Молга «паспорт» нега керак?
ёхуд уй ҳайвонларини идентификация қилиш сабаблари ва мақсадлари ҳақида
7 августдан бошлаб «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Ҳозирча бу иш ихтиёрий, 2028 йил 1 январдан эса мажбурий тартибда амалга оширилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳайвонларни идентификация қилиш – молга паспорт бериш эмас, аксинча, уни электрон рўйхатга олиш тизими. Бундан кўзланган мақсад улар ҳисобини юритиш, касалликларнинг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний сўйиш ва қаллобликка чек қўйишдан иборат.
Аслида 2017 йилдаёқ ҳайвонларга ветеринария паспорти ва индивидуал идентификация рақами бериш тартиби белгиланган. 2023 йилда эса бу бўйича алоҳида қарор қабул қилинган. Электрон тизимни жорий қилиш учун давлат бюджетидан 33 миллион доллар йўналтирилган ва уни икки босқичда амалга ошириш кўзда тутилган. Қарорда ветеринария қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасида масъул орган этиб тайинланган эди.
Бу тажриба ривожланган давлатларда аллақачон амалда. Хусусан, Европа тажрибаси бунга жуда яхши мисол. У ерда паспорт ҳайвоннинг микрочип рақами, тури, зоти, жинси, ранги, туғилган санаси, эгасининг маълумотлари, ветеринар маълумотлари, қутуришга қарши эмланишлари каби маълумотларни бир жойга жамлайди. жонзотга тақилган микрочип ягона идентификация тизимига боғланади. Яъни Европа моделида мантиқ шундай: ҳайвон → микрочип → ягона рақам → электрон база → ветеринар → вакцинация тарихи → эгаси. Шунда кўчада топилган ит ёки мушукнинг чипи сканер қилинса, унинг кимга тегишли эканини аниқлаш мумкин.
Албатта, улар бу тизимга бирданига келишмаган. Уларда уй ҳайвонини ветеринарга олиб бориш, парвариш қилиш маданияти анча шаклланган. Бизда эса жонзотни умуман ветеринарга кўрсатмайдиган, вакцина қилдирмайдиган, кўчага қўйиб юборадиган, кучук ёки мушукларни қаровсиз қолдирадиган ёки дуч келган жойга ташлаб кетадиган одамлар кўп.
Шундай экан, биз бунга тайёрмизми? Дейлик, фуқаро сигирини ветеринарга олиб борди. Унга чип ўрнатилди. Паспорт берилди. Ундан кейин-чи? Маълумот қаерга тушади? Ягона республика базаси яратилдими?
– Тизимнинг асосий мақсади фуқароларга муаммо яратиш эмас, ҳайвонлар ва уларнинг эгалари ҳақида ягона электрон базани шакллантириш кўзда тутилган, – дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳузуридаги Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази мутахассиси Ғайрат Қўзибоев. – Қолаверса, бу ҳайвон орқали юқадиган юздан зиёд касалликларни назорат қилиш имконини ҳам беради. Масалан, бир ҳудудда куйдирги, қутуриш, бруцеллёз ёки бошқа хавфли касаллик аниқланса, идентификация орқали касаллик қайси ҳайвонлар билан боғлиқ экани ва хавф қай даражада тарқалганини тезкорлик билан аниқлаш мумкин.
Идентификация чорвачилик учун ҳам муҳим. У орқали ҳайвонларнинг ҳаракати, наслчилик, эмлаш, сунъий уруғлантириш ва бошқа ветеринария тадбирлари тизимли олиб борилади. Шунингдек, гўшт, сут каби маҳсулотларнинг келиб чиқиши, ҳайвоннинг соғлиғи ҳамда ветеринария назоратидан ўтгани ҳақида маълумот шаклланади. Бу истеъмолчилар ишончини ошириб, назоратсиз маҳсулотларнинг бозорга чиқишини чеклайди.
Давлат учун эса ҳайвонларнинг сони, жойлашуви ва ҳаракати ҳақида аниқ маълумотлар шаклланади. Бу ветеринария назорати, эпидемияларнинг олдини олиш ва соҳани режалаштириш самарадорлигини оширади.
Одатда қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан кейин 14 кун ўтгач, отлар 4 ойдан сўнг, чўчқалар 1 ой, ит ва мушуклар эса 3 ойдан сўнг идентификация қилинади. Белгиланган муддат тугагач, улар бир ой ичида электрон рўйхатга олинади.
Идентификация усули ҳайвон турига қараб фарқ қилади. Қорамол, қўй, эчки ва туяларга икки қулоғига бир хил рақамли сариқ бирка тақилади. Уларнинг ҳар бирида Ўзбекистон белгиси, ҳудуднинг ҳарфли коди, ҳайвон турини билдирувчи рақам, қўмита логотипи ва QR код бўлади. Масалан, ҳудудлар автомобиль давлат рақамларидаги каби сонлар эмас, ҳарфлар билан белгиланган: A – Қорақалпоғистон Республикаси, B – Андижон вилояти, M – Тошкент вилояти. Ҳарфдан кейин ҳайвон турини билдирувчи рақам келади: 1 – йирик шохли мол, 2 – майда шохли мол, 3 – от ва бошқа турлар учун алоҳида рақамлар белгиланган. Кейин эса ҳар бир ҳайвонга хос такрорланмас идентификация рақами берилади. Ит ва мушукларга эса микрочип ўрнатилади.
2030 йилгача ушбу тизим орқали ҳайвондан олинган маҳсулотларни ҳам тўлиқ кузатиш имкони яратилади. Дейлик, гўштдаги QR кодни сканер қилганда ҳайвоннинг қайси хўжаликда парваришлангани, ёши, зоти, эмлаш тарихи ва ветеринария назоратидан ўтгани ҳақида маълумот кўринади. Шу тарзда маҳсулотнинг келиб чиқиши ва хавфсизлиги тўлиқ назоратга олинади.
Бирка ва микрочиплар хориждан олиб келинган. Улар халқаро тажриба асосида танланган ва миллий стандарт талабларига жавоб беради. Юқори ҳароратга чидамли, ранги ўчмайди ва узилиб кетмайди. Масалан, қорамол учун иккита қулоқ биркасидан иборат тўпламнинг халқаро бозордаги нархи ўртача 1 доллар ёки ундан арзонроқ туради.
– Дейлик, ҳайвоннинг эгаси ва ҳудуди алмашса, у ҳақдаги маълумотлар ҳам ўзгарадими?
– Идентификация рақами ҳайвонга умри давомида фақат бир марта берилади ва бошқа ҳайвонда такрорланмайди. Фақат эгаси ҳақидаги маълумот янгиланади, рақам эса ўзгармайди.
Ҳар бир рақам ягона электрон базага киритилади. Шу рақам орқали ҳайвоннинг рўйхатдан ўтган ҳудуди, эгаси, ветеринария тадбирлари ва бошқа маълумотлар кўринади. Ҳозирга қадар 3,7 миллиондан ортиқ чорва ҳайвони идентификация қилинган.
Ҳайвон сўйилса, нобуд бўлса, ўлса, йўқ қилинса ёки мамлакатдан олиб чиқилса, у етти кун ичида электрон рўйхатдан чиқарилиши керак. Бунинг учун жонзот эгаси ветеринария участкаси шифокорига мурожаат қилиши лозим.
Ҳайвон сўйилганда ҳам бу маълумот базада қайд этилади. Аввал ветеринария кўриги ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Шундан кейин электрон рўйхатдан чиқарилиб, мақоми «сўйилган» деб белгиланади. Бу маълумотлар ва статистика фақат ваколатли ветеринария ходимлари учун очиқ.
– Базада сақланадиган маълумотлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Маълумотлар Vis-Chinor электрон ахборот тизимида сақланади. Базага фақат махсус логин ва паролга эга давлат ветеринария хизмати мутахассислари кира олади. Улар ҳайвон ва унинг эгаси ҳақидаги маълумотларни киритади. Тизим давлат ахборот базалари билан интеграция қилинган бўлиб, ветеринария назоратини рақамли шаклда юритишга хизмат қилади. Агар ҳайвон эгаси жисмоний шахс бўлса, унинг Ф.И.Ш., туғилган санаси, ЖШШИР, яшаш манзили ва телефон рақами киритилади. Юридик шахс бўлса, ташкилотнинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтган санаси, манзили, СТИРи ҳамда раҳбарининг Ф.И.Ш. ва телефон рақами қайд этилади.
Шунингдек, тизимда ҳайвоннинг идентификация рақами, бирка ёки микрочип каби воситалар, ҳайвон ҳақидаги маълумотлар, сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида чет элдан келтирилган бўлса, унинг Ўзбекистонга олиб кирилган санаси ҳам сақланади.
Бундан ташқари, ҳайвон сўйилганда, нобуд бўлганда, йўқ қилинганда ёки мамлакат ҳудудидан олиб чиқилганда бу ҳақдаги маълумотлар ҳам базага киритилади. Тизимда профилактика тадбирлари, ташхис ва даволаш ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам юритилади.
Фуқаролар жонзотларни идентификация учун бирор идорага бориши шарт эмас. Ҳар бир маҳаллага бириктирилган ветеринария участкаси шифокорлари кўчама-кўча юриб, босқичма-босқич идентификация қилишади.
Жараён кўп вақт талаб қилмайди. Фермер хўжаликларида ҳайвонлар бир жойда сақлангани учун иш тезроқ кечади. Аҳоли хонадонларида эса асосий вақт ҳайвонни ҳаракатланмайдиган ҳолатда ушлаб туришга сарфланади. Биркани тақиш ўртача 2-3 дақиқа, электрон базага маълумот киритиш эса тахминан бир дақиқа вақт олади. Умуман олганда, битта ҳайвонни тўлиқ идентификация қилиш учун ўртача беш дақиқа етарли.
Ҳисоб-китобларга кўра, бир ветеринария участкаси ходими бир иш кунида ўртача 32 бош чорва ҳайвонини идентификация қилиши мумкин. Кўп ҳолларда эмлаш ва идентификация ишлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.
Яна бир гап. Олис ҳудудларда интернет йўқ, борларида ҳам секин ишлайди. Улар учун эса офлайн режим жорий этиляпти. Маълумотлар жойида киритилиб, интернет пайдо бўлгач, автоматик равишда базага юкланади.
– Қаровсиз, дайди ҳайвонлар масаласи нима бўлади? Бу борада ҳам қандайдир режалар борми?
– Қонунда идентификация жисмоний ва юридик шахслар томонидан парваришланаётган ёки кўпайтирилаётган ҳайвонларга нисбатан қўлланиши белгиланган. Шунинг учун эгасиз ҳайвонлар тўғридан-тўғри ушбу тизимга кирмайди. Бироқ бошпанага олинган ва юридик шахс тасарруфида сақланаётган қаровсиз ҳайвонлар мурожаат асосида бепул идентификация қилинади.
Ҳайвонларни идентификация қилиш бепул амалга оширилади.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
тайёрлади




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0