Кўчмас мулкнинг бозор қиймати кадастр қийматидан 5 баробаргача фарқ қилмоқда
Мамлакатимизда кўчмас мулкни баҳолаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ислоҳот — кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров журналистлар билан бўлиб ўтган мулоқотда маълум қилди.
Таъкидланганидек, янги тизим шунчаки баҳолашнинг янги усули эмас. Унинг асосий мақсади аҳоли, бизнес ва давлат учун кўчмас мулкнинг бозор қиймати тўғрисида ишончли, шаффоф ва ягона ахборот тизимини яратишдан иборат.
Бугунги кунда мамлакатимизда 9 миллиондан ортиқ турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари ҳамда қарийб 8 миллионта ер участкаси мавжуд. Уй-жой ва ер участкалари аҳоли учун энг муҳим иқтисодий активлардан бири бўлса, хусусий сектор ва давлат тасарруфида ишлаб чиқариш бинолари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, офислар, омборлар, меҳмонхоналар каби йирик кўчмас мулк активлари мавжуд.
“Кўчмас мулкнинг қийматини тўғри аниқлаш фақат кадастр ва баҳолаш соҳасининг масаласи эмас. Бу аҳолининг мулкий манфаатлари, кредит ва ипотека бозори, инвестициялар, давлат активларини бошқариш, ҳудудларни ривожлантириш ва келгусида солиқ тизимини такомиллаштириш билан бевосита боғлиқ”, — деди Аҳадбек Ҳайдаров.
Вазир ўринбосарининг қайд этишича, амалдаги кадастр қийматлари асосан 2018 йилда шакллантирилган. Ўтган даврда иқтисодиётнинг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиши, янги турар жой массивлари, йўл ва метро линиялари, ижтимоий объектлар ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ривожланиши кўчмас мулк қийматига сезиларли таъсир кўрсатган.
Натижада айни бир кўчмас мулк объектига турли мақсадларда турлича қиймат қўлланилмоқда: олди-сотдида бир қиймат, банк гаровида бошқа, солиқ солишда эса алоҳида қиймат шаклланмоқда.
Таҳлилларга кўра, кўплаб бино ва иншоотларнинг бозор қиймати амалдаги кадастр қийматидан 4–5 баробар фарқ қилмоқда. Тошкент шаҳрида эса айрим объектлар бўйича тафовут бундан ҳам юқори экани қайд этилди. Ер участкалари бўйича эса бозор қийматини тизимли аниқлаш механизми ҳали тўлиқ шаклланмаган.
Шу сабабли кўчмас мулк қийматини бозорнинг реал ҳолатига яқинлаштириш ва ягона мезонлар асосида аниқлашга хизмат қилувчи янги тизимга эҳтиёж юзага келган.
Оммавий баҳолаш қандай ишлайди?
Оммавий баҳолаш — ҳар бир кўчмас мулк объектига алоҳида баҳоловчи юбормасдан, кўплаб объектларнинг қийматини ягона услуб, бозор маълумотлари ва математик моделлар асосида аниқлаш тизимидир.
Бунда объектнинг жойлашуви, майдони, қурилган йили, бино тури ва техник хусусиятлари билан бир қаторда метро ва жамоат транспорти бекатлари, асосий йўллар, мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларига яқинлиги, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланганлиги каби омиллар ҳам ҳисобга олинади.
Шунингдек, ҳудуддаги бозор маълумотлари таҳлил қилиниб, ўхшаш объектлар ўзаро таққосланади ва ҳар бир объект учун бозорга яқин қиймат шакллантирилади.
Бунда муҳим жиҳат шундаки, оммавий баҳолаш мулкнинг сотув нархини белгиламайди. Сотув нархи харидор ва сотувчининг келишуви, талаб ва таклиф ҳамда бошқа бозор омиллари асосида шаклланади. Оммавий баҳолашнинг вазифаси эса ягона услубда ҳисобланган, шаффоф ва ўзаро солиштириш мумкин бўлган бозорга яқин қиймат мўлжалини яратишдир.
Тизим аҳолига қандай имконият беради?
Янги тизим, аввало, фуқароларга ўз мулкининг иқтисодий қиймати ҳақида ишончли ва тушунарли ахборот олиш имконини беради. Бу уй-жойни сотиш, гаровга қўйиш, суғурталаш ва бошқа мулкий қарорларни қабул қилишда аниқроқ мўлжал яратади.
Шунингдек, ипотека ва кредит муносабатларида фуқаро ҳам, банк ҳам кўчмас мулк қиймати бўйича ягона ахборот манбасига таяниши мумкин бўлади. Бу келгусида баҳолаш жараёнларини соддалаштириш, айрим ҳолларда вақт ва харажатларни қисқартиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, зарур ҳолларда банкларнинг мустақил баҳолашни талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Жамоат эҳтиёжлари учун мулк олиб қўйилганда ҳам мулкдор ўз объектининг қиймати бўйича дастлабки мўлжалга эга бўлади. Бу компенсация жараёнининг шаффофлигини ошириш ва эҳтимолий келишмовчиликларни камайтиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, кўчмас мулк бозорида ахборот тенглиги кучаяди. Харидор ва сотувчи объект қиймати бўйича умумий мўлжалга эга бўлади.
Тизимда ўхшаш шароитдаги объектларга ягона ёндашув қўлланилиб, қиймат мулк эгасига эмас, балки объектнинг объектив хусусиятларига қараб аниқланади.
“Яна бир муҳим жиҳат — мулкдор баҳолаш жараёнининг фаол иштирокчиси бўлади”, — деди Аҳадбек Ҳайдаров.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш 2023 йил 5 мартдаги ПФ-33-сон Фармон билан белгиланган вазифалар асосида амалга оширилмоқда. Янги тизимнинг тўлиқ ишлаши натижасида кўчмас мулк қиймати бўйича ягона, шаффоф ва бозор маълумотларига асосланган ахборот муҳити шаклланиши кутилмоқда.
Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0