+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Нодира Ғоибназарова: «Меҳнат муҳофазаси каска ва техникадан иборат эмас»

28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни. Шу муносабат билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳар йили ўз шиорини эълон қилади. Масалан, ўтган йилни «Сунъий интеллект даврида меҳнат хавфсизлиги: янги чақириқлар ва ечимлар» деб номлаган бўлса, 2026 йилда бу сана «Соғлом психологик-ижтимоий меҳнат муҳитини таъминлайлик» шиори остида ўтиши эълон қилинди. Меҳнат жабҳасида психологик-ижтимоий муҳитнинг аҳамияти, мамлакатимизда бултур меҳнатни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда кўрсаткичларни таҳлил қилиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Ғоибназарова билан мулоқот уюштирдик.
44 14:48 | 25.04.2026 14:48


– Нодира опа, 2026 йил учун «Соғлом психологик-ижтимоий меҳнат муҳитини таъминлайлик» шиори танланишига нима сабаб, деб ўйлайсиз? Бу масала юртимизда қанчалик долзарб?


– Бугунги кунда меҳнат муносабатлари кескин ўзгаряпти, рақобат кучаймоқда, иш юкламалари ортиб бормоқда. Рақамли технологиялар эса инсондан доимий диққат ва тезкорликни талаб қилади. Оқибатда ходимларда стресс, руҳий чарчоқ ва касбий касалликлар кўпаймоқда. Шунинг учун Халқаро Меҳнат Ташкилоти айнан психологик-ижтимоий муҳитга урғу бермоқда. Чунки соғлом муҳит бўлмаса, техника хавфсизлиги ҳам тўлиқ самара бермайди. Яъни бугунги жамиятда каска эмас, соғлом муҳит кўп нарсани ҳал қилмоқда. Инсон ўзини хавфсиз ва қадрланган ҳис қилмаса, муваффақиятли ишлай олмайди. Масалан, иш жойидаги босим ва депрессия оқибатида ҳар йили 840 минг киши вафот этади. Дунё иқтисодиёти эса йилига 1 триллион зарар кўрмоқда. Бир йилда ўртача 12 миллиард иш куни йўқотилмоқда. Дунё ишчиларининг 20 фоизи ўзини ёлғиз ҳис қилади. 41 фоизи эса ҳар куни иш вақтида стресс ҳолатларига дуч келишини таъкидлаган. Мана шу кўрсаткичларнинг ўзи ҳам иш жойларида соғлом психологик-ижтимоий меҳнат муҳитини ривожлантириш қанчалик зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис 28 апрелнинг айнан мазкур шиор билан ўтказилаётгани айни муддао, деб ўйлайман.


Масала юртимиз учун ҳам долзарб. Чунки мамлакатимизда меҳнат бозори жадал ўзгаряпти. Унда ёшлар улуши юқори, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳалари кенгаймоқда, рақобат кучаймоқда. Бундай шароитда инсон омили, яъни ходимнинг руҳий ҳолати ва иш муҳити ҳал қилувчи кучга айланади. Халқаро тадқиқотларга кўра, иш жойидаги стресс ва руҳий босим меҳнат унумдорлигини ўртача 15–20 фоизга пасайтиради. Айрим ҳолатларда бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин. Корхонада яхши техника ва технология бўлса-ю, носоғлом муҳит ҳукмронлик қилса, катта иқтисодий йўқотишлар юзага келади. Айрим жамоаларда ходимлар алмашинуви юқорилиги кўп ҳолларда маошдан эмас, балки носоғлом муҳит, раҳбар билан муносабат ёки доимий босим билан боғлиқ бўлади. Бу эса корхона учун қўшимча харажатга – янги ходимни ўқитиш ва мослаштиришга вақт йўқотишга олиб келади.


Яна бир муҳим жиҳат – хавфсизлик. Амалиёт шуни кўрсатадики, руҳий чарчоқ ва стресс ҳолатида ишлаётган ходимларда хато қилиш эҳтимоли кўпроқ. Айниқса, бу саноат, қурилиш ва транспорт соҳаларида жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бугун меҳнат муҳофазаси фақат ходимларга каска ва техника бериш билан чекланиб қолмаяпти.


– Амалиётда ходимлар кўпроқ қандай психологик босимларга дуч келишмоқда? Ўзбекистонда бу борада энг кўп учрайдиган муаммолар нималардан иборат?


– Психологик босим шакллари деярли барча давлатларда ўхшаш, фақат намоён бўлиш даражаси ва очиқлиги фарқ қилади. Дунёда кенг тарқалган муаммолардан бири бу ортиқча иш юкламаси ва доимий стресс. Масалан, Европа давлатларида ходимларнинг қарийб ярми иш жойини стресснинг асосий манбаи сифатида кўрсатишади. Бу асосан қаттиқ дедлайнлар мавжудлиги ва вақт босими, иш-ҳаёт мувозанати бузилаётганида кўринади.


Иккинчи жиддий муаммо – жамоавий психологик босим. Бу ходимга қарши мунтазам равишда қийин талаблар қўйиш, уни камситиш, яккалаб қўйиш ёки ишдан сиқиб чиқаришга қаратилган ҳаракатлар бўлиб, инсонда депрессия, хавотир, уйқу бузилиши ва ишдан қониқмасликни келтириб чиқаради. Масалан, ўтган йили Ҳиндистонда АT соҳасида ишловчи муҳандис ўз жонига қасд қилган ва буни меҳнат муҳофазаси масъуллари иш жойидаги узлуксиз психологик босим билан боғлашганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ишчиларнинг чарчоқ ҳолатида юриши 10 йил олдин 30-40 фоиз бўлган бўлса, бугунга келиб 70-75 фоизга етган. Дунёда ҳар йили 1,9 миллионга яқин инсон иш билан боғлиқ касаллик ва жароҳатлар туфайли вафот этмоқда. Бу жуда катта рақамлар бўлиб, аллақачон глобал муаммога айланган.


Ўзбекистонга келсак, биздаги муаммолар ҳам шу тенденцияларга жуда яқин, аммо айрим ўзига хос жиҳатлари бор. Биринчидан, амалда баъзи жойларда ҳануз «қаттиқ бошқарув» услуби сақланиб қолган. Бу эса ходимда қўрқув, ишончсизлик ва руҳий босимни келтириб чиқаради. Иккинчидан, ходимларнинг вазифалари ноаниқлиги боис уларга ортиқча иш юклаш ҳолатлари кўп учрайди. Бу доимий стресс ва тушунмовчиликларга сабаб бўлади. Учинчидан, кадрлар қўнимсизлиги. Амалиётда кузатиляптики, айрим ташкилотларда ходимлар иш ҳақи эмас, балки жамоадаги носоғлом муҳит сабаб ишни тарк этмоқда. Тўртинчидан, психологик муаммоларни очиқ муҳокама қилмаслик. Бизда кўпинча стресс ёки руҳий чарчоқ муаммо эмас, оддий ҳолат, деб қабул қилинади. Бу эса муаммони чуқурлаштиради. Қисқаси, психологик босим кўзга кўринмас, лекин жуда хавфли омил. У нафақат инсон саломатлигига, балки иш самарадорлиги ва хавфсизликка ҳам таъсир кўрсатади. Юртимизда мазкур масала тобора очиқ муҳокама қилинаётгани яхши. Навбатдаги асосий вазифа муаммоларни тизимли равишда ҳал қилишдир.


– Ташкилот-корхоналарда соғлом психологик муҳит яратиш жараёнларида касаба уюшмалари қандай иштирок этмоқда?


– Касаба уюшмалари, аввало, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали психологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Масалан, иш вақтининг меъёрлаштирилиши, дам олиш ҳуқуқининг таъминланиши ва адолатли меҳнат шароитлари яратилишида уларнинг иштироки жуда муҳим. Негаки, бу омиллар тўғридан-тўғри ходимнинг руҳий ҳолатига таъсир қилади.


Шунингдек, касаба уюшмалари жамоадаги муаммоларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишда воситачи вазифасини ҳам бажаради. Ходим кўпинча ўз муаммосини айтолмаслиги мумкин. Аммо касаба уюшмаси орқали уни етказиш имконига эга. Ҳақиқий касаба уюшмаси раиси иш жойидаги бундай муаммоларни кўра олиши ва икки томон манфаатидан келиб чиққан ҳолда тўғри ечим топиши зарур. Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан психологик саломатликка оид тренинглар, семинарлар ва маърифий тадбирларни ташкил этиш ҳам муҳим. Боиси, мазкур тадбирлар ходимларда стрессга чидамлилик, ўз муаммосини тўғри йўл билан айта олиш, мулоқот маданияти ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиради.


Муҳим масалалардан яна бири жамоа шартномалари. Уларда меҳнат шароитлари, иш вақти, дам олиш тартиби ва ижтимоий кафолатлар белгилаб қўйилган. Касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари жамоа шартномаси бандлари бажарилиши учун барча чораларни кўриши лозим. Чунки ҳужжат ходимлар саломатлиги, иқтисодий ва моддий манфаатдорлигини таъминлашга қаратилгани учун ҳам унинг бажарилишининг ўзиёқ энг катта стресслар олдини олувчи омил бўлади.


– Ўтган йилда мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қандай энг муҳим ишлар амалга оширилди? Меҳнат соҳасида бахтсиз ҳодисалар кўрсаткичи қандай бўлди?


– Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўтган йилда бир қатор амалий ишлар бажарилди. Корхона ва ташкилотларда жамоатчилик назорати кучайтирилиб, касаба уюшмаси фаоллари иш жойларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини мунтазам ўрганиб боришди.


Аниқланган камчиликлар бўйича иш берувчиларга 238 та (касаба уюшмалари томонидан - 566 та) тақдимномалар киритилди. Ходимлар учун меҳнат хавфсизлиги бўйича 6 мингдан (касаба уюшмалари томонидан - 400 дан ортиқ ўқув семинарлари ва тушунтириш ишлари ташкил этилди. Айниқса, хавфли соҳаларда(қурилиш, саноат) ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш масаласи назоратга олинди. Бахтсиз ҳодисалар юз берганда, касаба уюшмалари уни ўрганишда иштирок этиб, 961 нафар (касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда 306 нафар) жабрланган ишчи ҳимоя қилинди ва уларга компенсация олишда кўмаклашилди. Бахтсиз ҳодисалар кўрсаткичига келсак, 2025 йилда 849 та (касаба ушмаларига аъзо ташкилотларда -254 та) бахтсиз ҳодиса юз бериб, унда 961 нафар (касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда 306 нафар) одам жабрланган бўлса, 248 нафар (касаба уюшмаларига аъзо ташкилотларда 69 нафар) ўлим ҳолати қайд этилди. Бунинг асосий сабаблари иш жойларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани, айрим иш берувчилар томонидан меҳнат муҳофазасига иккинчи даражали масала сифатида қаралгани, ходимларнинг етарли даражада ўқитилмагани ва ортиқча иш юкламаси ҳамда чарчоқдир. Рақамлар ундан олдинги йилларга нисбатан бироз яхшиланганига қарамасдан, ҳолат ҳамон жиддий. Шунинг учун, бундан кейин ҳам жамоатчилик назоратини тизимли давом эттириш, корхоналарда касаба уюшмаси ролини ошириш, иш берувчиларнинг масъулиятини кучайтириш ва ходимларни меҳнат хавфсизлиги бўйича мунтазам ўқитиш энг муҳим вазифаларимиз бўлиб қолмоқда.


– Ходимлар ва иш берувчиларга уларнинг меҳнат муҳофазаси ҳамда ижтимоий-психологик меҳнат шароити юзасидан қандай тавсиялар берасиз?


– Бугунги кунда иш вақти тугагандан кейин қолиб ишлашга мажбур бўлиш, дам олиш имкониятининг чеклангани ва ходим фикри инобатга олинмаслиги стресс, чарчоқ ва ҳатто депрессияга олиб келмоқда. Шунинг учун ходим соғлиғи ва ҳуқуқларини биринчи ўринга қўйиши керак. Иш жараёнида белгиланган танаффуслардан фойдаланиш, ортиқча юклама берилганда бу ҳақда эътирозини очиқ айтиши, хавфли ёки ноқулай шароитда ишлашга рози бўлмаслик керак. Агар иш жойида таҳқирлаш, босим ёки турли зўравонлик ҳолатлари кузатилса, буни яширмасдан, дарҳол раҳбарият, кадрлар бўлими ёки касаба уюшмасига билдириш лозим. Энг муҳими, ҳар бир ходим ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини унутмаслиги шарт.


Иш берувчилар эса меҳнат муҳитини фақат иш натижаси билан эмас, балки инсон саломатлиги ва руҳий ҳолати билан ҳам баҳолаши керак. Ходимларга меъёрий иш вақти ва ҳақиқий дам олиш имкониятини яратиш, ортиқча иш юкламасини камайтириш, раҳбарлар ва ходимлар ўртасида ҳурматга асосланган соғлом муносабатни шакллантириш муҳим. Жамоада адолат, очиқ мулоқот ва хавфсиз муҳит таъминланмаса, нафақат ходимнинг саломатлигига, балки корхонанинг иш самарадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтсам, ишчи ҳуқуқини билиб, ўзини асраши, иш берувчи эса инсон қадрини ҳамма нарсадан устун қўйиши лозим. Ана шундагина самарали ва хавфсиз меҳнат муҳити шаклланади.



Зебо НАМОЗОВА суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид