Қамоқ, ичкилик ва шон-шуҳрат: афсонавий футболчи Роналдиньо қисмати
Унинг истеъдодини ҳатто Месси ва Криштиану Роналдудан ҳам юқорироқ баҳолашади. Лекин Роналдиньо барқарорлик ва изчиллик бобида бу икки юлдузга тенг кела олмади. Интизомсизлик ва кўнгилхушликлар футболчининг фаолиятида эрта пасайишга олиб келди. Аммо “кичик Роналдо” шу қисқа муддатда ўзидан унутилмас из қолдириб кетди. Унинг кучли техникаси, такрорланмас финтлар спорт тарихида энг гўзалларидан бўлиб қолди. Қуйида “эрта сўнган” бразилиялик истеъдод — Роналдиньо ҳақида гаплашамиз.
Роналдиьо Жоао да Силва Морейра ва Дона Мигуалина оиласида туғилган. У оиладаги учинчи фарзанд эди. Отаси кемасозлик заводида оддий ишчи бўлиб ишлаган ва кейинчалик “Гремио” футбол клубининг автотураргоҳида қўриқчи бўлиб ишлаган. Онаси Дона Мигуалина сотувчи бўлиб ишлаган, аммо ҳамшираликка ҳам ўқиганди. Футбол кичик Роналдога отаси туфайли таниш бўлган. Отаси илгари маҳаллий ҳаваскорлар жамоаси “Крузейро”да ўйнаган. Оила Порту Алегренинг энг нуфузли маҳалласидан узоқроқда, Вила Нова кўчасида яшаган. Бўш вақтларида отаси ўғлига футбол асосларини ўрганишга ёрдам берган.
Етти ёшида Роналдиньо Алберто Торрес де Вила Нова коллежига ўқишга кирган, аммо дарслар тугаши билан у дўстлари билан футбол ўйнаш учун ташқарига югурарди. Дарслар бўлмаганда эса кун бўйи тўп тепиш билан машғул бўларди. Дўстлари уйга кетганларида ҳам Роналдиньонинг шериги - Бомбон исмли ити бор эди. Бироқ, футболчи бўлиш учун у жиддийроқ ўқиши керак эди. Шундай қилиб, бола Лангендонк спорт мактабига ўқишга кирди. 1988 йилда оиланинг отаси ва асосий таъминотчиси тўсатдан вафот этди. Жоао да Силва бассейнда сузаётганида юраги тўхтаб қолди.
Роналдиньонинг акаси Роберто де Ассис оилага ғамхўрлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олди. У укасидан тўққиз ёш катта эди ва аллақачон “Гремио” билан шартнома имзолаган эди. Клуб унга бутун оила кўчиб ўтиши учун Гуаруианинг ҳашаматли ҳудудидан уй берди. Кейинчалик Роналдино интервьюларида акаси ҳақида меҳр билан гапирди, у аслида унинг отаси каби бўлиб қолганди. Бундан ташқари, у футболда қандай муваффақиятга эришишнинг тирик намунасига эга эди. 11 ёшида Роналдиньо “Белу Оризонти” ёшлар жамоасида ўйнай бошлади, шу билан бирга пляж ва футзалда ҳам ўзини синаб кўрди. Бу маҳоратларнинг барчаси кейинчалик унга фаолиятида яхши хизмат қилди. Бир турнирда унинг “Белу Оризонти” жамоаси тенгдошлари жамоасини 23:0 ҳисобида мағлуб этди. Роналдиньо жамоасининг барча голларини урди ва маҳаллий матбуотда тилга тушди.
15 ёшида ёш футболчи “Гремио” ёшлар жамоасига қўшилди. Жамоа Гаучо лигасида турли муваффақиятли натижалар қайд этди. Икки йилдан сўнг Роналдиньога асосий жамоа билан шартнома таклиф қилинди. Бироқ, ҳужумчининг номи 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг машҳур бўлди, у терма жамоа учун бир нечта голлар урди. Ҳамма янги юлдуз пайдо бўлаётганини англади. 1998 йилда Роналдиньо жамоасининг асосий таркибида Бразилия чемпионати ва Рио Гранде до Сул штати чемпионатида, шунингдек, Либертадорес кубогида дебют қилди. Кўп ўтмай, у умумжаҳон эътирофи, асосий таркибда мустаҳкам ўрин ва унвонларга эришди. 1999 йилда “Гремио” штат чемпиони бўлди. Роналдиньо жамоада уч мавсум давомида ўйнади, турли турнирларда 145 та ўйинда майдонга тушди ва 82 та гол урди. Унинг шуҳрати Бразилиядан ташқарига ҳам ёйилди.
Инглиз клублари унга қизиқиш билдиришди, аммо ҳужжат масаласи сабаб трансфер амалга ошмади. Шу сабабли, Лондоннинг “Арсенал”и ва бошқа клублар рад этилди. Музокаралар давом этаётган эди, трансфер суммалари 2001 йилда 20 миллион евродан 80 миллион еврогача етди. Бироқ, тез орада Роналдиньо ПСЖ билан олдиндан шартнома имзолагани маълум бўлди.
Ўша пайтда ПСЖ бугунги кундагидек кучли эмасди. Роналдиньо французлар сафида дебютини 2001 йил кузида ўтказди. Дастлаб у асосий таркибда вақти-вақти билан майдонга тушди, аммо қишки танаффусдан сўнг у кетма-кет тўртта ўйинда гол уриб, ўзининг тўлиқ салоҳиятини намойиш эта олди. Мураббийлар штаби янги келган футболчига кўпроқ ишонишни бошлади ва у турли мусобақаларда 13 та гол уришга муваффақ бўлди. Унинг иккинчи мавсуми ҳам сермаҳсул ўтди. Бироқ, жамоа лигада 11-ўринни эгаллади ва Лига Кубоги финалида “Осер”га ютқазди ва сўнгги дақиқада ҳал қилувчи голни ўтказиб юборди. Роналдиньо клуб билан беш йиллик шартнома имзолади, аммо ПСЖда ҳеч қачон катта ютуқларга эриша олмаслигини англади.
Шу вақтда “Барселона” варианти пайдо бўлди. Дастлаб, каталонияликлар Дэвид Бэкхэм билан шартнома имзолашга умид қилишган эди, аммо инглиз футболчиси “Реал Мадрид”ни танлади. Кейин эътибор Роналдиньога қаратилди. Музокаралар чўзилди, аммо охир-оқибат томонлар 32 миллион евродан сал кўпроқ пул тўлашга келишиб олишди. 2003-2004 йилги мавсум “Барселона” учун унчалик муваффақиятли бўлмади, жамоа Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллади, аммо бу жамоанинг янги ўйинчиси учун ажойиб мавсум бўлди. Роналдиньо жароҳатга қарамай, мавсум охирида Ла Лиганинг энг яхши хорижлик ўйинчиси деб топилди. Кейинги йил эса Испания чемпионлиги қўлга киритилди. Бразилиялик футболчи яна порлади ва Европанинг энг яхши футболчиси сифатида “Олтин тўп”ни олди. “Барселона” раҳбарияти футболчи билан яна шартнома имзолашга қарор қилди. Янги шартнома 2010 йилгача имзоланди ва сотиб олиш учун товон пули 85 миллион еврони ташкил этди.
Каталония жамоасидаги иккинчи мавсумида Роналдиньо Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди ва Испания лигасидаги ўтган йилги муваффақиятини такрорлади. Шунингдек, у 26 та гол урди - бу унинг Каталониядаги фаолиятидаги энг яхши натижаси саналади. 2006-2007 йилги мавсум “Барселона” ва унинг ўйинчиси учун муваффақиятсиз бўлди. Жамоа лигада иккинчи ўринни эгаллади ва ФИФА Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалида мағлуб бўлди. Роналдиньо узоқ вақт давомида ўз формасини тиклаш учун курашди, бир нечта кичик жароҳатлар олди ва кейин тикланиши керак бўлди. Сўнгра футболчи “Милан”га ўтди. Аммо у Италияда бир текис ўйнай олмади. Шундан сўнг Роналдиньо ватанига қайтди. Аммо энди аввалгидек порламади. Бир пайтлар техникаси билан дунёни лол қолдирган ўйинчи ҳаттоки Ҳиндистонда футзал ўйнашга ҳам мажбур бўлди.
Футболчи Бразилия терма жамоасида ҳам катта муваффақиятларга эришди. Мамлакатнинг 17 ёшгача бўлганлар терма жамоаси билан Роналдиньо 1997 йилда Мисрда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Икки йил ўтгач, у Бразилия ғолиб бўлган Копа Америка мусобақасида порлади. 2000 йилда ҳужумчи Бразилия Олимпия терма жамоасига киритилди, аммо улар Сиднейда муваффақиятга эриша олмадилар ва плей-оффда Камерунга ютқаздилар. Унинг миллий терма жамоадаги фаолиятидаги энг ёрқин воқеа 2002 йилда Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этиши билан боғлиқ эди. Ўша йили жамоа бешинчи марта Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. 2005 йилда Роналдиньо Конфедерациялар кубогини қўлга киритди, финалда Аргентинани мағлуб этилди ва ҳужумчи турнирда тўртта гол урди.
Роннининг муваффақиятсизлигига шахсий ҳаётидаги муаммолар ҳам сабаб бўлди. У ҳаётида бир неча аёлларни учратди, аммо улар билан муқим яшамади. Шунингдек, у қонун билан кўплаб тўқнашувларга дуч келди, ҳатто ҳужжатларни қалбакилаштиргани ва чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун Парагвай қамоқхонасида олти ой ўтирди. Ўз ватанида у солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва қўриқланадиган табиий ҳудудларда кўчмас мулк қургани учун ҳам судга тортилди. Футболчи айниқса, коронавирус сабаб онасидан айрилганда қаттиқ тушкунликка тушди. Ўшанда дўстлари футболчи ичкиликка берилгани ҳақида кўп гапиришди. Айримларнинг айтишича, Роналдиньо тунги клублардан бери келмас, куну-тун алькоголли ичимликлар ичишга одатланган эди.
Бироқ охирги йилларда собиқ юлдуз ниҳоят ўзини қўлга олишга ва вазиятни бироз яхшилашга эришди. Роналдиньо дунёнинг бир нечта шаҳарларида ўз номи билан футбол академияларини очди ва Ronaldinho Soccer Coin деб номланган йирик криптовалюта лойиҳасини ишга туширди. Роналдиньонинг ўғли ҳозирда “Барселона” ёшлар академиясида ўйнайди.
Роннининг ўзи, ўз истеъдодини тўлиқ намойиш этмаган бўлса-да, фаолияти давомида бирданига Жаҳон чемпионати, Европа Чемпионлар Лигаси ва “Олтин тўп”ни қўлга киритган дунёдаги тўққиз нафар футболчидан биридир.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0