Масъуллар нега сукут сақлашмоқда?
Газетамизнинг 2024 йил 26 сентябрь сонида эълон қилинган «Нурафшоннинг нурсиз кўчаси» сарлавҳали мақолада Хоразм вилояти, Боғот тумани, Нурафшон шаҳарчасидаги нотекис, қоронғи, жорий меъёрларга мутлақо жавоб бермайдиган йўл танқид остига олинганди.
Мана, орадан анча вақт ўтди. Аммо вазият ўнгланмади. Аҳвол ҳали ҳам ўша-ўша. Аҳоли эса умид билан яшамоқда.
Ҳақиқатан ҳам, бу ердагиларга осон эмас. Айниқса, ота-оналар болаларини юрак ҳовучлаб мактабга жўнатишяпти. На пиёдалар йўлакчаси бор, на ўтиш жойи. Ўқувчилар тор ва хавфли йўлдан минг машаққат билан мактабга қатнашга мажбур. Кўчада ҳатто тунда ҳам қатнов тўхтамайди. Қачон қарасанг, шовқин-сурон. Йўл ямалаверганидан текис жойининг ўзи қолмаган. Ҳолатдан одамларнинг паймонаси тўлган.
– Шу йўлни деб ҳаловатимиз йўқолган, – дейди Бибижон ая Болтаева. – Хонадонлар билан йўлнинг ораси бор-йўғи 2-3 метр. Шовқиндан ҳимояланишнинг имкони йўқ. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида бунга тоқат қилиш азоб. Хуллас, «Эзгулик» кўчаси капитал таъмирга муҳтож. Ҳаракат хавфсизлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. На кузатув камераси, на йўл-патруль хизмати ходими бор. Шу боис транспорт ҳодисалари тез-тез рўй беряпти. Сарғайиб кетган йўл белгиларининг кошки фойдаси бўлса...
Аслида йўллар вазифаси ва жойлашувига кўра, асосий, магистрал, айланма, ички хўжалик, тармоқ ва бошқаларга бўлинади. Аммо бу йўлни автомагистрал десангиз, у туман ва вилоятларни бир-бирига боғламайди. Ички хўжалик йўли десангиз, туну кун серқатнов ва назоратсиз, лоақал битта светофор йўқ.
Хўш, йўл қачон тартибга солинади? Мутасаддилар қачон халққа қайишиб, улар бу йўлдан эмин-эркин ва хотиржам қатнашлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб берадилар?
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0