+31C

+31C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Мевахўр чигирткалар

боғбонларнинг ҳосилига зиён етказмоқда
111 09:25 | 01.08.2026 09:25

Қашқадарёлик деҳқонлар мавсум давомида чигирткадан турли даражада азият чекиб келади. Бу зараркунанда йилдан йилга кўпайиб бораётгани ҳам ташвишли ҳолдир. Вилоятда марокаш чигирткасига қарши доимий кураш олиб борилиб, ҳолат бир қадар барқарорлаштирилган бир пайтда Китоб туманида сўнгги икки йилда мазкур ҳашаротнинг янги тури пайдо бўлди. Энди олмазорлар, нок, қароли, узумгача емоқда. Энг ачинарлиси, лалми ерларда етиштирилаётган тарвузнинг ҳам палагини қирқиб кетаётгани боғбонларнинг кутган ҳосилини ололмаслигига сабаб бўлмоқда. “Паландара” маҳалласида фаолият юритаётган “Давлат бобо” фермер хўжалиги ҳам иккинчи йилки, чигирткалар ҳужумига қарши тинимсиз курашмоқда.
– Чорвачиликка ихтисослашган хўжалигимиз тасарруфида 257 гектар лалми ер бор, – дейди “Давлат бобо” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Аҳадов. – Ўтган йили 5 гектар майдонга тарвуз эккан эдик. Икки қулоқ бўлиб униб чиқиши билан чигиртка ёппасига еб кетди. Бир дона ҳосил оломадик. Қолаверса, чорва учун озуқабоп экинларимизга ҳам зарар етказди. Бу йил ҳам 2,5 гектар майдонга лалми тарвуз экканман. Ҳар икки кунда кимёвий воситалар билан чигирткага қарши дорилаб чиқаман. Лекин палагини қирқиб кетяпти. Қолаверса, бедагача еб битиряпти. Ҳозир иккинчи ўримга уруғлик бедам бор. Уни ҳам пайхон қилиб ташлади. Чигиртка йилдан йилга кўпайиб боряпти.
Чигирткалар ҳатто аҳоли томорқасигача бостириб кирмоқда. Томорқадаги помидор, бодринг, картошка каби маҳсулотларнинг танасига зиён етказмоқда.
– Томорқада кейинги йилларда экин экиб, маҳсулот олиш қийин бўлиб қолди, – дейди “Паландара” маҳалласи Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи Бунёд Эшонқулов. – Турли касалликларга қарши тинимсиз кимёвий ишлов бериб келамиз. Кимдир экологияни бузилганини айтса, бировлар об ҳаводаги ўзгаришларни важ қилиб келади. Бу йил эса чигиртка ҳам зарар етказа бошлади. Томорқадаги нима экин бўлса, еб кетяпти.
Аҳоли чигирткадан азият чекиб келаётгани ҳақида маҳалла раисига оғзаки мурожаатлар қилиб келган. Ўз навбатида раис ҳам тегишли ташкилотларга унинг хавфлилик даражаси бўйича маълумотлар бериб, мурожаат қилган фуқароларнинг қишлоқ хўжалиги майдонларида қисман дезинфекция ишлари олиб борилган. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати билан боғландик. Улар эса “Паландара” маҳалласидан бирорта ҳам мурожаат келиб тушмаганини, чигирткага қарши кураш мавсуми июн ойида ниҳоясига етканини маълум қиларкан, вазиятни ўргангани Қарши шаҳридан етиб келишди.
– Қашқадарё вилоятида асосан чўл ҳудудларида чигиртканинг 200 дан ортиқ турлари учрайди, – дейди Қашқадарё вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати раҳбари Маҳмуд Хушмуродов. – Биз эрта баҳордан марокаш чигирткасига қарши кенг қамровли кимёвий ишлов бериб борамиз. Китоб туманининг ҳам Аёқчи, Макрит ҳудудларида доимий зараркунандаларга қарши кураш олиб борилади. Лекин “Паландара” маҳалласида учраётган чигиртканинг тури темирчак деб номланади. У асосан, мевахўр ҳисобланиб, боғларга зарар етказади. Ҳар биттаси ўн-ўн бештагача тупроқ остига уруғ қўйиб, кўпаяди. Ўтган йили Китоб туманининг Қайнар қишлоғидан бир фермер мурожаат қилган эди. Унинг боғидаги олмаларни еб кетганига гувоҳ бўлган эдик ва зудлик билан кимёвий ишлов бергандик. Бу йил эса “Паландара” маҳалласида ҳам шундай ҳолат кузатиляпти. Темирчак чигирткаси хавфли турга кирмайди. У меъёридан ошиб кетса, талофат етказиши мумкин. Лекин шунга қарамай маҳаллаларда, фермер хўжаликларида тушунтириш ишлари олиб борилади. Чигиртканинг бу тури вилоятимизда фақат Китоб туманида учрамоқда. Биз буни инобатга олиб кимёвий ишлов бериш ишларини олиб борамиз. Келгуси йилда ҳам эрта баҳордан ҳолатни назоратга оламиз.
Маҳмуд Ҳушмуродовнинг таъкидлашича, Қашқадарё вилоятида учрайдиган Марокаш чигирткаси, саксовул букри чигирткаси ҳамда отбосар чигирткалари хавфли тур ҳисобланади. Улар асосан чорва майдонларига жиддий зарар етказиш хусусиятига эга ва йиллар давомида унга қарши кураш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур темирчак чигирткасига қарши ҳам кузатув ишлари олиб борилиб, назорат ишлари йўлга қўйилиб, унинг етказаётган зарари, қайси пайтда ишлов берса яхши натижа бериши борасида ишлар бошлаб юборилган.


Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид