Телевизор синдириш мухлисликми?
Футбол мухлислари учун мағлубиятни қабул қилиш осон эмас. Айниқса, гап миллий терма жамоа ҳақида кетганда, майдондаги натижа миллионлаб одамларнинг кайфиятига таъсир қилади. Жамоа ютқазганда ижтимоий тармоқларда юқоридаги каби телевизор, ноутбук ёки бошқа техника воситаларини синдириб аламини олаётган одамларни кўриш мумкин.
Бундай ҳолатларни кўриб, бир савол туғилади: бу ҳақиқатан ҳам мухлисликнинг белгисими?
Спортда мухлислар кўпинча ўзини жамоа билан боғлаб қўяди. Жамоа ғалаба қозонса, буни шахсий ютуқдек қабул қилади, мағлубиятни эса ўз алами сифатида ҳис этади. Бу табиий ҳол. Аммо ҳиссиётга берилган ҳолда мол-мулкка зарар етказишни мухлислик деб баҳолаш қийин.
Бир неча дақиқалик жаҳл инсоннинг ўзига моддий зарар келтириши мумкин. Шу маънода бундай ҳаракатлар спортга муҳаббатдан кўра ҳиссиётни бошқара олмасликка кўпроқ ўхшайди. Яна бир жиҳат бор: ижтимоий тармоқлар кўпроқ кескин ва шов-шувли ҳолатларни намойиш этади. Миллионлаб мухлислар мағлубиятдан хафа бўлиб, оддий ҳаётини давом эттирса, айнан телевизор синдирган одамнинг видеоси оммалашади. Натижада энг кескин реакциялар умумий кайфият сифатида қабул қилинади.
Аслида мухлисликнинг қадри ғалаба кунлари эмас, қийин пайтларда билинади. Жамоани ютганда ҳам, ютқазганда ҳам қўллаб-қувватлаш, танқидни маданий шаклда билдириш ва келажакдаги муваффақиятларга ишониш мухлисликнинг етук кўринишидир.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0