Боку шаҳрида бош муҳаррирга қўйилган ҳайкал
Дунёда ҳайкаллар жуда кўп. Улар буюк ёзувчилар, шоирлар, давлат арбоблари, бир сўз билан айтганда халқи ва инсоният тамаддуни, ривожи йўлида беқиёс хизмат кўрсатган одамларга қўйилади.
Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги маҳаллий халқ тили билан айтганда «Ичери шеҳэр», яъни, эски шаҳар қисмида ўзига хос ҳайкал бор. У Озарбайжон матбуоти ва миллий журналистиканинг асосчиларидан бири – Ҳасан бэй Зардаби (Ҳасан бэй Салимбек ўғли Маликов)нинг ҳайкали бўлиб, маърифатпарвар 1875 йилда мамлакатдаги илк миллий нашр – «Экинчи» (Деҳқон) газетасини чоп этган. Зардаби 1842 йилда Зардаб қишлоғида туғилгани боис, матбуотдаги чиқишларига «Зардаби» тахаллусини танлаган.
У журналист, публицист ва мафкуравий етакчи бўлган. У «Экинчи» газетасини ҳам журналист, ҳам муҳаррир, ҳам ношир сифатида ёлғиз ўзи чиқарган ва турли ижтимоий ғоялар, таълим ва маданият тараққиёти учун курашган. Нашр 1875 йилдан бошлаб чоп этилган, аммо сиёсий босим ва цензура туфайли 1877 йилга келиб тўхтатиб қўйилган.
Ҳасан бэйга ҳайкал қўйилишининг боиси шундаки, у миллий матбуот ва фикр эркинлигига дастлабки қадамларни қўйган журналист-муҳаррирдир. У миллатни, тилни, таълимни ривожлантириш учун амалий ҳаракатлар олиб борган. Газетада асосий эътиборни камбағал аҳоли ва қишлоқ муаммоларига қаратган. «Экинчи»нинг бош мавзуси ҳам асосан қишлоқ одамлари ҳаёти бўлган.
Ҳайкал Озарбайжон халқ рассоми ва ҳайкалтароши Умар Элдоров томонидан ишланган бўлиб, унда бош муҳаррир ва публицист-ношир қўлида газета ушлаб ўтирган ҳолда тасвирланган. Бугун Бокудаги эски шаҳарга саёҳат қилган туристлар албатта ушбу ҳайкал олдида тўхтаб расмга тушишади. Гидлар эса миллатнинг жонкуяр фарзанди Ҳасан бэй Зардаби ҳақида, унинг миллий матбуотга қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб беришади. Зеро, миллат учун қилинган фидойилик ҳеч қачон унутилмайди.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0