ айтишим керак: мен энди аввалгидек боқибеғам ҳайдовчи эмасман. Илгари машинани қаер бўш бўлса, ўша жойга қўйиб кетаверадиган овсар эдим. Ҳаётим ҳам шунга яраша пала-партиш эди: ишга бораман, уловимни тўғри келган ерда қолдираман ва кун бўйи хотиржам юраман.
Сизлар келдингиз-у ҳаётимга тартиб-интизом кириб келди. Энди мен ўз инон-ихтиёрим билан пулли парковкадан фойдаланяпман. Чунки худди сизлардек давлат бюджетига бир фуқаро сифатида муносиб ҳисса қўшишни истайман.
Илгари йўл ёқалари шунчаки асфальт эди. Энди эса унинг ўз қиймати, қадри бор. Шунча пайт бўш ётган жойдан миллиардлаб пул қилиш бу – ниҳоятда одилона режа, ҳар кимнинг ҳам хаёлига келавермайдиган инновацион ғоя! Бундан ҳам давлатга, ҳам сизларга, ҳам бизларга фойда!
Шахсан мен бунга жуда тез кўникдим. Ҳатто баъзан атайлаб, бепул парковкага эмас, пулли жойни танлаяпман. Бепул ҳудудларга негадир ишончим сусаяди: “Ушбу масканлар ҳали катталарнинг эътиборига тушмабди, шекилли”, деб ўйлаб қоламан. Демак, у ерда тартиб йўқ. Тартиб йўқ жойда эса ишонч бўлмайди. Тартиб бор жой ишончли бўлади. Ишончли жой эса бепул бўлмаслиги тайин.
Бир куни денг, тирбандлик туфайли ишга кечикиб келдим. Қарасам, пулли парковкада жой йўқ. Шунда машинамни тақиқланган майдонда қолдирдим. Буни ўз ихтиёрим билан қилдим. Кўп ўтмай, ёнига «Пойтахт паркинг» деган ёзув туширилган «Kobаlt» русумли улов видеотасвирга олиб кетди. Хурсанд бўлдим. Эртаси куни роппа-роса 840 минг сўмлик жарима келди. Агар 14 кун ичида тўласам, 50 фоиз чегирмаси бор экан. Тушликдан сўнг машинани атайлаб пиёдалар йўлакчасига қўйдим. Бу ишим билан 412 минг сўм жаримага аъзо бўлдим.
Нега шундай қилдим, биласизми? Чунки мен ўзимни кечиролмадим. Наҳотки, кечикдим, ахир, мен тартибли фуқаро бўлишга онт ичгандим-ку, деб ўзимни койиб юрмаслик учун шу йўлни танладим.
Жарималарни эса муддатини ўтказиб тўладим. Токи битта хатоим менга сабоқ бўлсин! Токи бошқа сафар бундай бебошликка йўл қўймайин…
Тўғри, бу ишим туфайли болаларим икки ҳафта гўшт емади. Ҳечқиси йўқ, осмон узилиб ерга тушмайди. Улар бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетишади.
Сизлар бизга катта сабоқ бердингиз: вақт бу – пул. Илгари 5 дақиқалик ишни ҳам чўзиб юрардик. Энди эса, уни 3 дақиқада битиришга ҳаракат қиляпмиз. Шунга яраша самарадорлик ошди. Сизларнинг саъй-ҳаракатингиз билан бизнинг иқтисодий онгимиз юксаляпти.
«Пойтахт паркинг» ташкилотчилари сизлар шаҳарда оддий тўхташни санъат даражасига олиб чиқдингиз. Ҳар бир ҳайдовчи иқтисодчи, стратегга айланди. Бу нақадар буюк бахт?! Камина ундан ҳар куни баҳраманд бўляпти. Бунинг учун сизларга ташаккур!
Иложи бўлса, пойтахтдаги бошқа бўш жойларни ҳам мана шундай пулли парковкага айлантирсангиз, халқимиз сизлардан беҳад миннатдор бўларди.
Ҳурмат билан Ғофил ҒУЛОМ




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0