«Сени жуда яхши кўраман, ChatGPT»
Ота-она фарзандни эшитишга вақт тополмайди. Болалар ота-она билан очиқ гаплашмайди. Эр-хотин бир хонадонда яшаб туриб ҳам бир-бирининг дардини тингламайди. Дўстлар эса бандлик баҳонасида бир-биридан узоқлашиб боради. Шундай муҳитда инсон уни диққат билан эшитадиган ҳар қандай манбага мойил бўлиб қолади. Ҳатто у тирик жон эмас, алгоритм бўлса ҳам.
Яқинда таксида кетаётиб, қизиқ бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ёнимдаги ёш қиз телефонида ким биландир ёзишиб борарди. Аввалига бу оддий ҳолатдек туюлди. Балки дугонаси ёки яқин кишиси билан суҳбатлашаётгандир, деб ўйладим. Чунки бугунги кунда одамларнинг аксарияти йўлда ҳам, ишда ҳам, уйда ҳам телефондан бош кўтармайди.
Бироздан сўнг қиз овоз чиқариб гапира бошлади. Айтган ҳар бир гапини эса телефонига ёзиб киритарди.
– Яхшиям, сен борсан. Истаган пайтим дардимни айтаман. Мени эшитишга доим тайёрсан. Сени жуда яхши кўраман, ChatGPT! – деди у.
Буни эшитиб, очиғи, ҳангу манг бўлиб қолдим. Ишонинг, бу ҳазил эмас, аксинча, қизнинг овозида самимият бор эди. У ChatGPT билан қандайдир ҳиссий боғланишга уринарди. Шунда ўйлаб қолдим: биз қандай даврга келиб қолдик?
Яқин-яқингача одамлар дардини дўстларига айтишган. Кейинчалик ижтимоий тармоқлар пайдо бўлди ва улар ҳис-туйғуларини виртуал аудитория билан бўлишадиган бўлди. Энди эса сунъий интеллект инсоннинг сирдошига айланмоқда. Бу ерда энг қизиғи технология эмас, инсон руҳияти. Чунки ҳар қандай одамнинг энг катта эҳтиёжларидан бири бу эшитилишдир. Ҳар ким ўзини тушунадиган, гапини бўлмайдиган, танқид қилмайдиган ва вақт ажратадиган суҳбатдош излайди. Афсуски, бугунги шиддатли ҳаётда бундай кишини топиш тобора қийинлашмоқда.
ChatGPT ёки бошқа сунъий интеллект платформалари инсонни ҳукм қилмайди, унга бақирмайди, дардини масхара қилмайди. Саволига жавоб қайтаради, муаммосини муҳокама қилади, баъзан тасалли ҳам беради. Натижада айрим одамларда уларга руҳий яқинлик ҳисси пайдо бўлади.
Аммо шу ерда ҳақли савол туғилади. Бу муҳаббатми? Менимча, йўқ. Бу кўпроқ инсоннинг тушунилишига бўлган эҳтиёжидир. Қалбдаги бўшлиқнинг тўлдирилишидир. Ёлғизликка қарши курашишнинг янги шаклидир. Чунки ҳақиқий муҳаббат фақат эшитиш эмас. Муҳаббат – масъулият. Муҳаббат – фидойилик. Муҳаббат – қурбонлик. Муҳаббат инсоннинг инсон билан муносабатида намоён бўладиган мураккаб ва тирик жараёндир.
Сунъий интеллект эса қанчалик ривожланмасин, у ҳис қилмайди. У куймайди. Кутмайди. Рашк қилмайди. Соғинмайди. У фақат инсон яратган алгоритмлар асосида жавоб қайтаради. Бироқ бу ҳолатни кулги ёки масхара билан қабул қилиш ҳам тўғри эмас.
Таксидаги қизнинг «Сени жуда яхши кўраман, ChatGPT», деган гапи аслида жамиятимиз учун жуда жиддий сигнал бўлиши мумкин. Балки у қиз атрофида уни эшитадиган инсонни топа олмагандир, балки дардини айтадиган сирдош излаётгандир. Балки инсонлардан топмаган эътиборни технологиядан топгандир.
Муаммо шундаки, ҳозир одам одамга вақт ажратмай қўйди. Технологиялар тараққиётини эса тўхтатиб бўлмайди. Эртага сунъий интеллект янада ақлли, янада қулай ва янада инсонга яқин кўринишга эга бўлади. Аммо бир ҳақиқат ўзгармайди: инсон қалбининг ўрнини ҳеч қандай дастур тўлиқ босолмайди.
Лайли Мажнунни, Кумуш Отабекни, Ширин Фарҳодни севганида уларнинг орасида сунъий интеллект ҳам, интернет ҳам йўқ эди. Уларнинг муносабатини тирик туйғулар, сабр ва садоқат боғлаб турарди. Бугун эса одамлар бир-бирига жисмонан яқинлашгани сари руҳан узоқлашиб бормоқда. Балки шунинг учун ҳам баъзи ёшлар қалбидаги бўшлиқни сунъий интеллект орқали тўлдиришга ҳаракат қилаётгандир.
Таксида айтилган ўша бир оғиз гап ҳамон қулоғим остида жаранглайди: «Яхшиям, сен борсан... Сени жуда яхши кўраман, ChatGPT...».
Бу шунчаки бир қизнинг қалбдан айтилган оддий гапи эмас эди. Бу, эҳтимол, айрим замондошларимизнинг ёлғизлик ҳақидаги энг таъсирли иқрорларидан биридир.
Умид ХУДОЙҚУЛОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0