Матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни ўзгармади
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 20 йилдан бери матбуот эркинлиги рейтингини тузиб келади. Ташкилот жорий йилги ҳисоботида бу борада дунёдаги умумий вазият ёмонлашаётганини маълум қилди. Гап шундаки, биринчи марта барча мамлакатлар бўйича ўртача балл мумкин бўлган 100 баллдан 54,7 баллни ташкил этган.
“Рейтинг тарихида илк бор дунё мамлакатларининг ярмида журналистик фаолият учун шароитлар ёмонлашди ва ҳар тўртдан бирида қониқарли даражада деб топилди”, — дейилади ҳисоботда.
Ушбу рейтингда, жумладан, Қозоғистон – 141-ўрин (бир поғона пастлаган), Қирғизистон – 144-ўрин (24 ўрин пастлаган), Тожикистон – 153-ўрин (2 поғона пастлаган) ҳамда Туркманистон – 174-ўрин (1 поғона пастлаган).
180 та мамлакатни ўз ичига олган мазкур рейтингда Ўзбекистон ўтган йилгидек, 148-ўринда қолди.
Умумий рейтинг кўрсаткичида Ўзбекистон ўтган йилга қараганда 2,03 балл кам тўплаган. Яъни ўтган йили 37,27 балл эди, жорий йил 35,24 баллга баҳоланган.
Маълумот учун, 2025 йилги матбуот эркинлиги рейтингида кучли ўнталикда Норвегия, Эстония, Нидерландия, Швеция, Финляндия, Дания, Ирландия, Португалия, Швейцария ва Чехия қайд этилган.
Энг охирги ўринларни эса Эритрея, Шимолий Корея, Хитой, Сурия, Эрон, Афғонистон, Туркманистон, Вьетнам, Никарагуа ва Россия эгаллаган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0