Фарзандсизлик — аёлга юкланган айбми?
Кўпгина жамиятларда фарзандли бўлиш — нафақат тилак, балки интилиш ва ҳатто ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилинади. Бу интилишнинг оғирлиги эса аксар ҳолларда айнан аёлларнинг елкасига тушади.
Маълумотларга қараганда, дунё бўйича катта ёшли аҳолининг тахминан 17,5 фоизи, яъни ҳар олти кишидан бири бепуштликдан азият чекмоқда ва бу кўпгина мамлакатлар ва минтақаларнинг асосий муаммосига айланган.
Бепуштлик шунчаки тиббий муаммо эмас. У инсон қадри, шахсий эрк ва инсонийлик чегаралари ҳақидаги жамиятнинг яширин тушунчаларини намоён этади. Фарзандсизлик — табиий ҳолат ёки тиббий муаммо сифатида эмас, балки "айб", "камчилик" сифатида баҳоланадиган муҳитда яшаш аёл киши учун осон эмас.
Бу жараёнда кўп аёллар ўзини ҳимоясиз қолгандай ҳис қилади. Жамиятда фарзандсизлик жуда камдан кам ҳолларда эркакка нисбатан сўраладиган саволга айланади. Чунки нозик муҳитда эркакнинг қуввати — ҳимоя қилинган, аёлнинг имкони — шубҳа остида бўлади. Ҳолбуки, тиббий жиҳатдан, бепуштлик юз фоиз ҳолатда аёл билан боғлиқ эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бепуштлик ҳолатларининг тахминан 40% эркаклар омили билан боғлиқ. Аммо амалда энг оғир таъна аёлларга йўналтирилади.
Чунки жамиятда ҳали ҳам аёлнинг "ишончлилиги" она бўлиши билан ўлчанади. Ҳали ҳам кўп муҳитларда никоҳнинг асосий маъноси — фарзанд туғишга айлантириб қўйилган. Аёлнинг севгига, меҳнатига, ҳамроҳлигига эмас, насл қолдириш қобилиятига қаралади. Ва агар бу иш бажарилмаса, унинг қадри пасайиб, ҳатто оиладаги мавқеи ҳам сўроқ остида қолади. Шундай вазиятда аёл нафақат шифокорлардан, балки қариндошларидан, маҳалладошларидан, ҳатто ўз яқинларидан ҳам таъна эшитади. "Бошимизни ерга қаратиб қўйдинг", "одамлар гап-сўз қиляпти", "балки ажрашарсизлар" каби маломатлар — кўп аёлларнинг кундалик воқелигига айланган. Бу гаплар меҳрибонлик ёки маслаҳат соясида, аслида эса танқид ниқобида айтилса-да, киши қалбида чуқур жароҳат қолдиради.
Менинг тарихимда ҳам шундай воқеа содир бўлган. Ўн йил шу муаммо гирдобида яшадим. Текширувлар, дорилар, даволаш усуллари... Кутиш ва умид. Лекин ҳар бир натижасиз муолажа — нафақат янги қайғу, балки янги таъна ва эътирозларни туғдирар эди. Бу ҳолат токи мен ўн йилдан сўнг фарзанд неъматига эришганимдан сўнггина тўхтади.
Муаммо шундаки, жамиятимизда фарзандсиз аёл ўз дардини очиқчасига айта олмайди. Руҳий оғриқни сиқиб қалбида яширади. Ва шу сиқилиш — унга, унинг танасига, жамиятдаги ўрнига таъсир қилади. Аслида бу муаммога дуч келган оилаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, маънавий, психологик ёрдам бериш жамиятимиз учун муҳим масаладир.
Шу нуқтайи назардан фарзандсизлик масаласига муносабатни қайта кўриб чиқиш керак. Жамиятда унга бўлган муносабат ўзгармаса, юзлаб аёллар "ўз айбини ювиш" учун ҳаёт кечириб юраверади.
Ахир аёл кишининг қадри дунёга келтирадиган фарзандлар сони билан эмас, бошқаларга меҳр, сабр ва руҳий қувват улашиш қобилияти билан белгиланиши лозим. У фарзандсиз бўлса ҳам, оиласи учун суянч, жамият учун барака бўлиши мумкин. Бу тушунчага етишимиз — нафақат аёлларни, балки бутун инсонийлик даражамизни баҳолайди.
Фарзандсиз оилалар тақдирини инсон ҳуқуқи нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқиш вақти келди. У ҳақида сукут сақлаш, таъна қилиш ёки уят туйғуси билан ёндашиш ўрнига — қўллаб-қувватлаш, эшитиш ва тушуниш лозим бўлади. Аёл инсон. Унинг юраги бор. Ва унинг ҳаёти фақат она бўлиши билан эмас, яшаши билан қимматлидир.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0