Жаҳонда хантавирус билан боғлиқ вазият қандай?
Сўнгги кунларда халқаро оммавий ахборот воситаларининг диққат маркази яна бир юқумли инфекция — хантавирусга қаратилган. Жанубий Атлантика океанида сузиб юрган "MV Hondius" халқаро круиз кемасида оғир пневмония оқибатида уч нафар йўловчининг вафот этгани дунё аҳлида "Янги глобал пандемия бошланяптими?" деган хавотирларни уйғотди.
Ваҳоланки, тиббиётга ўтган асрнинг ўрталаридан буён маълум бўлган бу вирус янгилик эмас.
У йиллар давомида муайян ёввойи кемирувчилар (сичқон ва каламушлар) орасида яшаб келмоқда ва маълум шароитлардагина инсонга юқиши мумкин.
Дунёдаги вазият қандай?
Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти (PAHO) ва АҚШнинг Назорат ва профилактика маркази (CDC) ҳисоботларига кўра, айни пайтда энг хавфли вазият Америка қитъасига тўғри келмоқда. Бу минтақада вируснинг ўпка тизимини шикастловчи оғир штамми тарқалган бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра, қитъадаги 8 та давлатда жами 229 та ҳолат рўйхатга олинган ва улардан 59 нафари вафот этган.
Бу ерда ўлим кўрсаткичи анча юқори — қарийб 25 фоиздан 40 фоизгачани ташкил этади.
Европа давлатлари, Россия ва Хитойда эса вазият анча енгилроқ. Бу ҳудудларда вируснинг асосан буйракни зарарловчи шакли учрайди. Европа Иттифоқи ҳудудида йилига ўртача 1800 дан 3000 гача ҳолат қайд этилса-да, ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида ўлим кўрсаткичи бор-йўғи 1 фоиз атрофида бўлади.
Ўзбекистондаги ҳолатга келсак, ижтимоий тармоқларда тарқалган турли ваҳимали хабарлар фонида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тезкор муносабат билдирди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, профессор Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, юртимизда хантавирус билан касалланишнинг бирорта ҳам ҳолати қайд этилмаган. Эпидемиологик вазият тўлиқ барқарор ва қатъий назорат остида.
Мамлакатимизга кириб келиш мумкин бўлган 53 та чегара-ўтказиш пунктларида кучайтирилган тиббий-санитария назорати йўлга қўйилган.
Касалликдан ҳимояланиш чоралари қандай?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хантавирус COVID-19 каби ҳаво-томчи йўли билан одамдан одамга осон тарқалмаслигини таъкидлайди. Инсон бу вирусни фақатгина кемирвучилар кўп бўлган ва узоқ вақт давомида тозаланмаган ёпиқ жойларда (ертўла, омборхоналар, архив хоналари, қурилиш объектларининг ёпиқ қисмларида) уларнинг қолдиқлари аралашган чанг билан нафас олгандагина юқтириши мумкин. Кўча-кўйда ёки оддий ҳаёт маромида юқиш хавфи йўқ. Қолаверса, вирус ташқи муҳитга ўта чидамсиз бўлиб, оддий қуёш нури, иссиқ ҳарорат ва уй шароитида ишлатиладиган оддий хлорли воситалар таъсирида бир неча сонияда ҳалок бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, хантавирус глобал хавф туғдирмайди ва ваҳимага ҳеч қандай асос йўқ. Меҳнат муҳофазаси ва оддий гигиена қоидаларига риоя қилиш — нафақат бу вирусдан, балки барча юқумли касалликлардан ҳимояланишнинг энг ишончли чорасидир.
ЎзЖОКУ талабаси Дилшода Зукурова тайёрлади




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0