+36C

+36C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

“Мен айтдимми, қиласан!” — раҳбарларнинг шу қараши меҳнат низосига сабаб бўляпти

85 17:01 | 07.07.2026 17:01

Бугунги меҳнат бозори шароитида ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатлар тобора мураккаблашиб бормоқда. Иш ҳақи, меҳнат шароити, ишдан бўшатиш, таътил ва интизомий чоралар билан боғлиқ низолар эса амалиётда энг кўп учраётган масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премкулов билан суҳбатда айнан шу муаммолар, уларнинг сабаблари ва ечимлари атрофлича таҳлил қилинди.


— Ўзбекистонда қайси йўналишларда меҳнат низолари ва қонунбузилишлар энг кўп учрайди? Бунинг асосий сабаблари нима деб ҳисоблайсиз?


— Аввало, «меҳнат низоларининг йўналиши» деганда нимани тушунишмизни аниқлаб олишимиз зарур. Бу атама меҳнат муносабатларида айнан қайси масала юзасидан келишмовчилик келиб чиқаётганини англатади. Масалан, иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги, меҳнат шароитлари, ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш билан боғлиқ низолар шулар жумласидандир.


Ички статистикамизга таянадиган бўлсак, бугунги кунда энг кўп учраётган меҳнат низолари:


• меҳнат шартномасини бекор қилиш;


• интизомий жазо чораларини қўллаш;


• иш ҳақини ўз вақтида ёки тўлиқ тўламаслик;


• меҳнат таътилларини бериш билан боғлиқ масалалар ҳисобланади.


Яна бир ҳақиқатни айтиш ўринли бўлса керак. Мурожаат қилаётган фуқаролар сонининг кўплиги эмас, балки мурожаат қилмаётган фуқаролар сонининг кўплигидир. Бизга келаётган мурожаатлар мавжуд вазиятнинг фақат бир қисмини акс эттиради. Амалда ҳуқуқи бузилган кўплаб ходимлар «судма-суд юрмайман» деган қарорга келиб, бошқа иш топишни афзал кўради.


Агар ана шу яширин ҳолатлар ҳам статистикага кирганида, мурожаатлар сони камида уч баробар кўп бўлар эди.


— Ушбу низоларнинг асосий сабаблари нимада?


— Бунинг сабабларини бир неча гуруҳга ажратиш мумкин.


Биринчидан, кўплаб иш берувчилар меҳнат қонунчилигини етарли даражада билмайди. Тўғри, ташкилот раҳбари якуний қарорни қабул қилади. Бироқ унинг ёнида юрист, кадрлар бўлими мутахассислари каби масъул ходимлар ишлайди. Айнан улар раҳбарга қонуний ечимларни тавсия қилиши керак.


Афсуски, амалиётда шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, мутахассис раҳбарни ноқонуний қарордан қайтаришга уринади, бироқ айрим раҳбарлар: «Мен айтдимми, шуни қиласан», деган позицияда қолади. Натижада эса меҳнат низоси юзага келади.


Иккинчидан, баъзи ҳолатларда ходимлар иш берувчининг ҳуқуқларини ва ўз мажбуриятларини тўлиқ билмасликлари ва ўз навбатида уни лозим даражада бажармасликларидир.


Учинчи гуруҳи – бу - “раҳбар билмайди”, “ҳеч ким кўрмайди”, “шунга ҳам шунчами” деган ҳаёллар билан ҳаракат қилувчилардир.


— Демак, низолар фақат иш берувчининг айби билан юзага келмайди?


— Албатта, бу ерда ходимнинг ҳам масъулияти бор.


Кўпчилик ўз ҳуқуқларини яхши билади, аммо, юқорида айтиб ўтганимиздек, меҳнат муносабатларидаги мажбуриятларига етарли эътибор бермайди. Иш берувчи қонуний талаб қўйганида айрим ходимлар уни бажаришни истамайди ёки лозим даражада бажармайди. Натижада келишмовчилик пайдо бўлади.


Шунинг учун меҳнат низоларининг ҳам объектив, ҳам субъектив сабаблари мавжуд. Масалага фақат иш берувчи ёки фақат ходим нуқтаи назаридан баҳо бериш тўғри эмас.


— Ходим ўз ҳуқуқларини талаб қилишда ҳам хато қилиши мумкинми?


— Ҳа, бундай ҳолатлар ҳам учрайди.Масалан, Меҳнат кодексида иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил иш берувчи билан келишилган ҳолда берилиши белгиланган. Шунга қарамай айрим ходимлар ўзбошимчалик билан ишга чиқмай қўйиб, масофадан тариб (уйидан ёки бошқа ҳудуддан турли усулларда иш ҳақи сақланмаган таътил сўраб ариза беради. Масалан, теграмм орқали, ташкилотнинг электрон почтаси орқали, бирор бир танишидан бериб юбориш каби усулларда. Ёки меҳнат таътили борасида. Аммо айрим ходимлар аввал саёҳат ёки санаторий учун йўлланма сотиб олади, самолёт чиптасини расмийлаштиради, кейин эса иш берувчидан зудлик билан таътил беришни талаб қилади.


Ваҳоланки, корхонада таътиллар жадвали олдиндан тасдиқланган бўлади. Агар ходимнинг таътили август ойига режалаштирилган бўлса, у июль ойида таътил талаб қилаётганида иш берувчининг рад жавоби қонуний бўлиши мумкин.


Демак, нафақат ўз ҳуқуқини билиш, балки уни қачон ва қандай тартибда амалга ошириш мумкинлигини ҳам билиш муҳим.


— Касаба уюшмалари ва давлат меҳнат инспекцияси ўртасидаги ҳамкорлик даражаси бугунги кунда етарлими?


— Очиғини айтганда, бу ҳамкорликни етарли даражада деб бўлмайди. Албатта, амалда маълум даражада ҳамкорлик мавжуд, бироқ у тизимли ва самарали кўринишга эга эмас.


Яқинда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, касаба уюшмалари ва Давлат меҳнат инспекцияси ўртасидаги ҳамкорлик меморандум асосида йўлга қўйилиши белгиланди. Умид қиламизки, бу янги ёндашув амалиётда натижа беради.


Аслида эса бу икки тузилма мақсад жиҳатидан бир-бирига жуда яқин. Уларнинг фарқи фақат ваколатларда: Давлат меҳнат инспекцияси маъмурий чоралар қўллаш ҳуқуқига эга. Касаба уюшмалари тизимидаги меҳнат инспекцияси эса бундай ваколатга эга эмас.


Шу сабабли ҳамкорлик тизимли йўлга қўйилса, Меҳнат кодексида белгиланган уч субъект — ходим, иш берувчи ва давлат манфаатларини уйғунлаштириш самаралироқ бўларди.


— Иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатларини камайтириш учун қандай тизимли чоралар зарур?


— Энг муҳим йўналишлардан бири — иш берувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини узлуксиз ошириб боришдир.


Бугунги кунда иш берувчилар турлари ҳам кенгайган: хусусий корхоналар, қўшма корхоналар, хорижий компаниялар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳатто жисмоний шахслар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.


Демак, бундай хилма-хиллик шароитида қонунчиликни билиш даражаси ҳам юқори бўлиши керак.


Бу жараён доимий ўқувлар, семинарлар ва тушунтириш ишлари орқали амалга оширилиши лозим. Буни давлат органлари, хусусан, Меҳнат вазирлиги тизимли равишда ташкил этиши керак.


Кўпинча бу харажатли жараён сифатида қаралади, бироқ амалиётда ҳуқуқий хатолар оқибатида келиб чиқадиган зарарлар бундан бир неча баробар юқори бўлади.


Масалан, асоссиз ишдан бўшатиш ҳолатида ходим суд орқали ишга тикланса, иш берувчи ходимга мажбурий прогул даври учун нафақат ўртача иш ҳақини, балки маънавий зарарни ҳам тўлашга мажбур бўлади. Бундан ташқари, бундай ҳолат корхона ички муҳитига ҳам салбий таъсир юзага келади.


— Судга мурожаат қилмасдан меҳнат низоларини ҳал қилиш механизмлари қанчалик самарали ишламоқда?


— Афсуски, бу институтни ҳозирча етарли даражада самарали ишлаяпти, деб бўлмайди.


Агар самарали ишлаганида эди, судлар ва меҳнат органларига тушаётган мурожаатлар сони бундай даражада ошмаган бўларди.


Шу билан бирга, сўнгги йилларда касаба уюшмалари томонидан низоларни эрта босқичда ҳал қилиш, яраштириш (медиация ролида десак ҳам бўлади) институтини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич ташкилотларга низоларни имкон қадар судгача ҳал қилиш, томонларни муросага келтириш бўйича ёзма кўрсатмалар берилган.


Бунда асосий эътибор низонинг сабабини чуқур ўрганиш, томонлар билан алоҳида суҳбат ўтказиш ва зарур ҳолларда психолог ёки мутахассисларни жалб қилишга қаратилмоқда.


— Касаба уюшмалари томонидан низоларни эрта босқичда ҳал қилиш бўйича амалий тажриба қандай?


— Сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида низоларни имкон қадар бошланғич босқичда ҳал қилиш, яъни яраштирув ва медиация институтини кучайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тегишли кўрсатмалар ҳам берилган.


Асосий ёндашув шундан иборатки, низони ҳал қилишдан аввал унинг келиб чиқиш сабаблари чуқур ўрганилади. Томонлар билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказилади, кейин эса уларни бир стол атрофида муҳокамага жалб этиш йўли танланади.


Шу жараёнда психологик ёндашув ҳам муҳим: ҳар икки томоннинг кайфияти, позицияси ва манфаатлари ҳисобга олиниши керак. Зарур бўлса, ташқи мутахассислар, жумладан психологлар ҳам жалб қилиниши мумкин.


Амалиётда эса айрим ҳолатларда бу ёндашув тўлиқ ишлатилмаяпти. Натижада оддий муроса ўрнига низолар давом этиб кетаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Яраштирувнинг самараси эса айнан профессионал ёндашувга боғлиқ.


— Ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг кўп қандай хатоларга йўл қўяди?


— Энг кўп учрайдиган хатолардан бири — қаерга ва қачон мурожаат қилишни билмасликдир.


Кўп ҳолларда фуқаролар меҳнат низоси бўйича ваколатли орган ўрнига бошқа идораларга мурожаат қилади. Масалан, ҳокимиятга ёки мутлақо ваколати бўлмаган ташкилотларга чиқиш ҳолатлари ҳали ҳам учрайди.


Аслида эса меҳнат низолари бўйича аниқ ваколатли органлар мавжуд: ташкилот ичидаги меҳнат низолари комиссиялари, касаба уюшмалари, Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар.


Нотўғри йўналишда мурожаат қилиш эса вақт йўқотилишига ва айрим ҳолларда судга мурожаат қилиш муддатининг ўтиб кетишига ҳам сабаб бўлади.


— Меҳнат низоси юзага келганда ходим биринчи навбатда кимга мурожаат қилиши керак?


— Агар корхонада касаба уюшмаси мавжуд бўлса, ходим биринчи навбатда унга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.


Муҳими, ходим касаба уюшмасига аъзо бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, у мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


Бундан ташқари, агар ташкилотда Меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса, ёки ходим шу комиссияга ишонмаса )уларга мурожаат қилишни истамаса) Меҳнат вазирлиги тизимидаги бандликка кўмаклашиш марказларидаги меҳнат ҳуқуқи инспекторларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.


Шунингдек, ходим тўғридан-тўғри судга ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Суд «олдин бошқа органга бор» деган асос билан аризани қабул қилмасликка ҳақли эмас.


Агар корхонада меҳнат низолари комиссияси тузилган бўлса, у ҳам муҳим механизм ҳисобланади. Бу комиссия иш берувчи ва касаба уюшмаси вакилларидан тенг таркибда тузилади ва низоларни кўриб чиқади.


— Ушбу комиссиянинг афзаллиги нимада?


— Унинг асосий афзаллиги шундаки, қарорлар тенг вакиллик асосида қабул қилинади. Яъни иш берувчи ва ходим манфаатлари мувозанатда кўрилади.


Агар комиссия қарори билан ходим фойдасига ҳал этилса, иш берувчи ушбу қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо агар қарор кучда қолса, у мажбурий ижро ҳужжатига айланади ва мажбурий бюро органи ушбу қарорни ижросини таъминлайди.


Бу эса низоларни судгача бўлган босқичда тез ва самарали ҳал этиш имконини беради.


— Яқинда иш ташлаш ҳуқуқи қонунчиликда мустаҳкамланди. Бу ходимлар ва иш берувчилар учун нималарни англатади?


— Аввало шуни аниқ тушуниш керакки, иш ташлаш ўзи яхши ёки ижобий ҳолат сифатида эмас, балки меҳнат низосининг энг охирги босқичи сифатида қаралади.


Иш ташлашга фақат томонлар ўртасида келишувга эришилмаган, барча яраштирув механизмлари — медиация, музокара ва бошқа босқичлар самара бермаган ҳолатларда етиб борилади.


Шу маънода, иш ташлаш — бу низони ҳал этишнинг якуний ва энг кескин шакли ҳисобланади. Бундан ташқари, иш ташлаш даврида ходимлар иш ҳақидан маҳрум бўлиши мумкин. Агар махсус жамғарма бўлмаса, улар оиласини таъминлашда қийинчиликка дуч келади.


Яна бир жиҳат шуки, иш ташлаш якунлангач, иш жараёни тикланса ҳам, кўпинча тўлиқ ишонч ва аввалги муҳит дарҳол қайтмайди. Корхона ичидаги психологик иқлимга ҳам маълум даражада таъсир қилади.


— Якуний хулоса сифатида нималарни таъкидлайсиз?


— Меҳнат низоларини камайтириш учун энг муҳим омиллар қуйидагилар:


• иш берувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;


• ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ билиши;


• касаба уюшмалари ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш;


• низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини ривожлантириш.


Энг асосийси — ҳар бир томон ўз ҳуқуқи билан бирга мажбуриятини ҳам унутмаслиги керак.


Шундагина меҳнат муносабатларида барқарорлик ва адолатга эришиш мумкин.


Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид