Иш жойидаги кўнгилсизликлар сабаб 840 мингдан зиёд инсон соғлигини йўқотган
Марказий Осиё мамлакатларида меҳнатнинг ижтимоий-психологик шароитларини яхшилаш масаласи доирасида Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътиборга молик.
— Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ишлаб чиқариш натижаларидан кўра, аввало ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини устувор қўйиш тамойилига асосланади. Сўнгги йилларда тизим фақат оқибатларни бартараф этишдан эмас, балки меҳнат хавфларини олдиндан бошқариш йўналишига ўтган.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосини янгиланган Конституция, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун ташкил этади. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ушбу тизимнинг муҳим бўғини сифатида жамоатчилик назоратини амалга оширади. Корхоналарда сайланган ваколатли шахслар цехларда эркин текширув ўтказиш ва қонунбузилишларни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.—дейди эксперт Нодира Ғоибназарова.
Халқаро меҳнат ташкилоти ҳар йили 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни учун махсус мавзу ва шиор белгилайди. Бу ташаббус иш жойларида хавфсизлик маданиятини оширишга қаратилган. Ўзбекистонда эса ушбу шиор миллий шароитга мослаштирилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Маълумотларга кўра, меҳнат соҳасидаги замонавий ўзгаришлар, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш иш жараёнларини бошқариш ва назорат қилиш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Шу билан бирга, масофавий ва гибрид иш шакллари, турли шартномавий муносабатлар ҳам кенгаймоқда. Бу эса иш жойларидаги ижтимоий-психологик муҳитга бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, психо-ижтимоий хавф омиллари ҳар йили юрак-қон томир касалликлари ва руҳий бузилишлар оқибатида 840 мингдан ортиқ инсон ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, бу омиллар миллионлаб иш кунларининг йўқотилишига ва катта иқтисодий зарарларга сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, иш жойидаги ортиқча юклама, стресс, вақт танқислиги, номаълумлик ва заиф мулоқот каби омиллар ижтимоий-психологик муҳитга салбий таъсир кўрсатади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0