Урушдан баттарроқ талафот: Эрондаги даҳшатли очлик
Дунё тарихида даҳшатли очарчиликлар кўп бўлган. Ўтган асрларда Ҳиндистон ва Хитойда, шунингдек собиқ совет давлатида очлик туфайли миллионлаб кишиларнинг ёстиғи қуриганди. Аммо кўпчилик Биринчи жаҳон уруши охирида Эронда юз берган ҳолатни унча эсламайди. Эрон расман жаҳон муҳорабасида қатнашмаган, бетарафлик мақомини олган давлат эди. Аммо урушнинг совуқ нафаси нейтраллик байроғи остидаги мамлакатга катта кулфат келтирди. Ташқи аралашув ва бошқа омиллар ҳисобига форс давлатига мисли кўрилмаган очарчилик рўй берди. Бунинг оқибатида миллионлаб кишилар вафот этди. Ўшанда Эроннинг умумий аҳолиси 20 миллион кишига ҳам етмасди. Очарчилик балоси деярли барча хонадонларга кириб борди.
Форс давлатида ХХ аср бошидаги вазият барча кулфатларнинг асосий омили сифатида кўрилади. Биринчи жаҳон урушидан олдин Эрон сиёсий бошбошдоқлик ҳолатида эди, бу эса хорижий босқинчилик учун кенг йўл очиб берди. Қожарлар сулоласи юритган сиёсат Эронни заифлаштирди ва давлат ўзининг шимолий қўшниси Россияга бир қанча ҳудудларини бой берди. Муҳаммад Али Шоҳ Қожар Россия кўмаги билан заиф конституциявий монархия ўрнатган кучларни ағдаришга уринганида, Теҳронда сиёсий ўйинлар авж олди.
Муҳаммад Али Шоҳ ва мажлис ўртасидаги кўплаб тўқнашувлардан сўнг, у парламентни тарқатиб юборди ва ҳарбий ҳолат эълон қилди. Бу бутун мамлакат бўйлаб қўзғолонни келтириб чиқарди, натижада ҳукмдор 1909 йилда конституцияни тиклаган ўғли Аҳмад Шоҳ Қожар фойдасига тахтдан воз кечди. Биринчи жаҳон уруши бошланишидан олдин хорижий кучлар мамлакатни қисман эгаллаб олишди ва марказий ҳукуматнинг обрўсига путур етказди.
Бунинг устига Усмонли империяси 1906 йилда Конституциявий инқилоб даврида Эрон ҳудудига кирди. Усмонлилар шимоли-ғарбий қисм устидан назорат ўрнатдилар ва аҳолидан солиқ йиғдилар. Рус қўшинлари 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошланишидан олдин Усмонлиларни ушбу ҳудуддан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. 1907 йилги конвенцияга кўра, Буюк Британия ва Россия Эрон, Афғонистон ва Тибетдаги мустамлакачилик низоларини ҳал қилди. Шартнома Эрондаги таъсир доираларини белгилаб берди. Улар мамлакатни таъсир доираларига ажратдилар: шимолда Россия зонаси, жанубда Британия зонаси ва мамлакатнинг қолган қисмида нейтрал буфер зонаси, бу ерда ҳокимият инглизлар ва руслар ўртасида тақсимланди.
Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан Эрон ҳукумати 1914 йил 1 ноябрда қатъий бетарафликни эълон қилган фармонни чиқарди. Уруш бошланганда давлат оғир аҳволда эди. Аҳмад Шоҳнинг ҳокимияти мустаҳкам эмасди, у ўз рақибларига муносиб қаршилик қилиш учун етарли кучга эга эмасди. Ҳеч ким уни жиддий қабул қилмади. У мамлакатни янада инқирозга олиб келди. Марказий ҳукуматнинг назорати тобора заифлашди. Ҳукумат ҳатто солиқ йиға олмасди ва хазина бўш эди. Бу шароитда Биринчи жаҳон уруши нафақат Эронга ташқи босимни кучайтирди, балки мамлакат сиёсатида узоқ вақтдан бери давом этаётган бўлинишларни чуқурлаштирди ва марказий ҳукумат аввалгидан ҳам кўпроқ парчаланиб, бўлиниб кетди. Эронда ҳокимият тепасига келган кейинги маъмуриятларнинг ҳеч бири бир неча ойдан ортиқ давом этмади.
Эрон бетарафлигини эълон қилганига қарамай, уруш 1914 йил декабр ойида унинг чегараларига етиб келди. Усмонлилар ва Россия кучлари шимолий ҳудудларга ҳужум қилди ёки уларни эгаллаб олди, Буюк Британия эса жанубда ўз таъсирини кенгайтирди. Биринчи жаҳон урушининг тугаши Эронга унчалик қувончли хабарлар келтирмади: Версал конгрессида унинг манфаатлари эътиборга олинмади. Шу даврда рўй берган тўнтариш Қожарлар ҳукмронлигига чек қўйди ва саркарда Ризо Шоҳ рақибларини бостириб, ҳукмронликни қўлга олди. Катта ҳарбий кучга эга эканлиги ҳақидаги даъволарига қарамай, ҳукмронлигининг охирига келиб, Эрон яна инглизлар ва руслар томонидан босиб олинди, бу эса унинг сургун қилинишига ва унинг ўрнига ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тахтга чиқишига олиб келди.
Ташқи кучлар истилоси, заиф ҳукумат ва тартибнинг йўқлиги ички инқирозларни бошлаб берди. Ниҳоят 1917 йилдан Эронда мисли кўрилмаган очарчилик бошланди. Бу очарчилик тарихда кам ўрганилган воқеалардан бири саналади. Ҳатто унинг қурбонлари сони бўйича ҳам якдил рақамлар йўқ. Умумий қабул қилинган илмий маълумотларга кўра, 1917 ва 1919 йиллар оралиғида тахминан 2 миллион киши вафот этган. Бундан ташқари, тарихчи Муҳаммад Ғоли Мажид 8-10 миллион ўлим ҳақида маълумотларни тақдим этади, аммо унинг маълумотлари академик тарихчилар орасида кенг тан олинмаган. Ўлимларга очарчилик ва касалликлар, жумладан, вабо ва тиф, 1918 йилги пандемия ҳам сабаб бўлган. Очарчиликка турли омиллар, жумладан, кетма-кет мавсумий қурғоқчилик, босқинчи қўшинлар томонидан озиқ-овқат захираларининг мусодара қилиниши, спекуляция, камҳосиллик кабилар сабаб бўлди.
1915 йил ноябрь ойида жануби-шарқий Сиестон вилоятидаги барча омборлар Британия қўшинларига сотилгандан сўнг, бир харвар (100 килограмм) буғдойнинг нархи йигирма тумангача кўтарилди. Россия қўшинлари шимоли-шарқий Хуросон вилоятидаги барча йўлларни тўсиб қўйди ва рус армияси учун мўлжалланганлардан ташқари ҳар қандай дон ташишни тақиқлади. Хузистондаги нефть саноати, шунингдек, Британия ва Россия қуролли кучлари учун юк ҳайвонлари, хачирлар ва туяларни талаб қилиш мамлакат транспорт тармоғида жиддий тартибсизликларга олиб келди ва бутун мамлакат бўйлаб озиқ-овқат ва бошқа товарларнинг тақсимланишини бузди – бу ҳалокатли оқибатларга олиб келди.
Уруш пайтида Эроннинг кўп қисмларида дон ташиш кўпинча уни етиштиришдан қимматроққа тушди. Буларнинг барчаси камбағалларнинг турмуш шароитини янада ёмонлаштирди. 1916 йилда бошланган қатор кучли қурғоқчиликлар қишлоқ хўжалиги таъминотини янада ёмонлаштирди. 1918 йил февраль ойининг бошларига келиб, очарчилик бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва йирик шаҳарлардаги ваҳимага тушган оломон новвойхоналар ва озиқ-овқат омборларини талон-тарож қила бошлади. Ғарбий Керманшоҳ шаҳрида очликдан азият чекаётган камбағал одамлар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар қурбонларга сабаб бўлди.
Айрим новвойлар томонидан қўйилган ҳаддан ташқари юқори нархлар Теҳрон камбағалларини ғазаблантирди. Касаба уюшмаси тузган босмахона ишчилари 1919 йилда Теҳронда намойиш ўтказдилар, оломон нонвойхоналар ва дон омборларига ҳужум қилди. Улар ҳукуматни озиқ-овқат рационини оширишга, нон нархларини стандартлаштиришга ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, таъминоти ва сотилишини тартибга солишга чақирдилар. Бироқ, урушдан кейинги нотинч даврда на миллий ҳукумат, на хорижий кучлар гуманитар инқирозни юмшатиш учун айтарли иш қила олмадилар. Очлик ва юқумли касалликлар келтириб чиқарган вайронагарчилик кўп йиллар давомида давом этди. Ҳатто каннибализм ҳолатлари ҳам қайд этилди.
Очлик сабаб бўлган ўлимлардан ташқари, эпидемиялар ҳам кўп сонли одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Улкан озиқ-овқат инқирози, шунингдек, омон қолиш учун доимо ҳаракатда бўлган кўплаб аскарлар, қочқинлар ва тиланчилар пандемиялар ва юқумли касалликларнинг ҳалокатли комбинациясига олиб келди. Вабо ва тиф мамлакат бўйлаб даҳшатли тезликда тарқалди.
Қишлоқ ҳудудлари шаҳарларга қараганда кўпроқ зарар кўрди, бу ерда аҳолининг 20 фоизгача ўлгани ҳақида хабар берилган. Айрим тарихчилар бу рақам бўрттирилганлигини таъкидлаб, Керманшоҳ ва Теҳронда ўлим даражаси тахминан 1 фоиз эканлигини маълум қилишган. Баъзилар қурбонлар сонида гриппнинг таъсири жуда катта эканлигини таъкидлайди, ўлим сони 902 400 дан 2 431 000 гача ёки умумий аҳолининг 8 фоиздан 21,7 фоизгача бўлганини тахмин қилинади, бу эса Эронни испан гриппидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бирига айлантиради.
Сўнгги йилларда ушбу очарчилик Эронда фитна назариялари, қутбланиш ва тарихий ревизионизм мавзусига айланди. Мунозараларнинг аксарияти ўлим сони ва асосий сабабларга қаратилган бўлиб, бу давр ҳақида етарли маълумотларнинг йўқлигига бот-бот такрорланади. Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг расмий веб-сайти 2015 йилда очарчилик инглизлар томонидан қасддан содир этилган геноцид ҳаракати бўлгани айтилган мақолани чоп этди, унга кўра ҳодиса бўйича ҳужжатлар ҳақиқатни яшириш учун атайлаб йўқ қилинган.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0