Самарқанд чигиртка хавфидан холими?
Глобал иқлим ўзгариши табиат ва наботот оламини тобора жиддий исканжага олмоқда. Унинг ножўя таъсири бугун ҳар қадамда яққол сезилмоқда. Бу йил гарчи чорвачилик учун нисбатан қулай келган бўлса-да, бошқа ташвишлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, сўнгги «янгилик» Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинди. Айтишларича, чорвага юқумли оқсил (яшур) касаллиги таҳдид солаётган бир шароитда яна бир муқаррар хавф – чигирткалар «лашкар тортиб» келаётган эмиш...
Бу зараркунандаларга қарши курашиш тизимли ташкил этилаётган бўлса-да, унинг хавфидан тўлиқ халос бўлиш имкони ҳали топилганича йўқ. Минтақамиз чигирткалар кўпайиши ва тарқалиши учун жуда қулай. Шу боис тухум қўйиб, чорва учун асосий озуқа манбаи ҳисобланган яйловларга жиддий зарар етказмоқда.
Самарқанд вилоятининг қатор туманларида чигирткаларнинг тез суръатларда кўпайгани кузатилмоқда. Бу эса яқин ойларда хавф янада кучайиши мумкинлигидан далолат беради.
Келинг, шу ўринда ўтган йилги чигиртка билан кураш тарихига бир назар ташлайлик. Вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан февраль-март ойларида 70 минг гектар майдонда кузатув-назорат ишлари амалга оширилган эди. Шу аснода 66 минг гектар майдонга кимёвий ишлов бериш режалаштирилганди.
Амалда эса бундан бир неча баробар кўп майдонларда зарарли ҳашаротга қарши курашишга тўғри келди. Бу эса хавфни аввалдан аниқ баҳолаш ҳар доим ҳам осон эмаслигини кўрсатди. Ҳарқалай, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида хавф бартараф этилди ва чигиртка балоси жиловланди.
Яқинда Қўшработда бўлганимизда жорий кўкламдаёқ чигирткалар яна хавф туғдираётгани ҳақидаги нохуш хабарни эшитдик. Маҳаллий аҳоли тумандаги тоғолди яйловларнинг пастқам қисмларида чигиртка галалари ҳаво исишини кутиб, кенг миқёсли ҳуружга ҳозирлик кўраётганини айтишмоқда. Бу вазиятга бефарқ қараб бўлмаслигидан дарак беради.
Хўш, чигирткалар «жангга» шайланаётган бир шароитда, уларга қарши кураш хизмати қай даражада ҳозирлик кўрган?
– Жорий йилда 75 минг гектар майдон кузатувга олиниб, шундан 27 минг 800 гектарда чигирткалар пайдо бўлиши башорат қилинган эди, – дейди Самарқанд вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бош агрономи Жамол Абдуғаниев. – Кўкламда 17 минг гектар яйловда чигирткалар кўпайиши аниқланиб, ҳозирга қадар 16 минг гектардан ортиқ майдонга кимёвий ишлов берилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, чигирткаларнинг кўпайиши ҳозирча Булунғур, Қўшработ, Нуробод ва Иштихон туманларида кузатилган. Мазкур ҳудудларда 6 та пикап, 12 та трактор, 2 та сув ташувчи автомашина ҳамда қарийб 400 та қўлда пуркагич воситаси орқали зараркунандаларга қарши чоралар кўрилган.
Айни пайтда соҳа мутахассисларидан иборат гуруҳлар тоғ ва тоғолди ҳудудларда мунтазам кузатув ишлари ўтказмоқда. Саъй-ҳаракатлар чигирткалар кенг тарқалишининг олдини олса, ажаб эмас.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0