Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилиб, қизлар камаймоқда: дунёда вазият қандай?
Дунё бўйича Осиё қитъасида аҳоли сони энг кўп: 4,8 миллиард ёки дунё аҳолисининг 58,7 фоизи. Осиёда эркаклар улуши аёллар улушидан ошиб кетади: 50,82 фоиз ва 49,18 фоиз нисбат.
Миллий статистика қўмитаси 1 июнь санасида қизиқарли маълумот тақдим этди. Унга кўра, 2026 йил 1 январ ҳолатига юртимизда 0–14 ёшдаги жами болалар сони 11 630 879 нафарни ташкил этган. Шундан ўғил болалар 6 030 736, қиз болалар эса 5 600 143 нафардир. Яъни 14 ёшгача бўлган аҳоли ичида қизлар ўғил болалардан нақ 430 минг нафарга камроқ бўлиб чиқяпти. Албатта, ёш катталашган сари фарқ камайиб боради. Умуман олганда, бутун Ўзбекистон бўйлаб эркаклар аёлларга нисбатан 300 минг нафар кўплиги айтилади. Мазкур масала қачондан бери глобал муаммога айланди?
Жаҳон мамлакатлари орасида аёллар ва эркаклар сони баланси бир хил эмас. Яқин Шарқ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва жануби-шарқий Осиёда эркаклар сони кўпроқ бўлса, Шарқий Европа, Болтиқбўйи, Америка ва Африка давлатларида аёлларнинг улуши бироз кўпроқ. Албатта, бу қатор тарихий ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, айни дамда дунё аҳолиси сонида эркакларнинг улуши 50,3 фоизни, аёлларнинг улуши эса 49,7 фоизни ташкил этади. Шуни таъкидлаш керакки, эркакларнинг улуши аёлларникидан ортганига ярим асрдан ошган. Илгари, 1950 йиллардан 1970 йилларга қадар вазият бошқача эди: аёллар эркаклардан кўпроқ эди. Бу ҳолат 1971 йилгача давом этди, шундан кейин бу нисбат ўзгарди. 2025 йилда дунё аҳолиси 8,23 миллиардга етди. Бу аввалгига нисбатан 0,841 фоизга ўсишни англатади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолининг ўсиш суръати аста-секин пасаяди. 2082 йилдан бошлаб эса камая бошлайди.
Дунё бўйича Осиё қитъасида аҳоли сони энг кўп: 4,8 миллиард ёки дунё аҳолисининг 58,7 фоизи. Осиёда эркаклар улуши аёллар улушидан ошиб кетади: 50,82 фоиз ва 49,18 фоиз нисбат. Океания аҳолиси энг кам: 46,6 миллион. У ерда эркаклар улуши 50,08%, аёллар улуши эса 49,92%. Осиё ва Океания эркаклар аҳолиси аёллар аҳолисидан ортадиган ягона минтақалардир. Африкада эркаклар улуши 49,95%, Америкада 49,57%, Европада 48,3% ни ташкил қилади. Аёллар улуши мос равишда Африкада 50,05%, Америкада 50,43% ва Европада 51,7% ни ташкил қилади.
Дунё мамлакатлари орасида энг кўп эркак аҳолига эга давлатлар Яқин Шарқда жойлашган. Масалан, Қатар аҳолисининг 71 фоизини эркаклар ташкил этади, ундан кейинги ўринларда БАА, Кувайт, Мальдив ороллари, Баҳрайн ва Саудия Арабистони жойлашган. БААда эркакларнинг улуши 64 фоизга етади. Бундай демографик номутаносиблик фақатгина табиий омиллар ҳисобига содир бўлмаган.
Кузатувларга кўра, бу минтақада эркаклар сонининг кескин кўплигига асосий сабаб — қурилиш ва бошқа соҳаларга миллионлаб хорижлик эркак ишчиларнинг (мигрантларнинг) оқиб келишидир. Масалан, БААда туб аҳоли жами нуфуснинг атиги 11 фоизини ташкил этади (88 фоиздан ошиқ кишилар эса турли давлатлардан келган меҳнат муҳожирларидир. Улар орасида келиб чиқиши ҳиндистонлик ва покистонлик бўлганларнинг улуши юқори).
Дунёда энг кўп инсон истиқомат қилувчи икки давлат саналган Ҳиндистон ва Хитойда ҳам вазият анчагина мураккаб. Масалан, Ҳиндистонда эркаклар сони 761 млн кишини, аёллар эса 715,5 млн кишини ташкил этади (салкам 45 млнлик фарқ). Ўртадаги фарқ унча-бунча ўртача давлат аҳолисича чиқади. Хитойда эса эркаклар сони 720 млндан ортиқ, аёллар сони эса 690 млнга етмайди. Маълумки, Пекин узоқ йиллар давомида “бир оила бир фарзанд” сиёсатини юритиб келди. Мазкур сиёсат оқибатида мамлакатнинг демографияси жиддий равишда ўзгарди. Ҳозирда Хитой аҳолиси камайишни бошлаган, эркаклар сони эса аёллардан 30 млнга кўпроқ.
Аёллар улуши катта давлатлар қаторига эса Гонконг, Гваделупа, Мартиника, Молдова, Макао, Россия, Украина, Беларус, Арманистон, Литва, Зимбавбе каби давлатлар киради. Россия ва Украина аёллар улуши кўп энг йирик давлатлардан саналади. Ҳар иккала давлатда 100 нафар аёлга 86 тадан эркак киши тўғри келади. Шарқий Европа давлатларида мазкур демографик характер тарихий илдизларга эга. Бу Иккинчи жаҳон урушига бориб тақалади. Мазкур урушда собиқ совет давлатлари 27 млн киши қурбон берди, уларнинг салмоқли қисми эркаклар эди. Энг кўп ўлим ҳозирги Россия ва Украина ҳудудларида қайд этилди. Натижада ушбу ҳудудлар ҳануз мазкур жиҳатдан ўнгланмаётир. Аксинча, 2022 йилдан бери давом этаётган ўзаро уруш вазиятни баттар мураккаблаштирмоқда.
Бундан ташқари, Шарқий Европада эркаклар ўртасидаги ўлим даражасининг юқорилиги ва умр кўриш давомийлигининг қисқалиги кузатилади. Масалан, Россия, Беларус ва Латвияда аёллар эркакларга қараганда ўртача 10-11 йил узоқроқ яшайдилар. Эркаклар ўртасида юрак-қон томир касалликлари, зарарли одатлар (алкогол ва тамаки маҳсулотларини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш) ҳамда бахтсиз ҳодисалар туфайли эрта ўлим кўрсаткичи жуда юқори.
Баъзи давлатларда, хусусан Латвия, Литва, Арманистон ва Грузияда иқтисодий вазият сабабли меҳнатга лаёқатли эркак аҳолининг катта қисми пул топиш мақсадида хорижга (асосан Европа Иттифоқининг иқтисодий жиҳатдан бадавлат мамлакатларига) чиқиб кетади. Бу эса мамлакат ичида қолган аҳоли орасида аёллар фоизининг сунъий равишда баланд кўринишига олиб келади.
Шунингдек, дунёда аёллар ва эркаклар сони деярли мукаммал даражада тенг (50 га 50) бўлган ёки улар ўртасидаги фарқ жуда ҳам минимал (0,1–0,2 фоиз) бўлган давлатлар мавжуд. Франция: аҳоли таркибида эркаклар ва аёллар нисбати деярли идеал тенгликка яқин. Бир озгина фарқ билан аёллар улуши 51,2% ни, эркаклар эса 48,8% ни ташкил этади, лекин ёш ва ўрта авлод вакиллари орасида бу кўрсаткич роппа-роса 50/50 га тўғри келади.
Германия: Кўп йиллар давомида мувозанат сақланиб келаётган давлат. Бу ерда аёллар улуши тахминан 50,3 фоиз, эркаклар эса 49,7фоизни ташкил қилади. Буюк Британия: умумий аҳоли ичида эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқ 1 фоизга ҳам етмайди (тахминан 49,5 фоиз эркаклар, 50,5 фоиз аёллар).
Ўзбекистондаги вазият борасида нима дея оламиз? Юзаки қараганда вазият унчалик жиддий эмас. 2026 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 миллион 382 минг 685 нафарни ташкил этди. Шундан 19,1 миллиони аёллар, 19,3 миллиони эса эркаклардир. Лекин юқоридаги маълумотга кўра, яқин келажакда жинслар ўртасидаги фарқ катталашиб боради ва бу қатор муаммоларни юзага келтириши эҳтимоли мавжуд. Булар қаторида никоҳларнинг камайиши, туғилишнинг пастлаши каби муаммолар бор. Демография қонуниятларига кўра, дунёда ҳар доим қиз болаларга нисбатан ўғил болалар бироз кўпроқ туғилади (тахминан 100 қиз болага 105 ўғил бола). Аммо эркакларнинг ҳаёти давомида хавфли касблар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликларга кўпроқ чалиниши ҳисобига 30-40 ёшларга бориб бу кўрсаткич деярли тенглашади.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0