Энг фаол электромонтёрлар аниқланди
“Ўзбектелеком” акциядорлик жамияти Марказий филиалининг 1-боғламасида “Энг фаол электромонтёр” танловининг республика финал босқичи бўлиб ўтди. Дастлаб ҳудудий босқичларда компания филиалларида фаолият юритаётган 500 нафардан ортиқ ходим ўзаро беллашди. Якунда энг юқори натижа кўрсатган 12 нафар мутахассис финалга йўл олди.
Финал босқичида иштирокчилар назарий билимлари билан бир қаторда амалий кўникмаларини ҳам синовдан ўтказди. Хусусан, уларга интернет тармоғини реал шароитда улаб кўрсатиш вазифаси топширилди. Жараёнда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланиш ва иш сифатига алоҳида эътибор қаратилди.
– Касбимиз диққат ва масъулиятни талаб этади. Ҳатто кичик эътиборсизлик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳар биримиз учун муҳим, – дейди иштирокчи Нозим Раҳмонов.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг амалий ишлари, хавфсизликка риоя этиши ҳамда назарий тест натижаларини комплекс баҳолади. Якунда барча мезонлар бўйича юқори натижа кўрсатган жамоа ғолиб деб топилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай танловлар ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш, билим ва тажрибасини бойитиш ҳамда илғор иш услубларини кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0