ЯШИЛЛИККА УЙҚАШ ЭЗГУЛИК
ёхуд машаққатли меҳнати ила мактабни ибрат масканига айлантирган устоз
Устозлик – шунчаки касб эмас. Бу инсон қалбига илм, тарбия, ишонч ва эзгулик уруғини экиш, уни йиллар давомида парваришлаб, жамиятга муносиб авлод сифатида қайтариш санъатидир. Шу боис ҳам халқимиз азалдан устозни улуғлаган, унинг меҳнатини энг шарафли ва масъулиятли хизматлардан бири деб билган.
Боёвут туманидаги 19-умумтаълим мактаби директори, «Эл-юрт ҳурмати» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби Муҳтарам Ҳасанова ана шундай устозлар сирасига киради. Унинг қарийб ўттиз йиллик меҳнат фаолиятига назар ташласангиз, бир ҳақиқатга ишонч ҳосил қиласиз: яхши устоз ишлаган жойда фақат дарс сифати эмас, муҳит ҳам ўзгаради, фақатгина билим берилмайди, инсон ҳам тарбияланади.
Муҳтарам Ҳасанова йиллар давомида тўплаган бой тажрибаси, талабчанлиги, ташаббускорлиги ва меҳрибонлиги билан нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар ва ота-оналарнинг ҳам юксак ҳурматини қозонган. Унинг фаолиятига назар ташласангиз, Президентнинг устозларга йўллаган мурожаатларидан биридаги қуйидаги фикр беихтиёр ёдингизга тушади: «Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз».
Муҳтарам Ҳасанованинг фаолиятида ана шу «бебаҳо бойлик» – инсон камолотига хизмат қилиш истаги устувор. Унинг учун мактаб фақат дарс ўтиладиган бино эмас, бола меҳнатни ўрганадиган, табиатни асрашни ҳис қиладиган, санъат ва ҳунарга қизиқадиган, меҳр ва масъулиятни англайдиган, энг муҳими, ўз келажагини тасаввур қиладиган катта ҳаёт масканидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Муҳтарам Ҳасанованинг яшиллик яратиш борасидаги ташаббуслари ҳам оддий кўкаламзорлаштиришдан кўра кўпроқ маъно касб этади. У дарахт экиш орқали болага меҳнатни, уни парваришлаш орқали масъулиятни, унинг мевасини кўриш орқали сабр ва шукрни ўргатишга интилди.
2005 йили Фарғона вилоятининг Қува туманига бориб, оналик пайванди усулини ўрганиб келди. Шу асосда икки минг туп ўрик кўчати пайванд қилиниб, бу тажриба ўқувчиларга ҳам ўргатилди.
Бугун мактаб боғида мингдан зиёд ўрик дарахти, юзлаб бошқа мевали дарахтлар ҳамда етти мингга яқин арча кўчатлари яшнаб турибди. Баҳорда бу ер гўё гуллар ва нафосатга бурканган боғни эслатади. Жамоа маҳалла ва ташкилотларга кўчатларни беминнат улашиб, «Яшил макон» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Ҳар бир синфнинг ер майдони, ҳар бир ўқувчининг дарахти бор. Болалар уни парваришлайди, меҳнат қилади ва табиатни асраш маданиятини амалда ўрганади.
– Ўғил-қизларимиз табиатни севиб улғайса, келажакда эзгулик уруғини сочади, – дейди Муҳтарам Ҳасанова. – Мактабимизда замонавий инновацион иситиш тизими ишга туширилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун АҚШ гранти доирасида 250 минг доллар миқдорида маблағ ютиб олинди. Унинг ишлаш тамойили жуда самарали ва ақлли. Ташқи об-ҳаво шароитини автоматик равишда ҳисобга олиб, иссиқликни меъёрида бошқаради ва ўз фаолияти ҳақида мунтазам маълумот бериб боради. Натижада мактаб хоналари доимий ва барқарор ҳарорат билан таъминланади. Мазкур инновацион тизимнинг яна бир муҳим афзаллиги шундаки, экологияга зарар етказувчи кўмир ва ўтиндан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
2024 йилда эса БМТнинг Глобал экологик жамғармаси гранти асосида қиймати 140 минг долларлик қуёш панеллари лойиҳасини ҳам ютиб олган эдик. Бугунги кунда улар мактабнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондирмоқда. Ортиқча ишлаб чиқарилгани бошқа ҳудудларга сотилмоқда. Ундан тушган даромад мактаб эҳтиёжларини қоплашга ҳамда иқтидорли ўқувчиларни стипендиялар билан рағбатлантиришга йўналтирилмоқда.
Мактабда яшиллик фақат ҳовли кўрки эмас, тарбиянинг бир қисми. Қуёш панеллари электр энергияси манбаи бўлиши билан бирга, экологик тафаккур намунаси ҳамдир. Ақлли иситиш тизими замонавий фикр ва тежамкорлик маданияти ифодаси, ўқувчиларнинг қўл меҳнати билан яратилган буюмлар эса улар нималарга қодирлигини исботловчи далилдир.
Муҳтарам Ҳасанованинг энг катта бойлиги – мактабдаги 435 нафар ўқувчининг кўзидаги ишонч, 37 нафар ўқитувчининг меҳнатга бўлган иштиёқи, боғдаги минглаб дарахтларнинг яшиллиги ва йиллар ўтиб уни дуо билан эслайдиган шогирдларидир.
– Мактабимиз билан фахрланамиз ва уни янада гўзал қилиш учун ҳаракат қиламиз, – дейди ўқувчи Нигина Рустамова. – Дарсдан кейин дарахтлар ва гулларни парваришлаймиз. Уларга меҳрнинг самараси ўлароқ, боғимизга кирган инсоннинг баҳри дили очилади.
– Муҳтарам опанинг «чарчадим», деганини ҳеч эшитмаганмиз. У киши ҳамиша ҳаракатда, ҳамиша изланишда. Бутун жамоага куч ва илҳом бағишлайди, – дейди ўқитувчи Дилшода Матчонова.
Қарапчи қишлоғида туғилиб ўсган Муҳтарам Ҳасанова бир мактабни обод қилиш баробарида шогирдлар тарбиялаб, улар орқали эзгуликни келажакка узатди. Шу боис у ишлайдиган илм масканини том маънода «ибрат мактаби» дейиш мумкин. Бу даргоҳда кейинчалик ҳам дарахтлар кўкаради, болалар улғаяди, орзулар қанот ёзади. Алқисса, эзгу ишлар давом этади.
Комила БОЙМУРОДОВА
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0