Телеграмдаги “3 минг евро” ваъдаси: навоийлик меҳнаткаш қандай қилиб 50 миллион сўмдан айрилди?
Ижтимоий тармоқлар, айниқса, Telegram ва Facebook платформаларида “Юқори маошли иш”, “Виза 10 кунда”, “Ҳеч қандай ҳужжатсиз ишга жойлаштирамиз” мазмунидаги реклама эълонлари кун сайин кўпайиб бормоқда.
Ачинарлиси, бундай эълонлар ортида ким тургани, уларнинг ваколати бор-йўқлиги, иш берувчи ҳақиқатан мавжуд ёки йўқлиги кўпчиликни деярли қизиқтирмайди.
Қуйида келтирилаётган воқеа яқинда Навоий вилоятида юз берган бўлиб, бугун юзлаб фуқаролар тақдирида такрорланиб келаётган оғриқли ҳақиқатни очиб беради.
Азиз ака (исми ўзгартирилди) оддий меҳнаткаш эди. Оиласи, фарзандлари бор. Аммо ойлик маоши кундалик эҳтиёжларни зўрға қоплар, болаларининг келажаги ҳақидаги ўйлар эса уни тинч қўймасди.
Бир куни у Telegram орқали “Европада қонуний иш, ойига 3 000 евро маош” деган рекламага кўзи тушди. Эълон жуда ишонарли тузилган: чиройли суратлар, гўё ишлаётган “хурсанд юртдошлар”, гувоҳномалар, видеоизоҳлар… Ҳаммаси жойида эди.
“Бир марта уриниб кўрай, болаларим учун”, деб ўйлади Азиз ака.
Шу тарзда у рекламада кўрсатилган рақамга ёзди. Жавоб узоқ куттирмади. Ўзини расмий менежер деб таништирган шахс ҳужжатлар рўйхатини юборди. Барчаси жуда осон экани, фақат айрим расмий харажатлар борлиги айтилди.
Аввалига 7 миллион сўм. Кейин яна 8 миллион. Азиз ака қариндошларидан қарз олди, ишонч билан пул ўтказди.
— “Ҳали озгина қолди”,
— “Виза деярли тайёр”,
— “Иш берувчи келишувни якунламоқда”
каби ваъдалар билан у яна ва яна пул жўнатаверди. Вақт ўтиб, жами 50 миллион сўмга яқин маблағ тўлаб юборганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
Бир куни эса…
Telegramдаги чат очилмади. Рақам ўчирилган. Профил йўқ. Ҳеч қандай алоқа қолмади.
Аввалига Азиз ака ишонмади. “Бундай бўлиши мумкин эмас”, деди у. Юраги сиқилиб, Навоий вилояти Миграция агентлиги ҳудудий филиалига мурожаат қилди. Ҳодимлар ҳужжатларни кўриб, ҳаммасини тушунтириб беришди:
— Сиз, афсуски, фирибгарлар қурбони бўлгансиз…
Бу сўзлар Азиз ака учун оғир зарба бўлди. Қарзлар, кредитлар муддати яқинлашаётган, ишонч эса бир зумда вайрон бўлган эди.
Бу воқеа фақат бир Азиз аканинг эмас, балки бугун юзлаб фуқароларнинг тақдирида учраётган ҳолатдир. Фирибгарлар инсонларнинг ишонувчанлигидан усталик билан фойдаланишмоқда.
Улар қонунийлик ниқоби остида одамларни молиявий жарга улоқтиришяпти.
Мутахассислар таъкидлашича, хорижга ишлаш учун чиқмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро фақат Миграция агентлиги ёки лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари орқали ҳаракат қилиши лозим. Бу — энг тўғри, энг хавфсиз ва энг оқилона йўл.
Расмий ташкилотлар орқали қилинган ҳар бир қадам — сиз ва оилангиз келажаги учун кафолатдир. Интернетдаги ҳар қандай реклама эса аввал текширилиши, сўнг қарор қабул қилиниши шарт.
Ишонч бугунги кунда энг қиммат неъматлардан бирига айланди. Уни арзон ваъдаларга алмаштириб бўлмайди.
Хулосани ўзингизга қолдирамиз. Аммо огоҳ бўлиш — ҳар биримизнинг бурчимиз.
Умид Худойқулов,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0