Тарих, техника ва кутилмаган кашфиётлар — туркиялик болалар нигоҳида
Туркиядан Ўзбекистонга саёҳатга келган бир гуруҳ болажонлар бугун Тошкент бўйлаб таассуротларга бой кунни ўтказишмоқда.
Самарқанд саёҳатидан кейинги илк манзил пойтахтимиздаги Касаба уюшмалари тарихи музейи бўлди. Меҳмонлар бу ерда Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг шаклланиш тарихи, фаолияти, тарихий бинолари ва турли даврларда тизимда меҳнат қилган инсонлар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.
Кейинги манзил эса Политехника музейи бўлди. Бу ерда болажонлар юртимизда турли йилларда ҳаракатланган автомобиллар, трамвай ва троллейбуслар, шаҳарнинг аввалги транспорт инфратузилмаси билан танишишди.
Музейнинг физика ва иллузиялар оламига бағишланган қисми эса болажонларда янада катта қизиқиш уйғотди. “Сеҳрли” хоналарда бўйлар ўзгариб кўринди, кўзгулар эса одатий тасаввурларни чалғитди. Турли тажрибалар орқали шамол ва товушнинг тарқалиш тезлиги каби физик ҳодисалар ҳам амалда синаб кўрилди.
Тарихдан техникагача, оддий кузатувдан ҳайратли тажрибаларгача — бугунги кун болажонлар учун ҳам қизиқарли, ҳам фойдали ўтди.
Куннинг якунида эса уларни Тошкент Cити боғида сув устидаги концерт дастури кутиб турибди. Мусиқа, чироқлар ва Тошкентнинг гўзал манзаралари билан тўла оқшом туркиялик меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳақидаги ёрқин хотираларига яна бир саҳифа қўшади. Эртага эса кичик саёҳатчилар Туркияга қайтишади. Аммо улар билан бирга Ўзбекистондан янги таассуротлар, янги билимлар ва илиқ хотиралар ҳам кетади.
Зебо Намозова,
Жасур Соликов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0