Стартаплар Ўзбекистон учун қандай имкониятлар очади?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда стартаплар, IT-лойиҳалар, инновацион ва технологик ташаббуслар сони сезиларли даражада ортди. Ёшларда ғоя ва билим етарли, ташаббускорлик юқори. Аммо уларни амалга ошириш учун зарур молиявий ресурсларни жалб қилиш осон кечмаяпти.
Чунки анъанавий банк кредитлари бундай лойиҳалар учун ҳар доим ҳам мос келавермайди. Банклар кредит беришда гаров талаб қилади, фоиз тўловларига асосланади ва тез даромад келтирмайдиган, юқори рискли инновацион лойиҳалар учун бу тизим самарали эмас. Аксарият инновацион ғоялар бугун эмас, балки келажакда катта натижа бериши мумкин. Шу сабабли уларга қарз маблағлари эмас, балки шериклик асосидаги инвестициялар кўпроқ мос келади.
Муқобил инвестиция жамғармалари — янги молиявий механизм
Муқобил инвестиция жамғармалари анъанавий банк кредитларидан фарқли равишда маблағни юқори салоҳиятли лойиҳаларга улуш асосида киритишга асосланган молиялаштириш шакли ҳисобланади. Бунда инвестор лойиҳа муваффақиятидан фойда кўради, шу билан бирга рискларни ҳам тадбиркор билан тенг бўлишади.
Бундай жамғармалар, айниқса:
— стартаплар ва технологик компаниялар;
— IT ва рақамли иқтисодиёт;
— “яшил” технологиялар;
— илмий ишланмаларни тижоратлаштириш соҳаларида самарали восита ҳисобланади.
Энг муҳими, мазкур молиялаштириш модели инновацион ғояларни чекламайди, аксинча, уларнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратади.
Халқаро тажриба нимани кўрсатмоқда?
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, энг ривожланган инновацион иқтисодиётлар айнан муқобил инвестиция жамғармалари ҳисобига шаклланган. Масалан, АҚШда венчур фондлар Google, Apple ва Tesla каби йирик компанияларнинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Исроил эса “стартаплар давлати” сифатида бутун дунёга танилган бўлиб, бу ерда давлат ва хусусий инвестиция жамғармалари инновацияларни тизимли равишда қўллаб-қувватлайди. Сингапурда эса муқобил инвестиция фондлари давлат иқтисодий стратегиясининг муҳим қисмига айланган ва миллий технологик бизнесни халқаро бозорга олиб чиқишда муҳим роль ўйнамоқда.
Бу мисоллар инновация учун қулай молиявий муҳит яратилганда иқтисодий натижалар узоқ куттирмаслигини яққол намоён этади.
Ўзбекистон учун қандай имкониятлар очилади?
“Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиёти учун қатор муҳим имкониятларни яратади:
— стартап ва инновацион лойиҳалар учун янги молиялаштириш манбалари шаклланади;
— хорижий инвесторлар учун аниқ ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратилади;
— ёшларнинг билим ва ғоялари иқтисодий қийматга айланади;
— иқтисодиётда рақобат ва технологик янгиланиш суръати ошади.
Бу жараёнлар янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
Қонунни тез қабул қилиш — давр талаби
Бугунги глобал рақобат шароитида инновациялар вақтни кутмайди. Агар зарур ҳуқуқий механизмлар кечикса, истиқболли ғоялар ўз аҳамиятини йўқотиши ёки бошқа мамлакатларга кўчиб кетиши мумкин. Шу боис мазкур қонун лойиҳасини тез ва пухта ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш нафақат молия соҳаси, балки бутун иқтисодиёт келажаги учун стратегик аҳамиятга эга.
Жаҳонгир Собитхонов
Тошкент давлат юридик университети
Тадбиркорлик ва корпоратив ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0