Иккинчи COVIDми ёки ортиқча ваҳима? Круиз кемаларида тарқалаётган ҳантавирус нима ўзи?
Май ойи бошида Аргентинадан Кабо-Верде томон йўл олган MV Hondius круиз лайнерида ҳантавирус аниқлангани ҳақидаги хабарлар жаҳон жамоатчилигини хавотирга солди. Кема бортидаги 147 нафар йўловчидан саккиз киши касалланган, уч киши эса вафот этган. Улар орасида 69 ёшли нидерландиялик эркак ва унинг турмуш ўртоғи, шунингдек, 69 ёшли британиялик фуқаро бор.
Ҳозирда лайнер Испания соҳиллари томон ҳаракатланмоқда ва Tenerife ороли портида тўхташи кутилмоқда. Барча йўловчи ва экипаж аъзолари карантинга олинган. Вирус ҳақидаги хабарлар тарқалишидан аввал кемани тарк этган ўнлаб одамлар эса турли давлатлар соғлиқни сақлаш идоралари назоратига олинган.
Орадан кўп ўтмай, 8 май куни Исроилда ҳам ҳантавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди. 9 май куни эса яна бир круиз кемасида 110 дан ортиқ одам вирус юқтиргани маълум бўлди. Бу хабарлар ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, айримлар ҳатто “янги пандемия” ҳақида гапира бошлади.
Хўш, ҳантавирус ўзи нима?
Ҳантавирус — асосан кемирувчилар орқали юқадиган хавфли вируслар гуруҳи ҳисобланади. Вирус инсонга кўпроқ сичқон ва каламуш каби ҳайвонларнинг ажралмалари орқали юқади. У оғир ўпка ёки буйрак касалликларини келтириб чиқариши мумкин.
Касалликнинг дастлабки белгилари одатда вирус юққанидан икки-тўрт ҳафта ўтиб намоён бўлади. Беморларда иситма, бош оғриғи, мушакларда оғриқ, кўнгил айниши, қусиш, диарея ва кучли чарчоқ кузатилади. Ҳозирча вирусга қарши махсус дори мавжуд эмас, беморларга қўллаб-қувватловчи даволаш усуллари қўлланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳантавирус COVID-19 каби осон тарқалмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Мария ван Керхове “бу иккинчи COVID эмас” дея таъкидлаб, вирус илмий жиҳатдан яхши ўрганилганини билдирди.
Шу билан бирга, Лотин Америкасида учрайдиган Андес штамми инсондан инсонга юқиши мумкин бўлган ягона ҳантавирус тури ҳисобланади. Аммо бундай ҳолат жуда кам учрайди ва узоқ муддатли яқин мулоқотни талаб қилади.
Ижтимоий тармоқларда эса ҳантавирус атрофидаги ваҳима тобора кучаймоқда. Айниқса, 2012 йилда микробиолог Жейсон Тетро томонидан ёзилган бир фикр қайта оммалашди. У ўз вақтида: “Агар ҳақиқий пандемия қилмоқчи бўлсангиз, ҳантавирусни одамдан одамга юқадиган қилинг”, деган гапни эшитганини ёзган эди.
Бу гаплар бугун яна муҳокамалар марказига чиққан бўлса-да, мутахассислар ҳозирча глобал пандемия хавфи ҳақида гапиришга асос йўқлигини айтмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0