+32C

+32C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ортиқча дабдабалардан қачон воз кечамиз?

75 13:45 | 05.07.2026 13:45

Халқимизда «Ўзбек пул топса, тўй қилади» деган гап бор. Унинг замирида юртдошларимизнинг меҳмондўстлиги, саховати ва қувончини бошқалар билан бирга баҳам кўришга бўлган иштиёқи мужассамлашган. Чунки тўй-маъракалар асрлар оша оилаларни, қариндош-уруғларни, маҳалла ва қўни-қўшниларни бирлаштириб келган. Бироқ бу гўзал анъана охирги пайтларда чегарасидан анча четга чиқиб кетган, тўй-маросимлар асл маъно-мазмунини бирмунча йўқотиб, кимўзар пойгасига айланиб қолганди.


Шу боис ҳукуматимизнинг тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги қарори ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланди. Афсус, баъзи кишилар улардан ўзлари учун тегишли хулоса чиқариб олишмаяпти. Ён-атрофимизга назар ташласак, кўпчиликнинг ўй-хаёлида ҳамон қотиб қолган эски савол айланаётгандек туюлади: «Одамлар нима дейди?» Гўёки ҳаётимизда муҳим саналган қарорлар ўз хоҳишимиз, имкониятимиз ёки эҳтиёжимиз билан эмас, ўзгалар фикри билан белгиланади. Шунданми, тўй қилмоқчи бўлсак, одамлар уни мақташини истаймиз. Уйимизни жиҳозласак, қўшниларникидан кам бўлмаслигини хоҳлаймиз. Кийим олсак, кўпчилик ҳавас қиладиганларини танлаймиз.


Албатта, бой бўлиш айб эмас. Қолаверса, бойлик одоб либосини кийса, янада чиройли бўлади. Борди-ю, бу либос ечилса, дабдаба ўзини маданият деб кўрсатишга уринади. Яқинда Ургутда ҳам шундай бўлди. Тўй соҳиби саҳнада таниқли хонанданинг бошидан пул «ёмғири»ни ёғдирди. Пул ҳавода учди, аммо у билан бирга қадриятлар ҳам шамолга совурилмадимикан, деган савол кўпчиликнинг хаёлидан ўтди. Алалоқибат ижтимоий тармоқлар ушбу тўй ҳақидаги шов-шув, баҳс ва танқидлар билан тўлиб тошди.


Ҳурмат билан ҳашамат ўртасида жуда нозик чизиқ бор. У босиб ўтилганда, эҳтиром кўз-кўз қилишга, саховат эса намойишга айланади. Хонанданинг боши узра сочилган пуллар бир лаҳзалик ҳайрат уйғотиши мумкин, айни чоғда, халқ хотирасида бачкана қилиқ сифатида муҳрланиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.


Энг ачинарлиси, биз бундай манзарага илк бор дуч келаётганимиз йўқ. Орамизда дастурхон қандай безатилганини, залнинг ялтироқлигини, санъаткорнинг «гонорари» ва ҳавога сочилган пулларни одам қадридан ҳам устун қўювчилар бор. Ҳолбуки, ўша маблағларни бир неча ёшнинг таълим олиши, уй-жойли бўлиши ёки тадбиркорлик қилиши учун ажратиш ҳам мумкин эди. Лекин гоҳида ақл бир четда қолиб, ҳою ҳавас тўрга чиқади.


− Тўй бир кунлик, ҳаёт эса бир умрлик. Бир кунлик олқишга эришиш учун йиллар оша тўланадиган қарз олиш, кўз-кўз қилиш учун қадр-қимматни қурбон бериш қайси мантиққа тўғри келади? Ахир тўйнинг файзи сочилган пулларда эмас, қилинган дуода, оқ фотиҳада ва элнинг самимий розилигида-ку! Чунки инсонни бойлик эмас, уни қандай сарфлаши улуғлайди. Таъбир жоиз бўлса, пулнинг жарангидан кўра, тарбиянинг садоси узоқроқ эшитилади, – дейди Қўшработ туманидаги Қоратош маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуҳаким Қўлдошев. – Шу боис ушбу масалани бот-бот ўйлаб кўришга тўғри келмоқда. Беҳуда сарфланаётган маблағларни ёшлар келажагига ёки оилавий эҳтиёжларига йўналтирсак, узоқ вақт наф кўришимиз мумкин. Афсуски, ҳозир бу пуллар кўпинча бир кунлик тўйда ўзини кўрсатиш учун сарфланади. Эртага меҳмонлар кетади, мақтовлар унутилади, қарз ва ташвишлар эса қолаверади.


Оқсоқол ҳақ. Барчани бирдек рози қилишнинг иложи йўқ. Устига-устак, тўйга сиздан кўпроқ пул сарфлайдиганлар ҳам топилади. Қарабсизки, кеча сизни мақтаганлар эртага уларни мақташади. Оқибатда сизнинг дабдабали тўйингиз эртага бўладиган янада каттароғининг соясида қолиб кетади. Демак, одамлар берган баҳога таяниб яшаш ниҳояси йўқ пойгага чиқиш билан баробардир.


Бундай ҳолатлар фақат тўйларда эмас, бошқа вазиятларда ҳам кузатилади. Масалан, қўшнимиз янги машина олса ёки бирор танишимиз қимматбаҳо жиҳоз харид қилса, биз ҳам қараб турмаймиз. Ҳатто сармоямиз етмаса ҳам, ўзимизни мажбурлаймиз. Натижада ҳаётимизни эҳтиёж эмас, таққослаш бошқара бошлайди.


Аслида инсоннинг қадри сарфлаган пули билан эмас, қандай яшагани билан ўлчанади. Ақли расо киши имкониятини тўғри баҳолайди. Пулини бошқалар эътиборини қозониш учун эмас, ҳаётий эҳтиёжи учун ишлатади. Бой бўлса ҳам ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймайди, камбағал бўлса, елкасига қўшимча юк олмайди. Чунки фаровонлик дабдабада эмас, хотиржамликда эканлигини яхши билади.


Шубҳасиз, жамият тараққиёти ана шундай зукко инсонлар кўпайишига боғлиқ. Агар ҳар бир оила ўз имкониятига қараб яшаса, «ноўрин мусобақа»лардан воз кечса, қанчадан-қанча маблағлардан эзгу мақсадларда фойдаланиш имкони туғилади. Чунончи, ота-оналар йиллар мобайнида йиққан маблағини бир кунлик шодиёнага эмас, фарзандлари келажаги учун сарфлар, айрим ёш оилалар қарзсиз ҳаёт кечирарди.


Албатта, бу билан биз халқимизнинг азалий урф-одатларидан воз кечиш керак демоқчи эмасмиз. Майли, тўй бўлсин, меҳмон чақирилсин, қариндошлар йиғилсин. Аммо ҳамма нарсада бўлгани сингари хурсандчиликнинг ҳам меъёри бўлиши керак. Энг муҳими, тўйнинг қадри унинг нархи ёки дастурхоннинг тўкин-сочинлигида эмас, ниятларнинг поклигида ва дуоларнинг холислигидадир. Келин-куёв ёхуд суннат тўйи бўлаётган болакайнинг бахти эса залнинг муҳташамлиги ёки либосларнинг ноёблиги билан эмас, оилавий тотувлик ва ўзаро ҳурмат билан белгиланади.


Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид