Қурбон ҳайитида шифохоналар ва тез ёрдам узлуксиз ишлайди
Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликлар кетма-кет 5 кун дам олади. Шу муносабат билан байрам кунларида аҳолига тиббий хизматларни узлуксиз кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди.
27–31 май кунлари республика бўйлаб:
— туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги барча шифохоналар;
— ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳлари клиникалари;
— ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ҳамда ўткир қон-томир касалликлари марказлари навбатчилик асосида фаолият олиб боради.
Шу билан бирга, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий 13 та филиали ва қарийб 200 та аҳоли пунктидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида тунu кун навбатчи шифокор ва ҳамширалар хизмат қилади.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг 14 та ҳудудий филиали, 167 та станция, 63 та подстанция ҳамда 1 436 та таянч пунктида 2 860 дан ортиқ тез ёрдам бригадалари одатий тартибда ишлашда давом этади.
Шунингдек, мамлакатдаги барча туғуруқ ва болалар даволаш муассасалари ҳам байрам кунлари узлуксиз фаолият кўрсатади.
27 май куни Қурбон ҳайити намози адо этиладиган масжидларда ҳам тез тиббий ёрдам бригадаларининг навбатчилиги ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги байрам кунларида хизмат олиб бораётган барча тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдириб, аҳолидан айём кунларида ўз саломатлигига янада эътиборли бўлишни сўрамоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0