Ёшлар нега узун матнларни ўқишга қийналмоқда? Олимлар хавотирли тенденция ҳақида огоҳлантирмоқда
Сўнгги пайтларда ёш авлоднинг диққат билан ўқиш ва мустақил ёзиш кўникмалари сусаяётгани ҳақидаги баҳслар таълим соҳасида тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Мутахассислар бу фақат шахсий кузатув эмас, айрим тадқиқотлар ва расмий маълумотлар билан ҳам тасдиқланаётганини таъкидламоқда.
Бу масала АҚШлик университет ўқитувчиси Тайлер Жагтнинг мақоласидан кейин янада долзарб мавзулардан бирига айланди. Унинг қайд этишича, аввал ҳам ҳар бир авлод ҳақида «талабалар аввалгидек ўқимайди» деган фикрлар айтилган. Аммо бу сафар ҳолат миллий статистикада ҳам ўз аксини топмоқда.
Муаллифнинг сўзларига кўра, у талабаларига аввалги йиллардаги каби 20 бетлик илмий мақолани ўқиш вазифасини берган. Лекин бирорта талаба матнни тўлиқ ўзлаштира олмаган. Айримлари эса матн узунлиги сабабли асосий ғояни йўқотиб қўйишини тан олган.
Бу ҳолат 2024 йилги National Assessment of Educational Progress баҳолаш натижаларида ҳам кузатилган. Унга кўра, АҚШда 12-синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги бўйича кўрсаткичлари тест тарихидаги энг паст даражага тушган. Таҳлиллар ўқувчиларнинг қарийб учдан бири ҳатто оддий матндан ҳам асосий хулосани чиқаришда қийналаётганини кўрсатган.
Мутахассислар бунинг бир нечта эҳтимолий сабабларини келтирмоқда. Улардан бири — ижтимоий тармоқлар, қисқа видеолар ва тезкор рақамли контентнинг оммалашувидир. Бундай муҳит инсонни диққатини тез-тез бир мавзудан бошқасига ўтказишга ўргатади, бу эса узун ва мураккаб матнларни чуқур ўқиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Яна бир омил сифатида сунъий интеллектдан ҳаддан ташқари фойдаланиш тилга олинмоқда.
Агар AI фикрлаш ва ёзиш жараёнининг ўрнини босса, инсон мустақил таҳлил қилиш ва фикрни баён этиш кўникмасини камроқ машқ қилади. Илк тадқиқотларда бу ҳолат «когнитив қарз» тушунчаси билан изоҳланмоқда. Бироқ олимлар бу йўналишда ҳали қўшимча илмий изланишлар зарурлигини ҳам таъкидлайди.
Шунингдек, айрим экспертлар таълим жараёнида қисқа матнлар билан ишлашга кўпроқ эътибор қаратилаётгани, китоблар ва узун илмий матнларни мутолаа қилишга эса камроқ вақт ажратилаётганини ҳам сабаблар қаторига киритмоқда.
Бироқ мутахассислар муҳим бир жиҳатга урғу беради: бу барча ёшлар ўқишга қийналади, дегани эмас. Ўқиш саводхонлигига пандемия оқибатлари, таълим сифати, ижтимоий тенгсизлик, рақамли технологиялар ва бошқа кўплаб омиллар биргаликда таъсир кўрсатади.
Олимларнинг эслатишича, диққат билан ўқиш ва танқидий фикрлаш туғма қобилият эмас, балки мунтазам машқ орқали шаклланадиган кўникмадир. Шу боис рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш билан бирга, ҳар куни китоб мутолааси қилиш, узун матнлар устида ишлаш ва мустақил ёзишга вақт ажратиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0