Валюта UZS
  • USD

    12 777.52-54.29

  • EUR

    14 590.65-15.8

  • RUB

    161.54-2.21

+22C

+22C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+22c

  • Hozir

    +22 C

  • 22:00

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Dushanba, 09-June

+22C

  • Hozir

    +22 C

  • 22:00

    +22 C

  • 23:00

    +21 C

  • Dushanba, 09

    +22 +20

  • Seshanba, 10

    +28 +20

  • Chorshanba, 11

    +28 +20

  • Payshanba, 12

    +28 +20

  • Juma, 13

    +29 +20

  • Shanba, 14

    +30 +20

  • Yakshanba, 15

    +31 +20

  • Dushanba, 16

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Экологик инқироз, сабабчи ким?

Дунё иқтисодиёти алғов-далғов бўлаётган бир шароитда инсоният бунданда ташвишлироқ, хатарлироқ хавф қаршисида қолди. Анча фурсатдирки уфиқда бўй кўрсатаяпти, дея баҳолаб келинган экологик инқироз кўз ўнгимизда номаён бўлмоқда.
132 13:31 | 08.06.2025 13:31

Сувдан хўжасизларча фойдаланишимиз, дов-дарахтларни кесишимиз, дарёларнинг ўзанларини аёвсиз қазишимиз оқибатидаги йўқотишларнинг ўрнини қоплаш тобора имконсиз бўлиб бормоқда.


Табиатдаги мувозанатни сақлаб қолиш, экологик этика, онгни шакллантириш ҳаракатига тушганимизга кўп бўлмади. Энг муҳими интилиш, ҳаракат бор. Келажак авлодларга яшил ва соғлом муҳит қолдириш учун уринаяпмиз. Мамлакатимизда илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асносида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, табиий ресрусларни муҳофаза қилиш ҳаракатида бўлинаяпти. Айниқса ҳар йили 200 миллион тупдан дарахт ва бута кўчатлари ўтқазиш ҳаракати бесамар кетмаяпти. Сўнги тўрт йилда 872 миллион туп ниҳол ўтқазилди. Жорий йилда ерга қадаган ниҳолларни қўшганда бир миллиард юз миллион туп дарахт ўтқазиб қўйибмиз. Бу саъйи ҳаракатлар бир кун келиб ўз натижасини бермасдан қолмайди.


−Атмосфера ҳавоси таркиби 78 фоиз азот, 20 фоиз кислород ҳамда турли зарарли газлардан иборат,−дейди эколог Орифжон Мизомов.−Цивилизация юксалгани сайин ҳаво таркибидаги мувозанат муттасил бузилиб бормоқда. Атроф-муҳитнинг яшилликка бурканиши эса зарарли газлар таъсирини камайтириб, кислород миқдори ошишига хизмат қилади. Бу оддий ҳақиқатни бугун ҳамма англаб етиб бўлди. Шундан келиб чиққан ҳолда одамларда дарахт экиш ва парваришлашга бўлган муносабат анча ўзгарди.


Кўчат экиш “лалми” ташаббус эмас


Самарқандликлар ҳам яшил майдонлар улушини кўпайтириш ҳаракатини бир зум ҳам сусайтиргани йўқ. Биргина жорий йилнинг кўкламида ўн миллион тупдан ортиқ кўчатлар ўтқазилди. Кейинги йиллардаги ҳаракат боис яшиллик қамровининг миқдори ҳар юз минг аҳолига 21,4 фоизни ташкил этмоқда. Энг муҳими экилган кўчатларни кўкартириб олиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Вилоят Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқарма ва бўлимлари экилган ниҳоллар парвариши устидан жиддий назорат ўрнатган.


− Мамлакатимизда экологик маданиятни шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу йўналишда қабул қилинган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси”, табиатни ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишимизни таъминлайди. Бу муҳим ҳужжат орқали 2030 йилгача давлат органлари, шу жумаладан 3,3 миллион мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, 4,2 миллион мактаб ўқувчиларида экологик тафаккурни ривожлантириш кўзда тутилмоқда,−дейди Самарқанд вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Шерали Искандаров.−Тан олиш керак, бу борада ҳали жамиятимизда жиддий нуқсонлар бор. Энг ачинарлиси, “Яшил макон” лойиҳаси ижросида ўз меҳнати ва ўзгалар меҳнати қадрига етмаслик, экилган ниҳоллар парваришини ўз ҳолича ташлаб қўйиш ҳолатлари оз эмас.


Биргина май ойининг ўзида ўнлаб ҳудудларда миллий лойиҳа доирасида экилган дарахт кўчатлари қаровсиз қолдирилган ёхуд пайхон қилинган. Масалан, Пахтачи туман Тома МФЙ ҳудудидан кесиб ўтувчи М-37 автомагистрал йўли ёқасида Йўлкўкалам унитар корхонаси томонидан экилган манзарали ва мевали дарахтларга шу ҳудуда яшовчи фуқаро Р.Ш.га тегшли уч бош қорамоллари жиддий зарар етказган. Шунингдек, тумандаги 4,13,14,15,28 умумтаълим мактаблари, 3,20,22,24,25,33 давлат мактабгача таълим муассасалари, Оқдарё туманидаги 7,43 умумтаълим мактаблари, Каттақўрғон туманидаги 55,100 умумтаълим мактаблари, Иштихон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги ташкилотлари ҳудудида экилган ниҳолларнинг бир қисми сақлаш, парвариш қилиш чоралари кўрилмаслиги натижасида қуриб қолган. Пахтачи ва Нарпай туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни тақдир измига ташлаб қовжиратиб қўйганини қандай баҳолаш мумкин. Ёки Иштихон тумани Хумо МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 йўли ёқасига экилган арчалар, Пахтачи туман экология бўлими давлат инспекторлари томонидан аниқланган, қовжираган 29 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг уволига кимнинг гарданида? Каттақўрғон шаҳар Меҳиржон маҳалласида ҳудудига экилиб, қуриб қовжираб кетган турли хилдаги мевали ва манзарали дарахтларга кимнингдир жони ачийдимикан? Тўғри, юқорида келтирилган барча ҳолатларга экологлар томонидан “муносиб” баҳо берилган. Аммо масаланинг кишини ўйлантирадиган томонлари ҳам йўқ эмас. Ҳали кўкламнинг ўтган бир ойида шунча талофат. Саротонда аҳвол қандай бўлади? Наҳотки экилди, тикилди, дея маълумотларни безаш билан мурод ҳосил бўлса!!!


Ҳамон ўша ўшамиз


Иқлим инқирози сабабларидан яна бири, табиатга бўлаётган хўжасизларча муносабатларга бориб тақалади. Йиллар давомида дарё ўзанларини ковлаб тош, қум қазиб олиш оқибатида сув йўлларининг шағалли қисми батамом йўқотилди. Мамлакатимизнинг 5 та вилоятини сув билан таъминлаб келган, 887 километрлик узунликка эга Зарафшон дарёси ўзани бемисл чуқурлашиб, сув сатҳи пасайиб кетди. Оқибатда қирғоқбўйидаги табиат ва ноботот оламига катта зарар келтирилиб, ҳудуд таъбий релфи ўз хусусиятини йўқотиб бўлди.


− Пайдар пай қазишмалар оқибатида Равотхўжа сув омборидан то Самарқанд тегерасидаги дарё кўпригача бўлган етмиш саксон чақримлик масофа оралиғида 6-7 миллион куб метр шағал етишмовчилиги юзага келган,−деган эди экология фахрийси Тўрахон Ҳошимов бир суҳбатда.− Табиий ресрусларга тўйинган, табиатдаги мавжуд элементларни тўғридан тўғри далага оқизиб келган Зарафшоннинг тақдири ҳам инсон аралашуви туфайли тобора мавҳумлашиб бормоқда.


Тўғри диёримиздаги дарёлардаги қазишмаларга мароторий ўрнатилгач тош, қум ва шағал қазиш ишлари бироз тартибга тушди. Аммо ҳамон пана пастақамда пайт пойлаб қум ва шағалларни ўғринча қазиб олиш пайига тушаётганлар йўқ эмас. Биргина ўтган май ойида экологлар кўзини шамғалат қиламан деганларнинг қанчаси қўлга олинди. Пахтачилик экологлар томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Навоий вилоят Навбаҳор тумани Ялтиробод МФЙ яшовчи фуқаро И.И. қўлга олинди. У дарё ўзанидан фойдали қазилмалар бўлмиш қум – шағални ўзига тегишли техника воситасида қазиб, юк ташувчи техникаларга юклаётган чоғда қўлга олинган. Самарқанд туманидаги соҳа вакиллари Гулобод МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига шу маҳаллада яшовчи фуқаро Н.Б. томонидан “уя” қуриб олганлиги аниқланди. Гарчанд у бу қилмиши учун аввалда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан хурмача қилиғидан воз кечмаган. Каттақўрғон туман Жонкел МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Қ.Э. эса шу ердан оқиб ўтувчи Оқамур каналини чуқалаб қорақум ковлаб олишга ружу қўйганлиги аниқланди. Норуда қазилма бойликларга чанг солганларнинг бирортаси муқаррар жазодан бенасиб қолган эмас.


Табиат кушандаларининг яна бир тоифаси борки, уларга на гап, на тушинтириш кор қилаётган бўлса. Самарқанд шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекторлари ва Миллий гвардия ҳодимлари ҳамкорлигидаги назорат тадбирларида март ойининг бир кунида 9 ҳолатда белгиланмаган жойларга маиший ва қаттиқ чиқиндилар ташлаётган шахслар аниқланган эди. Энг қизиғи кузатув камералари “кўз ўнги”да шаҳарни қастдан ифлослантиришга уринаётган ҳолатлар бор. Биргина апрель ва май ойларида ана шундай 97 нафар фуқароларга кескин чоралар кўрилишига мажбур бўлинган. Оқдарё ва Самарқанд туманида яшовчи фуқаролар М.И. ҳамда Г.А. лар ўзларига тегишли транспорт воситаларида белгиланмаган жойга қаттиқ ва қурилиш чиқиндиларини тўкаётганлик пайтида ушлаб олинган.


Мўмай даромад илинжида атроф муҳитга зарар келтириб бўлсада бойишни хуш кўрувчилар ҳам йўқ эмас. Самарқанд туманининг Бўзи-2 маҳалласида ғиш ишлаб чиқарувчи тадбирокорнинг қилиғи ҳаммасидан ошиб тушган. У хумдонда автомобилларнинг яроқсиз ҳолатга келган шиналарини ёқиш орқали ғишт пиширишни йўлга қўйган. Мўркондан чиққан заҳарли тутут атрофга қўланса ҳид таратиш баробарида атроф муҳитнинг ифлосланиши, ҳуддуда яшовчи аҳоли саломатлиги жиддий путур етказишга ҳам сабаб бўлганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Бизда экологик маданиятнинг қай даражада “гуркираб” кетганига юқоридаги мисоллар бир ишора,холос.


Остонамиз покиза бўлсин


Чўпон ота тепаликлари этагидаги “пляж” мақомини олган кўлни (МАН заводи тегарасида) Самарқандлик ёшу-қари яхши хотирлайди.Бундан анча йиллар йил илгари ҳам бу маскан саратонда анча гавжум бўларди. Зрафшон дарёсидан сизиб чиққан сув ҳисобига мўтадиллик касб этган кўл ҳудуди ёввойи табиат, ҳатто турли қушлар макон тутганини ҳам кўрганмиз. Ҳатто бир пайтлари ушбу чўмилиш масканида яратилган сунъий оролчаларида завқланганлар ҳам бор. Кейинги ўн йилликда бу маскандан файз кетди. Йигирма гектарга яқин майдон қурилиш ва маиший чиқиндилар маконига айланди. Кўхна кентнинг бўсағасидаги “барпо” этилган чиқиндилар “мозори” кўзга ҳам дилга ҳам маҳзунлик солади. Ўйга толмасдан ҳеч илож йўқ. Самарқанддек донғи дунёга кетган шаҳар остонасидаги бу ивирсиқ не ҳол. Наҳотки муттасаддилар бу масканга бир қур назар ташлашга имкон топмаётган бўлса.


Нақл қилишларича Соҳибқирон Амир Темур Кавказ ўлкасидаги бир қалъани ишғол қилишда жуда қийналган экан. Шунда Самарқандга чопар жўнатиб Бибихонимга мазкур воқеликни баён этиб маслаҳат сўраган дейишади. Шунда малика подшоҳдан келган чопарни ёнига олиб Чўпон ота тепаликлари оша Зарафшон дарёси ўнг қирғоқ бўйига ўтади. У отдан тушиб қирғоқ бўйидаги барча юлғун, чакалакларни битта қўймасдан юлдириб топ тоза майдон ҳосил қилади. Сўнгра бу майдонга ёш ниҳолларни ўтқазиб парваришлашни буюрган экан. Саройга қайтгач чопарга ҳукумдор ҳузурига қайтишга изн беради. Чопар ундан мактубнинг жавобини сўраганида подшоҳга кеч нимани кўрган бўлсанг ҳаммасини ипидан игнасигача қолдирмасдан айтиб бер дейди. Чопар Амир Темурга малика мактуб ёзмаганини аммо кўрганларини айтиб беришини сўраганини айтади ва Зарафшон бўйидаги воқеликни сўзлайди. Буюк амир кўп ўтмасдан кўплаб саркардаларини вазифасидан озод қилиб ўрнига ёш саркардалар тайинлаб ўша қалани бир кунда ишғол қилган экан. Маликанинг донолиги шундаки хат билан фикрини айтганида, чопар сотиб қўйиб лашкарбошиларга вазифадан кетишини етказиб қўйса подшога осон бўлмаслигини тушинган. Шу боис ҳам унча мунча одам тагига етаолмайдиган амал орқали маслаҳат берган. Айтмоқчи бўлганимиз қалъанинг ишғол қилиниши-ю, маслаҳат ҳақида эмас балки Бибихонимдек ақли расо момоларимизнинг пойқадами теккан масканларнинг хароб хор аҳволда қолаётганида. Билмадик юқорида баён қилганимиз балки бир афсонадир, Аммо Самарқанднинг остонаси тўзғиб ётгани ҳақиқат.


Нурилла Шамсиев,
“Ишонч”


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид