Табиий газ ва электр энергия: нега ҳар йил қишда бир хил муаммо?
Одатда қишнинг совуқ кунларида деярли бир хил манзара, газ босими тушади, электр ўчади, уйлар совуқ, одамлар эса норози. Нега бу муаммолар такрорланаверади? Асосий сабаблар нимада?
Фото: ishonch ChatGPT
Афсуски, қишнинг совуқ кунларига тайёргарлик етарли эмас. Чунки эски қувурлар, юкламани кўтара олмайдиган тармоқлар вақтида янгиланмайди.
Қишнинг чилласида жон қутқарган мард, электр иситиш мосламалари, газ плиталари, яна бир талай қўлбола қўшимча ускуналар ишга тушади. Тизим эса бундай босимга тайёр эмас. Йўқотиш ва исрофгарчиликка эса аллақачонлар кўникиб қолганмиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, газ ва электр энергиядаги йуқотишлар эски алмисоқдан қолган (уларнинг баъзилари бир неча ўн йилдан бери хизмат қилиб келади) тармоқларда бўлади. Камига ҳалигача ноқонуний уланишларга чек қўйилмаган. Ижтимоий тармоқларда миллиардлаб сўмлик табиий газ ва электр энергиядан ноқонуний фойдаланаётган тадбиркорларнинг жиловини тортиб қўйилаётгани бошқаларга ибрат бўлмаётгани янада ачинарли. Чунки талон-тарож қилиш ҳолатлари кўпайса, кўпайяптики, камайишидан дарак йўқ.
Назорат ва жавобгарлик масаласига келганда ким жавобгар, ким ҳисобот беради, деган саволлар очиқ қолаётгандай. Шунингдек, энергетика вазирлигига энергия самарадорлигини ошириш учун давлат бюджетидан ажратилаётган юз миллиардлаб сўм маблағларнинг самараси кўринмаётгандай. Бу ҳолатнинг оқибати ҳар доимгидай хонадонлар совуқ, аҳоли ўртасида касалликлар кўпайган, корхона ташкилотларнинг иш фаолиятига, таълим муассасалардаги машғулотларга салбий таъсири сезилади. Энг ачинарлиси, аҳоли ўртасида асабийлик ва норозилик кайфияти кучаяди.
Қолаверса, қўшимча чиқимлар (электр ва кўмир, печь, газ баллон) билан кун ўтказаётган одамларнинг саломатлиги ва кайфиятига ҳам салбий таъсир қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Нима қилмоқ керак?
Тармоқларни босқичма-босқич янгилаш, исрофгарчилик ва ноқонуний уланишларга чек қўйиш, очиқлик ва жавобгарликни кучайтириш ҳамда аҳолини энергияни тежашга ўргатиш пайти келди.
Албатта, муаммо бир қишда ҳал бўлиб қолмайди. Лекин ҳаракат бўлмаса, у ҳар йили қайтарилаверади.
Ушбу маънода сизга ўринли савол билан юзланмоқчимиз: ҳудудингизда қишда қайси муаммо кўпроқ сезилади — табиий газми ёки электр энергия?
Анваржон ҲАЛИМОВ,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0