Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигига!
ПРЕЗИДЕНТ ТАШАББУСЛАРИ ҚОРАСУВДА ҚАНДАЙ ИЖРО ЭТИЛМОҚДА?
Самарқанднинг Қорасув мавзеси ҳақида эшитмаган одам кам бўлса керак. Расмий чиқишларда у «замонавий шаҳарсозлик намунаси», «келажак шаҳри», «янги Ўзбекистон тимсоли» сифатида тилга олинади. Ростан ҳам кечагина қақроқ ерлар ўрнида осмонўпар бинолар қад кўтарди. Қурилиш суръатига қарасангиз, гўё вақт билан пойга кетаётгандек.
Аммо бу ерда фақат бинолар қад ростлаганми ё одамлар ҳам яшайдими, деган савол юракни эзади. Аҳоли мурожаатига кўра, Қорасув-2 массивидаги 219-, 220- ва 221-уйлар атрофини кўздан кечирдик. Манзара ҳайратланарли. 16 қаватли бинолар шундай зич жойлаштирилганки, қўшнининг деразасида қайнаётган чой буғини ҳам кўриш мумкин. Ачинарлиси, болакайларнинг ўйнаши учун бир қарич майдон ажратилмаган.
«Инсон манфаати» деган тушунчани ҳар бир ислоҳотнинг бош мезони деб биламиз. Қорасувда эса «квадрат метр манфаати» устун келганга ўхшайди. Ўнлаб уйлар ҳудудида шу аҳвол. Айниқса, янги қуриб битказилган 219- ва 220-уйлар орасида на болалар майдончаси бор, на кексалар дам оладиган айвонча, на бир туп дарахт экиш учун муносиб жой...
Яна бир ажабланарли ҳолат. Ҳар бири 104 хонадондан иборат бўлган 16 қаватли ушбу уйларнинг чиқиш эшиги рўпарасида (20-30 метр масофада) юқори кучланишли электр подстанцияси ўрнатилган. Ҳолатни кўриб, лойиҳани тасдиқлаган комиссия аъзолари бу масофани бирор марта пиёда босиб ўтишганми ёки чизмада ҳаммаси чиройли кўрингани учун амалдаги ҳолатга кўз юмилганми, айнан болалар гавжум бўладиган супада хавфли подстанцияни ўрнатишга қайси юрак билан рухсат берилган, деган саволлар оғушида қоласиз.
Уйлар ҳали топширилмаган. Эрта-индин юзлаб оилалар кўчиб келади. Уларнинг фарзандлари қаерда тўп тепади? Онахонлар қаерда тин олади? Мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати амалга оширилаётган бир вақтда, Қорасув-2 массивида яшил ҳудудлар бир четда қолиб, бетон деворларга меҳр бериляпти.
Фожиали томони шундаки, бугунги хато учун эртага минглаб одамлар бадал тўлайди. Шаҳарсозликдаги бундай нуқсонларни бартараф этадиган идоралар қаерга қараяпти?
Нурилла Шамсиев
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0