“Қодирийни сотиб шоир бўлганлар…”
Алҳазар, алҳазар-минг бор алҳазар,
Ана юрибдилар кийганлари зар.
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар
Меҳробингдан чиққан чаёнларинг бор.
Муҳаммад Юсуф
10 апрель ўзбек романчилигининг асосчиси, умрбоқий асарлари адабиётимиз ва умуман маданиятимиз мулкига айланиб улгурган ўлмас сўз санъаткори – Абдулла Қодирий таваллуд топган кун. Ёзувчи ўзбек адабиёти майдонида ўзининг бетакрор романлари, танқидий-публицистик мақолалари, юмористик фелетонлари билан ўчмас из қолдирган.
Ёзувчи, шоир, таржимон, драматург, ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намоёндаларидан бири бўлган Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрининг Эскижўва маҳалласида таваллуд топган. Адибнинг отаси Қодирбобо (1820-1924 й) хон, беклар қўлида сарбозлик қилган. Рус босқини пайтида Тошкент мудофаасида қатнашган.
Адиб ўз таржимаи ҳолида шундай дейди:
“Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада...туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейин вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабга юборди... 1912 йилда манфактур била савдо қилувчи бир кишига йилига 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим...”
Болалигидан эти меҳнатда қотган Қодирий турли юмушларни бажариш билан бирга, дастлаб мусулмон мактабда, сўнгра рус тузем мактабида ўқийди. 1916-1917 йилларда Абулқосим шайх мадрарасида араб ва форс тилларидан сабоқ олади.
1923 йилда “Муштум” журналида илк ижодий фаолиятини бошлаган адиб ўша вақтларни шундай хотирлайди:
“Шу миёналардан бозор воситаси билан татарлардан чиқадирғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойина” газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди”.
Абдулла Қодирий адиб ва шоир сифатида 1912 йилларда фаолиятини бошлаган. “Тўй” “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Фикр айлагил” каби шеърлари “Бахтсиз куёв” драмаси, “Жувонбоз” ҳикояси унинг илк асарларидир.
Қодирий шундай хотирлайди: “1913 йилда чиққан "Падаркуш" таъсирида "Бахтсиз куёв" деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан "Жувонбоз" отлиқ ҳикоячани ёзиб ношир топилмағонидан, ўзим нашр қилиб юбордим. Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлиб ёзилдим...”
Шу тариқа адабиёт оламига кириб келган ёзувчининг асарлари ҳануз китобхонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган.
1937 йилнинг 31 декабрида “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинган Қодирий миллат манглайига битилган машъум тун, яъни 1938 йилнинг 4 октябрида узоқ қийноқлардан сўнг Чўлпон, Фитрат, Зиё Саид каби маслакдошлари билан биргаликда отиб ташланади.
Бугунги кунга келиб юртимизда Қодирий даҳосига эҳтиром юзасидан қилинаётган эзгу ишларнинг кўлами кенг миқёсда давом этмоқда.
Мустақилликдан сўнг кўплаб зиёлилар қаторида Абдулло Қодирий номи тўла оқланиб, эътироф сифатида 1991 йил адибга “Мустақиллик” ордени, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилган. Шунингдек, Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Тошкент Давлат маданият институтига, маданият ва истироҳат боғларига, давлат муассасалари ҳамда метро бекатига Абдулла Қодирий номи берилган. 2019 йил Абдулла Қодирий уй-музейи фаолияти йўлга қўйилиб, шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби очилди.
Қодирий ижоди нафақат ютимизда, айни пайтда, қардош халқлар ва ғарб адабиётида ҳам кенг миқёсда ўрганилаётгани қувонарлидир. Қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов ижодкор ҳаётига оид “Абдулла Қодирий” номли асар ёзиб унда шундай фикрларини билдиради:
“Унинг романлари 20-йилларда гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди…”
2019 йилда миллатпарвар ёзувчи Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи америкалик шарқшунос Марк Эдуард Риз таржимасида, инглиз тилида “Bygone days” номи билан китоб ҳолида чоп қилгани адиб асарларининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши имконини беради.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0