Касаба аралашгач, кончининг ололмаган пуллари тўлаб берилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашига Сариосиё тумани «Жаннатмакон» маҳалласида яшовчи фуқаро Равшан Алмардонов йўллаган мурожаат мавжуд ҳужжатлар асосида ва ваколат доирасида атрофлича ўрганилди. Аризачи ўз шикоятида иш берувчи томонидан товон пули, дори-дармон харажатлари ҳамда йўл ҳақи тўловлари тўлиқ тўлаб берилмаганини баён этган эди.
Аниқланишича, Сариосиё 1-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи корхонаси респираторчиси лавозимида ишлаб, 2005 йил касб касаллигига чалиниши оқибатида II гуруҳ ногирони бўлиб қолган Р.Алмардоновга корхона томонидан 2006 йилдан буён товон пули тўлаб келинган. Аммо иш берувчи томонидан собиқ ходимга 21,2 миллион сўм товон пули, 2022 йил даволаниши учун харид қилинган қарийб 5 миллион сўм дори-дармон тўловлари, Республика касб касалликлари клиникасига ҳар йили даволаниш учун бориб келиш йўл чипталаридан 2 миллион 650 минг сўм маблағ ўз вақтида тўланмаган.
Шунга кўра, мавжуд қарздорлик ҳолати юзасидан корхона раҳбари У.Ҳасановга тақдимнома киритилди. Пировардида 2026 йил 16 июнда Равшан Алмардоновга жами 29 миллион сўмга яқин маблағ корхона томонидан тўлиқ қоплаб берилди.
Эркин МЕНГЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0