Мигрант танловсиз қолмоқдами? 2 минг долларлик жарима баҳсларга сабаб бўлди
Адвокат Элёр Абдуллаев шундай ёзмоқда:
— Яқинда дўстим Саидали Мухторалиев Миграция агентлиги томонидан Кореяга ишлагани юборилаётган ватандошларимиздан жарима ундириш тизимини қайта кўриб чиқиш лозимлигини билдирган эди.
Энди эса Жанубий Кореянинг Pressian нашри ушбу ҳолат бўйича қилган суриштирувини эълон қилди.
Нашрга кўра, Кореяга ишга юборилган айрим ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Миграция агентлигининг ёзма розилигисиз иш жойини ўзгартирса, ҳар ой учун 2 000 АҚШ доллари жарима тўлаш мажбуриятини олганлиги танқидга олинган.
Хусусан, 2026 йил 18 июль куни Миграция агентлиги орқали ишлаш учун Кореяга кетган 26 ёшли ўзбекистонлик ишчи кемасозлик заводида иш вақтида ҳалок бўлган.
Ҳамкасбларининг айтишича, у аввал ҳам бир неча марта жароҳатланган, иш шароити хавфлилиги ва маошининг пастлиги сабабли бошқа корхонага ўтишни истаган. Аммо 2 минг долларлик ойлик жарима уни бу қарордан қайтараётган эди.
Унинг ўлимидан кейин, бирга ишлаган ҳамкасблари шундай дейишган:
«Агар у бир марта бошқа заводга ўта олганида, эҳтимол ўлмас эди...»
Энди эса Ўзбекистондаги суд амалиётига назар ташлайлик.
2026 йил 17 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Пахтакор туман суди Миграция агентлигининг даъвосини қаноатлантириб, Агентликнинг ёзма розилигисиз иш жойини ўзгартирган фуқародан 6 000 АҚШ доллари (72 558 000 сўм) жарима ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Эътиборлиси, судда жавобгар томони ишчи иш ҳақини олмагани учун бошқа ишга ўтишга мажбур бўлганини, шунингдек иш жойини ўзгартириш тартиби етарлича тушунтирилмаганини билдирган. Бироқ бу ҳолат суд қарорини ўзгартирмаган.
Ёки ФИБ Асака туманлараро судининг жорий йилнинг 15 май кунги қарори билан Кореяда ишловчи яна бир ватандошимиздан юқоридаги асосга кўра Миграция агентлиги фойдасига 2000 АҚШ доллари (24 316 000 сўм) ундирган.
Мана энди асосий савол:
Агар мигрант иш ҳақини олмаётган бўлса, хавфли иш шароитида ишлаётган бўлса ёки ҳаёти хавф остида бўлса, у иш жойини эркин ўзгартира олиши керакми ёки миллионлаб сўмлик жаримадан қўрқиб шу ерда қолиши керакми?
Кореядаги ҳуқуқшунос бундай иқтисодий босимни мажбурий меҳнат ва ҳатто одам савдоси элементи сифатида баҳолаган. Чунки жарима шаклидаги молиявий жазо инсоннинг иш жойини эркин танлаш ҳуқуқини чекламоқда.
Албатта, шартнома бажарилиши керак. Лекин инсон ҳаёти ва хавфсизлиги ҳар қандай шартномадан устун бўлиши лозим.
Агар мигрант иш жойини тарк этса — нега тарк этганини ҳам суриштириш керак: иш ҳақи тўланмаганми? Меҳнат ҳуқуқлари бузилганми? Ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганми? Шу саволларга жавоб берилмасдан туриб, фақат жарима ундириш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Ўйлаб кўринг, ўзи ўша Кореяда ишлайдиган ватандошларимизнинг ойлик маоши 2000 АҚШ доллари ҳам чиқмайди. Лекин, биттагина Миграция агентлигининг розилигини сўрамасдан қонуний равишда бошқа ишга ўтса ойига 2000 АҚШ доллари жарима солинса, қандай қилиб фойда кўради?!
Энг муҳим савол — бу жарима туфайли яна нечта ватандошимиз маоши вақтида берилмайдиган ёки ишлаш хавфли бўлган иш жойини тарк эта олмай турибди ҳозир?”.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0