Тақлид соясида қолаётган ўзлик
Кўчада кетаётган ўсмирларни кузатсангиз, кийиниши, муомаласи, ҳатто кулгиси ҳам ижтимоий тармоқларда кўринган қаҳрамонларни эслатади. Она тили билан бирга русча, инглизча ёки корейсча сўзлар аралашиб кетган. Чет тилларини билиш, албатта, давр талаби. Аммо ўз тилини менсимаслик ҳеч қачон замонавийлик белгиси бўла олмайди.
Бугун ҳар бир ёшнинг қўлида телефон. Энди саволни бошқача қўямиз: телефон орқали ёшларнинг онги кимнинг қўлига ўтмоқда? Ҳар куни Instagram, YouTube, TikTok каби платформалар орқали миллионлаб видеолар томоша қилинади. Улардаги алгоритмлар инсонни узоқроқ ушлаб қолиш учун ишлайди. Натижада қисқа, ҳиссиётга таъсир қилувчи ва тез истеъмол қилинадиган контентларга ўрганган болаларнинг диққатини китобга, тарихга ёки воқеаларни чуқур таҳлил қилишга қаратиш тобора қийинлашади. Бу фақат Ўзбекистонга эмас, бутун дунёга тааллуқли муаммо. Қолаверса, масала интернетда эмас, ундан қандай фойдаланишдадир.
Афсуски, айрим ёшлар хорижлик санъаткорлар, мусиқий гуруҳлар ёки блогерлар ҳаётини жуда яхши билишади, уларга ўхшашга интилишади. Машҳурларнинг исмлари ёзилган либослар кийишади, худди уларникидек тақинчоқлар тақишади. Лекин ўз миллатининг буюк фарзандлари ҳақида сўралса, жавоб беришга қийналади. Бу ерда муаммо хориж маданиятига қизиқишда эмас, ўз илдизига бефарқликдадир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Иймон» китобида мусулмонлар табобат, математика, кимё ва бошқа илмлар тараққиётига улкан ҳисса қўшишганини таъкидлайди. Тарихчилар ўрта асрларда мусулмон олимлари юнон илм-фанини сақлаб қолгани, уни бойитгани, кейинчалик Европа университетларига етиб боришига хизмат қилишганини қайд этадилар. Профессор Седилот ҳам мусулмонлар илм-фан тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлганини ёзади.
Бироқ биз тарихимиз билан фақат фахрланибгина қолмаслигимиз керак. Ўтмиш – мақтаниш учун эмас, масъулият учун керак. Аждодларимиз буюк бўлгани биз ҳам буюкмиз дегани эмас. Агар улар қолдирган меросни ўрганмасак, уни давом эттирмасак, буюк ўтмиш келажак учун фақат музей экспонатига айланиб қолади.
Бугун энг катта ахборот майдони – ижтимоий тармоқлар. Илгари минбардан айтилган фикрлар миллионлаб одамларга етиб бориши учун йиллар керак эди. Бугун эса битта қисқа видео миллионлаб томошабинга бир неча соат ичида тарқалиши мумкин. Демак, бугунги блогер кечаги маърузачидан ҳам каттароқ таъсир кучига эга. Шундай экан, нега тарихимизни сериаллар орқали оммалаштирмаймиз? Нега буюк алломаларимиз ҳаётини кино тилида ҳикоя қилмаймиз? Агар илм ва тарихни замонавий форматда етказмасак, ёшларнинг эътиборини бошқалар ўзига жалб этишади. Бу борада оила, мактаб, университет, зиёлилар, журналистлар ва давлат ташкилотлари биргаликда ҳаракат қилсагина натижа бўлади. Чунки миллий ғоя дарслик билан эмас, муҳит билан шаклланади.
Бугун биз «Китоб ўқи!» деб танбеҳ беришдан кўра, китобни қизиқарли қилиш ҳақида кўпроқ ўйлашимиз лозим. «Тарихни бил», деб айтишдан олдин, уни ҳис қилдиришимиз керак. Ёшлар маърузани эмас, ҳикояни эслаб қолади. Уларга факт эмас, маъно таъсир қилади.
Ҳар бир миллатнинг ўзлигини, аввало, хотираси сақлаб туради. Хотира эса тарих, тил, адабиёт, урфодат ва қадриятларда яшайди. Агар инсон ўз илдизини унутса, қаерга қараб кетаётганини ҳам англаши қийинлашади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда кўпчиликни ўйлантирадиган масалалардан бири айрим ёшларимизнинг ўзлигидан узоқлашиб, бошқа маданиятларга кўр-кўрона тақлид қилишидир.
Тақлид қилиш осон. Ўзлигини сақлаш эса билим, ғурур ва иродани талаб қилади. Биз дунёдан узилиб яшашимиз шарт эмас. Аксинча, илғор технологияларни, чет тилларини, илм-фан ютуқларини ўрганишимиз керак. Лекин бу жараён ўзлигимизни йўқотиш ҳисобига бўлмаслиги лозим.
Адолат БАХТИЁРОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0