Ташиевнинг Ўзбекистон билан тарихий келишувлардаги роли қандай бўлган?
Қирғизистон сиёсий майдонида сўнгги йилларда энг таъсирли шахслардан бири ҳисобланган Қамчибек Ташиевнинг лавозимдан олиниши бутун минтақада катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, у нафақат махсус хизмат раҳбари, балки амалда президентдан кейинги иккинчи сиёсий фигура сифатида қаралар эди.
Хўш, Ташиев ким? У қандай қилиб сиёсатга келди ва нима учун кутилмаганда лавозимдан кетди? Унинг Ўзбекистон билан тарихий келишувлардаги роли қандай бўлган? Бугунги мақоламизда ана шулар ҳақда сўз боради.
Оддий оиладан чиққан сиёсатчи
Қамчибек Ташиев 1968 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида туғилган. У оддий қишлоқ оиласида ўсган, болалиги тоғли ҳудудда жисмоний меҳнат ва қатъий интизомда ўтгани ҳақида кўп гапирилади.
Маълумотларга кўра, у олий таълимни Қирғизистонда олган, кейин иқтисод ва ҳуқуқ соҳаларида фаолият юритган. Илк меҳнат фаолияти тадбиркорлик ва маҳаллий бошқарув тизими билан боғлиқ бўлган.
Ташиев сиёсатга 2000 йиллар бошида кириб келди. У парламент депутати бўлиб сайланди ва тез орада миллий позицияси, кескин баёнотлари билан танилди. 2010 йилдаги сиёсий беқарорликдан кейин у хавфсизлик соҳасида муҳим лавозимларда ишлади. 2020 йил октябр воқеаларидан кейин эса мамлакатда ҳокимият ўзгариши жараёнида асосий фигуралардан бирига айланди.
2020 йилда у Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди ва шу лавозимда 2026 йилгача ишлади.
Миллий хавфсизлик раҳбари сифатидаги асосий ишлари
Ташиевнинг фаолияти даврида у уюшган жиноятчиликка қарши кескин кураш бошлагани билан танилди. Масалан, мамлакатдаги йирик криминал авторитетлардан бири йўқ қилингани унинг сиёсати ва қаттиққўллиги натижаси сифатида баҳоланади. Бундан ташқари у давлат амалдорлари томонидан ўзлаштирилган 300 миллард маблағни давлат бюджетига қайтаришга эришганди.
Бу жараён халқ орасида унинг обрўсини оширди. Кўпчилик уни “қаттиққўл, лекин тартиб ўрнатувчи раҳбар” деб қабул қила бошлади.
Ўзбекистон билан чегара масаласидаги тарихий келишувлар
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси сифатида Қамчибек Ташиев фақат куч ишлатар тизим раҳбари эмас, балки муҳим музокарачи сифатида ҳам намоён бўлди. У Ўзбекистон билан давлат чегарасини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро делегацияга раҳбарлик қилиб, ўнлаб йиллар давомида ҳал бўлмай келган муаммоларни ечиш жараёнида марказий фигурага айланди.
Энг мураккаб участкалардан бири Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ҳамда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ўртасидаги чегара ҳудудлари эди. Бу ерларда анклавлар, қишлоқ йўллари, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш, аҳолининг эркин ҳаракати каби масалалар узоқ йиллар давомида баҳсли бўлиб келган. Ташиев раҳбарлигидаги музокаралар натижасида бир қатор ҳудудлар аниқ белгилаб олинди, айрим жойларда эса ер алмашиш механизми орқали келишувга эришилди. Бу эса чегарада тез-тез юз бериб турадиган маҳаллий можароларни сезиларли камайтирди.
Ташиев иштирок этган энг шов-шувли келишувлардан бири – Кампиробод сув омбори (Ўзбекистонда Андижон сув омбори деб аталади) бўйича битим ҳисобланади. Бу масала ўнлаб йиллар давомида икки давлат ўртасидаги энг баҳсли нуқталардан бири бўлиб келган. 2022 йилда томонлар сув омбори Ўзбекистон балансида қолиши, қирғиз томонига ер участкалари ва компенсация механизмлари тақдим этилиши ҳамда сувдан биргаликда фойдаланиш тартиби бўйича келишувга эришди. Ташиев бу келишувни Қирғизистон парламентида шахсан ҳимоя қилган ва уни мамлакат манфаатларига мос келишини таъкидлаган.
Шунингдек, Фарғона водийсидаги майда анклав ва ярим анклав ҳудудлари бўйича ҳам келишувлар амалга оширилди. Аҳоли ўтиш йўллари, чорва йўлаклари ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш тартибга солинди. Бу қарорлар чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли ҳаётини анча енгиллаштирди.
Натижада 2023 йилга келиб Ўзбекистон ва Қирғизистон қарийб 1300 километрлик давлат чегарасининг деярли барчасини келишиб олганини маълум қилди. Мутахассислар бу жараённи Марказий Осиёдаги энг муҳим дипломатик муваффақиятлардан бири сифатида баҳолашмоқда. Кўп жиҳатдан бу натижада Ташиевнинг шахсий иштироки ва сиёсий иродаси муҳим омил бўлгани таъкидланади.
Нега халқ ишонч билдирди?
Ташиевнинг халқ орасида оммалашишининг бир неча сабаби бор. У аввало коррупция ва жиноятчиликка қарши қаттиқ сиёсат олиб борди. Миллий манфаатлар ҳақида очиқ гапирди. Кучли лидер образида намоён бўлди. Бунда унинг Президент билан яқин сиёсий иттифоқ олиб боргани ҳам катта ёрдам берган. Кўп йиллар давомида у президент билан сиёсий жиҳатдан ёнма-ён турадиган шахс сифатида қаралган.
Кутилмаган истеъфо сабаби ва Ўзбекистон билан муносабатларга таъсири
2026 йил 10 феврал куни президент Садир Жапаров Ташиевни лавозимдан озод қилди. Қизиғи шундаки, қарор қабул қилинган пайтда Ташиев Германияда даволанишда бўлган. Унинг ўзи ҳам истеъфони “кутилмаган қарор” деб атаган. Президент кейинчалик сабабни сиёсий зиддиятлар билан изоҳлади. Айтилишича, парламентда айрим гуруҳлар “президент томони” ва “генерал томони” деб ажралиб кетиш хавфи пайдо бўлган. Шу сабаб жамиятда бўлинишнинг олдини олиш учун қарор қабул қилинган.
Айрим таҳлилчилар эса бу қарор мамлакатда кучлар мувозанатини сақлаш мақсадида қабул қилинганини айтишмоқда. “Амалдорнинг ишдан кетиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкин?” деган саволга жавоб берадиган бўлсак, мутахассисларнинг фикрича, катта ўзгариш бўлиши кутилмайди. Чунки Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ҳозир институционал даражага чиққан. Яъни, фақат бир шахсга боғлиқ эмас.
Шунинг учун ҳам чегара ёки иқтисодий ҳамкорлик масалаларида кескин ўзгариш эҳтимоли кам.
Айрим таҳлилчилар эса Ташиев келажакда сиёсатга яна қайтиши ёки ҳатто президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлигини ҳам истисно қилишмайди.
Нима бўлганда ҳам Қамчибек Ташиев Қирғизистон сиёсий тарихида из қолдирган шахслардан бири бўлиб қолади. Унинг фаолияти даврида мамлакат хавфсизлик сиёсати кучайди, жиноятчиликка қарши кураш кескинлашди ва қўшни давлатлар билан муносабатларда муҳим келишувларга эришилди. Аммо сиёсатда энг кучли фигуралар ҳам бир кунда саҳнадан кетиши мумкинлиги яна бир бор исботланди.
ЎзЖОКУ талабаси
Рушана Зарпуллаева
тайёрлади




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0