Миллиардлар сарфланган “арвоҳ шаҳар”: Малайзиядаги келажак лойиҳаси нега муваффақиятсизликка учради?
Аввалроқ Жанубий Кореяда катта пуллар эвазига қурилиб, ўзини оқламаган лойиҳа – Сонгдо ҳақида ёзгандик. Бироқ, Сонгдо ягона эмас. Малайзиядаги Forest City шаҳри ҳатто кўплаб антикўрсаткичлар бўйича Сонгдони хам ортда қолдиради. Бу лойиҳани амалга ошириш учун жуда катта харажатлар қилинди. Бироқ Хитойнинг мамлакат ташқарисидаги энг улкан лойиҳаларидан бири деярли барбод бўлган муваффақиятсизлик рамзига айланди. Forest City ҳудудига деярли бир миллион аҳолини жойлаштириш учун мўлжалланган эди, аммо унга бир неча минг киши кўчиб келди, холос.
Forest City (Ўрмон шаҳри) – бу 2014 йилда Малайзиянинг Жоҳор ҳудудида бошланган 100 миллиард долларлик улкан “ақлли шаҳар” саналади. Хитойнинг Country Garden ишлаб чиқарувчиси томонидан тўртта сунъий оролда қурилган манзил 700 000 аҳоли учун “футуристик эко-жаннат” сифатида режалаштирилган эди, аммо иқтисодий тебранишлар, аҳоли қизиқишининг пастлиги ва бошқа сабаблар туфайли дунёдаги энг катта “арвоҳ шаҳар”га айланди.
2006 йилда Малайзия расмийлари ва инвесторлар келажак шаҳри учун ниҳоятда улкан лойиҳани муҳокама қилишган эди. Ушбу лойиҳа тўртта қайта тикланган оролни ўз ичига олган бўлиб, уларда божсиз иқтисодий зонага эга ультра замонавий боғ шаҳри қурилади. Ўша пайтда ҳеч ким 100 миллиард доллар ёки Хитойнинг иштироки ҳақида гапирмасди. Бу Малайзия учун “иккинчи Сингапур”га айланишга мўлжалланган маҳаллий ривожланиш лойиҳаси эди. Бундай лойиҳа катта инвестицияларни талаб қилганлиги сабабли, Малайзия хорижий инвесторларни излашга қарор қилди. Хитойнинг Country Garden қурилиш компанияси (Хитойнинг энг йирик ишлаб чиқувчиларидан бири) Малайзиянинг Esplanada Danga 88 (асосан давлатга тегишли) компанияси билан шартнома имзолади ва қурилиш ишлари бошланди.
2014 йил январь ойида ускуналар бўғоздан қумни қайта ишлашни бошлади. Режага кўра, умумий майдони 14 квадрат километр бўлган, 700 000 дан 1 миллионгача аҳолини сиғдира оладиган тўртта сунъий орол қуриш режалаштирилган эди. Режаларга жаҳон даражасидаги гольф курорти (600 миллион долларга тенг), 200 та яхта учун тураргоҳ, хусусий пляжлари бўлган виллалар, сузиш ҳавзалари ва аэропорт киритилган. 2014 йил июнь ойига келиб, лойиҳа деярли тўхтатилди. Малайзия Атроф-муҳит департаменти қўшимча экологик баҳолаш зарурати туфайли ишларни тўхтатди. Яқин атрофдаги қишлоқлардан келган балиқчилар мелиорация ишлари балиқлар яшайдиган экотизимни бузаётганидан шикоят қилишди. Сингапур ҳам расман хавотир билдирди, чунки сунъий ороллар унинг чегарасидан атиги 1 км узоқликда жойлашган эди. Бироқ, расмийлар тегишли органлар билан маслаҳатлашдилар ва иш бир неча ойдан кейин қайта бошланди. Фақатгина фарқ шундаки, биринчи оролнинг майдони бироз қисқарган эди.
2016 йил март ойига келиб, биринчи миноралар аллақачон пайдо бўлган эди. Расмий очилиш “ҳақиқий келишув” бўлиб, унда Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ, Country Garden вакиллари ва минглаб меҳмонлар иштирок этишди. Тасма кесиш маросими мусиқа, мушакбозлик ва ваъдалар билан бирга бўлди: “Бу келажак шаҳри бўлади, бу янги иқтисодий мўъжиза бўлади”. Forest City дарҳол божсиз мақомни олди, квартираларни солиқсиз сотиб олиш мумкин эди ва чет элликлар соддалаштирилган яшаш ҳуқуқини олишди. Энг муҳими, одамлар Сингапурга атиги бир соат ичида етиб боришлари мумкин эди. Бу шуни англатадики, сиз Сингапурда юқори маош эвазига ишлашингиз ва нисбатан арзон Forest City`да яшашингиз мумкин.

2016 йил охирига келиб, бир неча минг дона уй-жой аллақачон сотилган эди, улар асосан лойиҳадан фойда олувчилар бўлган бадавлат хитойликларга пулланди. Қурилиш ишлари кун-у тун давом этди, тахминан 10 000 ишчи (асосан Хитой ва Бангладешдан) бир вақтнинг ўзида ишлади. 2017 йилга келиб, ҳар бири 30-40 қаватли, вертикал боғли дастлабки 30 та турар-жой осмонўпар бинолари тўлиқ қуриб битказилди. Мактаб, савдо маркази ва меҳмонхона ҳам қурилди. Ва кейин биринчи муаммолар пайдо бўлди. 2017 йилда бой хитойликлар ўз капиталларини хориждаги кўчмас мулкка қайта инвестиция қилишга қарор қилганлиги сабабли, қурилиш фирмалари банкрот бўла бошлади. Капиталнинг чиқиб кетиши бошланди ва Хитой ҳукумати маълум миқдордан юқори маблағларни олиб чиқишни тақиқлади. Forest City’да савдо кескин пасайди; Малайзиянинг оз аҳолиси туфайли улар Хитойнинг ўрнини боса олмасди ва бошқа манфаатдор томонлар деярли йўқ эди. 2019-2020 йиллардаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият эса ҳолатни баттар ёмонлаштирди.
Шу билан бирга, Малайзияда ҳукумат алмашинуви юз берди ва янги бош вазир Маҳатҳир бин Муҳаммад Forest City`ни танқид қила бошлади. Унинг фикрича, бундай лойиҳалар мамлакатни чет элликларга сотишдир. Бош вазирнинг сиёсати натижасида Forest Cityда квартира сотиб олаётганда яшаш учун рухсатнома олишнинг иложи бўлмай қолди. Ўша пайтдан бошлаб уй-жой савдоси кескин пасайиб кетди ва аллақачон квартира сотиб олганлар ўз квартираларидан воз кеча бошладилар. Шундай қилиб, 2023 йил охирида шаҳар аҳолиси расман 8000 атрофида эди (аслида 700 000 бўлиши керак эди), лекин аслида рақамлар ундан ҳам камроқ, тахминан 3000 эди. Шаҳар ободонлаштирилди, кўкаламзорлаштирилди, бинолар ва йўллар таъмирланди, ҳатто савдо марказлари ва бир нечта дўконлар ҳам очиқ эди.
Ниҳоят 2024 йилда ҳамма нарса барбод бўлди. Хитойнинг энг йирик қурилиш фирмаларидан бири бўлган Country Garden жиддий инқирозга учради — унинг қарзи 200 миллиард доллардан ошди. Компаниянинг акциялари 20 баравар пасайиб кетди ва Малайзиядаги пудратчилар бир неча ой давомида тўловларини олмаган эдилар. Forest City’да квартира сотиб олган бир нечта хитойлик инвесторлар пулни қайтариш учун судга мурожаат қила бошладилар. Янги ороллар қурилиши тўхтатилди. Агар улар ҳеч нарса қилмасалар, шунчаки пул йўқотишларини англаб, Малайзия расмийлари маҳаллий бизнес учун ноль даромад солиғини ва хорижий инвесторлар учун валюта назоратидан тўлиқ озод қилишни жорий қилишди. Лекин, бу унчалик ёрдам бермади: ҳеч ким квартира сотиб олишга шошилмади, аммо хорижий бизнеслар аста-секин киришни бошлади ва вазият бироз яхшиланди.

Атроф-муҳит муаммолари ҳам пайдо бўлди: экотизимнинг йўқ қилиниши туфайли кўрфазда тимсоҳлар пайдо бўлди. Ўзининг гўзал пляжларини рекламаларда кўз-кўз қилган Forest Cityда шунчаки сувга тушмаслик ақлли қарор экани маълум бўлди. Техник муаммолар ҳам мавжуд эди. Қайта тикланган тупроқ беқарор бўлиб чиқди. 2018 йилга келиб, бир нечта осмонўпар биноларда ёриқлар пайдо бўлди ва баъзи йўллар ва пиёдалар йўлаклари пасая бошлади.
Малайзия ҳукумати ҳозир ҳам инвесторларнинг қизиқишини қайта уйғотишга ҳаракат қилмоқда, уй сотиб олиш учун соддалаштирилган яшаш рухсатномасини қайта тикламоқда ва Сингапурдан келган бадавлат фуқароларга умид боғламоқда. Forest City’га ташриф буюрган блогерларнинг айтишича, ҳозиргача у ерда асосан техник хизмат кўрсатувчи ишчилар ишлайди ва деярли доимий аҳолиси йўқ.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0