Мактаб психологи касал бўлса, унинг вазифасини ўқитувчига юклаш мумкинми?
Бугунги кунда кўпчиликни ўйлантираётган мазкур саволга аниқ ва ҳуқуқий ечим изладик.
Савол: Мактаб психологи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига (“болничний”) чиққан. Шу ҳолатда мактаб директори психологнинг вазифасини мактаб ўқитувчисига юклаш (совмещение) тўғрисида буйруқ чиқара оладими?
Ушбу саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
—ЙЎҚ, МУМКИН ЭМАС!
Бунинг бир нечта муҳим ҳуқуқий сабаблари мавжуд.
1. Иш берувчилар турлилиги (энг асосий сабаб)
Ўқитувчи учун иш берувчи — мактаб директори.
Психолог учун эса иш берувчи — туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими (номенклатура бўйича).
Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори 20-бандига кўра, касбларни бирлаштириб (вазифаларни юклаб) ишлаш фақат битта иш берувчи доирасида мумкин. Мактаб директори ўзига бўйсунмайдиган, бўлим номенклатурасидаги штат бирлигини ўз ходимига юклашга ҳақли эмас.
2. Ходимлар тоифасининг мос келмаслиги
Ўқитувчи — педагог ходим.
Психолог — мутахассис ходим.
Вазирлар Маҳкамасининг 297-сонли қарори 21-бандига мувофиқ, вазифа юклаш, қоида тариқасида, ходим кирадиган ана шу тоифа доирасида амалга оширилади. Педагог ходимга мутахассис лавозими вазифаларини юклаш қонунчиликка зид.
3. Молиявий қонунбузилиш хавфи
Агар мактаб директори шундай буйруқ чиқариб, ўқитувчига психолог вазифаси учун қўшимча ҳақ тўласа, бу ҳолат бюджет маблағларини нотўғри сарфлаш сифатида баҳоланади. Сабаби, психолог лавозимининг иш ҳақи жамғармаси ва штат бирлиги юқори ташкилот — бўлим тасарруфида бўлади.
Зарурат туғилган тақдирда, ўқитувчи психолог лавозимида ўриндошлик (совместительство) асосида ишлаши мумкин. Бунинг учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим.
- ўқитувчининг малакаси психолог лавозими талабларига мос бўлиши;
- туман (шаҳар) бўлими раҳбари билан алоҳида меҳнат шартномаси тузилиши;
- иш асосий дарс вақтидан ташқари вақтда бажарилиши.
Мактаб директори томонидан ўқитувчига психологнинг вазифасини “юклаб қўйиш” — ҳуқуқий жиҳатдан қўпол хатодир.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0