Андижондаги дала ҳовлида нарколаборатория аниқланди
Божхона қўмитасининг Тошкент ва Андижон вилоятлари божхона бошқармаларининг Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бошқармалари ҳамда Ички ишлар идоралари вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган йирик нарколаборатория фаолиятини фош қилишди.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида олдиндан кузатувга олинган шахс тўхтатилиб, текширилганида унинг ёнида 2 минг сўмлик купюрага ўралган ҳолатда 0,13 гр. “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланади.
Ушбу шахснинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги йўл четида жойлашган омбор кўздан кечирилди. Натижада бу ерда 5 дона металл ва елим идишларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётганлиги аниқланди.
Тезкор тадбирда яна 2 нафар шахс шубҳа остига олиниб, яширин кузатилганида улар турли манзил ҳаволалар бўйича кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 кг. кукун кўринишидаги прекурсорларни яширилган жойидан олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боришади.
Тезкор тадбир давомида ушбу дала ҳовли ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда яширин нарколаборатория ташкил қилингани фош бўлди.
Дала ҳовлида жами 26 кг. оғирликдаги “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси, номаълум кимовий суюклик шаклидаги 5 турдаги 590 литр прекурсорлар сақланаётганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, ушбу 2 нафар шахс ижтимоий тармоқлардаги “Саймон” лақабли молиявий раҳнамоси кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига ушбу дала ҳовлини сотиб олишган ва нарколаборатория ташкил қилган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0