+35C

+35C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Табиий интеллектингизни сунъийига бой берманг!

47 09:41 | 19.08.2026 09:41

Бугун сунъий интеллект ёрдамида бир неча сонияда матн ёзиш, видео тайёрлаш, ҳатто инсон овозини деярли айнан такрорлаш мумкин. Кеча технологик янгилик сифатида қаралган имкониятлар бугун журналистика, таълим, реклама, санъат ва кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланди.
Бироқ технология қанча тез ривожланса, ундан фойдаланиш маданияти ва масъулияти ҳақидаги саволлар ҳам шунча долзарблашмоқда. Айниқса, ахборот соҳасида. Бугун исталган одам хоҳлаган маълумотини тарқатмоқда. Ўзини блогер санаган борки, ҳар қандай воқеа-ҳодисани, медиа маҳсулотни чекловларсиз оммага ёймоқда.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда зиплайн учаётган қизнинг баландликдан йиқилиб тушгани акс этган видео муҳокамалар марказида. Ундан ҳавотир олган миллионлаб инсонларга муаллиф, шунчаки, “видеони СИ” да яратдим дея жавоб бериш билан чекланди. Бу каби ёшлар афсуски тармоқларда кун сайин кўпаяётгани кишини ўйга солмасдан қолмайди. Куни кеча Адлия вазирлигининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириб, шундай ёзди:
“Биз янги муаммо қаршисидамиз. Юз минглаб аудиторияга эга ва ахборот тарқатиш этикасини билмайдиганлар сунъий интеллектни ўрганиб олишди. Инстаграмда блогер қиз “Зиплайн узилиб кетди” деб видео тарқатди, кейин эса видеога “СИда қилинган” деган белги қўйганман, сунъий интеллектни ўргатувчи курсларимга ёзилинг” деб рекламани босди. СИ ўргатиш учун одамларни аввал алдаш шартмиди?


Парадокс шуки, СИ саводхонлиги курсини сотиш учун одамларнинг СИ саводхонлиги етишмаслигидан фойдаланиляпти. Яъни фейклар реклама самарадорлигининг бир қисмига айлантириляпти.
Албатта, масаланинг ҳуқуқий жиҳатига ваколатли ташкилотлар баҳо беради. Бир неча ой аввал Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқда реклама қонунчилигини бузган блогерлар бўйича маъмурий чора кўриб, ҳужжатларни судга юборган эди.


Лекин мен учун бундан ҳам муҳимроқ савол бор. Бугун СИ ёрдамида зиплайн узилганини кўрсатишяпти. Эртага кимдир шундай усулда “метро портлаганини” кўрсатади. Индинга бошқаси "мактабда ёнғин чиққанини", "самолёт қулаганини" ёки "машҳур инсон вафот этганини".... Ҳар бирининг бурчагига майда қилиб «СИ» деб ёзиб қўйса, шу билан масъулияти тугайдими? Албатта, йўқ.


Биз “СИ асрида контент яратувчининг аудитория олдидаги ахлоқий масъулияти қандай бўлади? Қандай оқибатларга тайёр туришимиз ва уларнинг олдини қандай олишимиз керак?” деган жиддий саволлар қаршисида турибмиз. Албатта, тақиқ ва жазолаш тарафдори эмасман, бу натижа беришига ишонмайман ҳам. Ўз билими билан пул топиб тирикчилик қилмоқчи бўлган аёлнинг йўлини тўсиш ҳам яхши эмас. Аммо мана шундай шов-шувли воқеалар (ахборот мавриди) баҳонасида бир тарғибот контенти чиқариб одамларга тушунтириб қўйиш зарур деб ўйлайман.


Ахборот тарқатувчиларга эса оддий сўзларда тушунтираман: СИни биламан деб босаверманглар, фаросатни ишлатиб, оқибатларини сал ўйланглар. Сизларнинг хайп-рекламангиз баҳоси жамиятга қимматга тушиши мумкин”. Дарҳақиқат, сохта ахборот энди шунчаки кимнингдир ҳазили ёки «хайпи» бўлиб қолмаяпти. У аллақачон реклама воситаси, аудиторияни жалб қилиш усули, ҳатто одамларнинг қарашлари ва қарорларига таъсир ўтказиш қуролига айланиб улгурди.


Контент кўпайди, аммо сифат-чи?
Илгари сохта сурат ёки видео тайёрлаш учун махсус билим, вақт ва маблағ талаб этиларди. Бугун эса сунъий интеллектга асосланган технологиялар бу жараённи анча осонлаштириб, ҳар қандай фойдаланувчи учун очиқликни таъминламоқда. Энг катта хавф олдида турганимизни чуқурроқ англашимиз учун, вазият шу тарзда давом этса,одамлар ҳақиқий далил ва хабарларга ҳам шубҳа билан қарай бошлаши мумкин. Чунки ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги чегара хиралашган жамиятда нафақат ахборотни, балки воқеликнинг ўзини ҳам англаш қийинлашади.


Яна бир муҳим жиҳат бор: бугун аудиториянинг медиа истеъмоли ҳам кескин ўзгармоқда. Одамлар анъанавий сериаллар ва одатий телемаҳсулотлардан кўра, сунъий интеллект ёрдамида яратилган қисқа сериаллар, роликлар ва турли ҳикояларга тобора кўпроқ қизиқмоқда. Айрим платформаларда бундай контентнинг кўрилишлар сони миллионлаб бўлаётгани эса жиддий саволни ўртага қўяди: жамиятда медиа маҳсулотга бўлган эҳтиёж шу қадар катта бўлдими ёки сунъий интеллект аудитория эътиборини ўзининг чекланмаган контент ишлаб чиқариш имконияти билан эгаллаб олмоқдами?


Аудитория СИ яратган сериалларни кўрмоқда


Энг ташвишлиси, масаланинг фақат миқдори эмас, мазмуни ва таъсири ҳақида ҳам жиддий ўйлаш вақти келди. Сунъий интеллектда ишланган ҳар қандай контент сифатли, тарбиявий ёки маънавий жиҳатдан мақбул дегани эмас. Аксинча, назоратсиз тарқалаётган айрим маҳсулотларда зўравонлик, енгил-елпи муносабатлар, ахлоқий меъёрларни менсимаслик ва ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сюжетлар ҳам учрайди.


Демак, бугун масала «сунъий интеллектдан фойдаланиш керакми-йўқми?» деган саволдан анча узоқлаб кетган. Сунъий интеллект яратаётган улкан ахборот оқимида инсон онги, айниқса болалар ва ёшлар нимани кўраётгани, нимани қабул қилаётгани ва бу контент уларнинг дунёқарашига қандай таъсир қилаётганида.


Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллектда яратилган медиа маҳсулотларнинг мазмуни, аудиторияга таъсири ва тарқатилишига доир аниқ меъёрлар, ёш тоифалари бўйича чекловлар ва масъулият механизмларини ишлаб чиқиш масаласини бугуннинг ўзида муҳокама қилиш вақти келди. Чунки контент ишлаб чиқариш тезлиги инсон уни англаб, саралаб ва назорат қилиб улгуришидан анча олдинлаб кетиши мумкин.


Бугун интернетда ахборот ҳажми мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Ҳар куни минглаб мақолалар, видеолар, суратлар, постлар ва турли медиа маҳсулотлар яратилмоқда. Сунъий интеллект эса бу жараённи янада тезлаштириб, бир неча дақиқада инсондан соатлаб меҳнат талаб қиладиган контентни тайёрлаш имконини берди.


Аммо энг муҳим савол шу: контент кўпайгани ахборот сифати ҳам ошганини англатадими? Афсуски, йўқ.
Аксинча, сунъий интеллект ёрдамида яратилган материалларнинг катта қисми бир-бирига ўхшаш, бир хил қолипдаги фикрлар, умумий хулосалар ва юзаки маълумотлардан иборат бўлиб бормоқда. Бир мавзу турли саҳифаларда турлича сарлавҳа билан чиқади, аммо мазмун деярли бир хил. Натижада ахборот кўпаймоқда, бироқ янги фикр, эксклюзив маълумот ва ҳақиқий таҳлил танқислашмоқда.


Бу эса журналистика ва умуман медиа соҳаси учун жиддий сигналдир.


Чунки журналистнинг вазифаси шунчаки матн ишлаб чиқариш эмас. Журналист воқеа жойига боради, одамлар билан суҳбатлашади, манба излайди, савол беради, шубҳа қилади, бир маълумотни бошқаси билан солиштиради, ҳужжатларни ўрганади, фактларни қайта-қайта текширади. Энг муҳими, у тайёр ахборотни такрорламай, воқеликнинг моҳиятини очишга ҳаракат қилади.


Сунъий интеллект эса матнни тез тайёрлаши мумкин, аммо у воқеа жойидаги муҳитни ҳис қилмайди, инсоннинг кўзидаги хавотирни кўрмайди, манбанинг гапидаги зиддиятни пайқамаслиги мумкин. Шунинг учун технология қанчалик ривожланмасин, журналистнинг энг катта қадрияти — далил ортидан бориш, ҳақиқатни излаш ва жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилиш қобилияти — ўз аҳамиятини йўқотмайди.


Сунъий интеллектнинг энг хавфли имкониятларидан бири — дипфейк. Бугун инсоннинг юзи, овози ва ҳатто ҳаракатларини сунъий тарзда ўзгартириб, ҳақиқатдан ажратиш қийин бўлган видео ва аудиоларни яратиш мумкин. Бунинг учун ҳатто тайёр видео ҳам шарт эмас — бир нечта сурат ва қисқа овоз намунаси кифоя.


Демак, инсоннинг қиёфаси ва овози унинг розилигисиз бошқа мазмундаги контентга «кўчирилиши» мумкин. Бу эса технология масаласидан аллақачон чиқиб, шахсий дахлсизлик, шаън-қадр-қиммат, обрў ва ҳуқуқ масаласига айланган.
2023 йил март ойида АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг гўё ҳибсга олинганини акс эттирувчи сохта суратлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Кейин улар сунъий интеллект ёрдамида яратилгани маълум бўлди. Аммо фейк экани аниқлангунча тасвирлар минглаб аудиторияга етиб бўлган эди.


2024 йил январь ойида эса машҳур қўшиқчи Тейлор Свифтнинг сунъий интеллектда яратилган сохта ва ахлоқсиз тасвирлари тарқатилди. Улар қисқа вақт ичида ўн миллионлаб кўриш ва репостларга эришди.
Бу мисоллар муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: фейкни кейин рад этиш — унинг дастлабки зарарини ҳар доим ҳам бартараф эта олмайди. Сохта ахборот бир неча сонияда тарқалади, уни инкор қилиш эса соатлар, ҳатто кунларни талаб қилади.


Сунъий интеллектнинг хавфи фақат ахборот билан чекланмайди. У фирибгарликнинг янги усулларини ҳам осонлаштирмоқда.


Бугун инсон овозини тақлид қилиш орқали яқин кишининг номидан қўнғироқ қилиш, раҳбар овозида ходимга топшириқ бериш ёки ҳамкорни пул ўтказишга ишонтириш мумкин.


Айниқса, пул айланмаси катта бўлган савдо ва қурилиш соҳаларида бундай усуллар жиддий хавф туғдирмоқда. Яқинда «Малика» бозорида суҳбатлашганимиз сотувчилардан бири ҳам шунга ўхшаш ҳолатни айтди. Унинг таъкидлашича, фирибгарлар дўкон раҳбарининг овозини тақлид қилиб, ҳамкорларидан қарийб 85 миллион сўм маблағни ўзлаштирган.


Бундай ҳолатда фирибгар ўзини корхона раҳбари ёки ишончли ҳамкор сифатида таништириб, ҳисоб рақамига пул ўтказиш, товарни қарзга бериш ёки буюртмани зудлик билан расмийлаштиришни сўраши мумкин.


Илгари шубҳали қўнғироқни рақам, овоз ёки нутқ услубидан пайқаш мумкин эди. Энди эса овознинг ўзи ҳам далил эмас.
Шу боис медиа криминалистикаси — яъни сунъий яратилган ва ўзгартирилган контентни аниқлаш, унинг манбаси ва ҳақиқийлигини текширишга қаратилган йўналишнинг аҳамияти кескин ортиб бормоқда.


Энг муҳими, жамият янги ахборот муҳитига мослашиши керак. Бугун ҳар бир инсон маълум маънода фактчекерга айланиши зарур. Ким юборди? Қачон олинган? Манбаси қаер? Овоз ҳақиқийми? Бошқа ишончли манбаларда ҳам борми? — ҳар бир шубҳали контентга шу саволларни бериш керак.


Шунингдек, мактабдан бошлаб медиа саводхонликни кучайтириш, журналистикада сунъий интеллектдан фойдаланишнинг аниқ меъёрларини белгилаш, шахсий маълумотлар, овоз ва тасвирдан ноқонуний фойдаланишга қарши ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарур.
Чунки энди масала шунчаки «расм ҳақиқийми?» деган саволда эмас. Асосий савол — биз кўраётган, эшитаётган ва ишонаётган нарсамиз ҳақиқатан ҳам содир бўлганми?


Медиага ишончни сақлаб қолиш асосий вазифамиз


Бугун ахборот ва медиа соҳаси мутасаддилари зиммасига тушаётган масъулият олдингидан-да муҳим. Зеро, сунъий интеллект имкониятлари кенгайиб, бир неча сонияда ҳақиқатга ўхшаш видео ва аудиолар яратиш мумкин бўлган шароитда ахборотни назоратсиз қолдириш жамият учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.


Айниқса, мазмуни ва манбаси текширилмаган видеоларнинг тез суръатда тарқалиши жамоатчилик фикрини чалғитиши, сохта тасаввурларни шакллантириши ва ишончни емириши эҳтимоли юқори. Шу боис бугун медиа соҳаси олдидаги асосий вазифа фақат ахборот тарқатиш эмас, балки унинг ҳаққонийлиги, мазмуни ва жамиятга таъсирини ҳам назорат қилишдан иборат.
Чунки медиа — шунчаки ахборот етказиш воситаси эмас. У жамоатчилик онгига таъсир кўрсатадиган кучли қурол. Ундан масъулиятсиз фойдаланиш эса йўқотишларимизни бугун эмас, эртага янада яққол намоён қилиши мумкин.


Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид