Иш ташлаш ҳуқуқи: суд нимага эътибор қаратиши лозим?
Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқининг қонунчиликка киритилиши меҳнат ҳуқуқи учун муҳим янгиликдир. Лекин бу ҳуқуқ мутлақ эмас. Қонун бир томондан ходимларнинг жамоавий манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини берса, бошқа томондан суд орқали айрим ҳолларда иш ташлашни кечиктириш, тўхтатиб туриш ёки ноқонуний деб топиш имкониятини ҳам назарда тутади.
Яъни янги қонунчилик судга учта муҳим ваколат беради: эълон қилинган иш ташлаш бошланиш вақтини кечиктириш, иш ташлашни вақтинча тўхтатиб туриш ва иш ташлашни ноқонуний деб топиш. Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган янги 23³-боб айнан шу ишларни кўриш хусусиятларини белгилайди. Бундай ишлар умумий фуқаролик суд иш юритуви қоидалари асосида, бироқ махсус процессуал хусусиятлар билан кўрилади.
Суд иш ташлашни шунчаки тақиқлаш ёки ноқонуний деб топиш органи сифатида эмас, балки ходимларнинг жамоавий ҳуқуқи, иш берувчининг қонуний манфаатлари ва жамоат хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни таъминловчи институт сифатида ҳаракат қилиши лозим.
Суд иш ташлаш ҳуқуқини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилаётганда қайси мезонларга таяниши керак? Японияда меҳнат ҳуқуқи йўналиши бўйича PhD диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган юртдошимиз Ҳасанбой Раҳимберганов мазкур мақолада судлар иш ташлашни кечиктириш, тўхтатиб туриш ёки ноқонуний деб топиш масалаларини ҳал этишда эътибор қаратиши лозим бўлган асосий мезонларни таҳлил қилади.
1. Иш ташлашни кечиктириш: «реал хавф» мезони асосий бўлиши керак
Меҳнат кодексига киритилаётган 587-модда бўйича иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш бўйича реал хавф туғдирса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва тартибига ёки экологик барқарорликка таҳдид солса, суд қарори билан унинг бошланиш вақти 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин.
587-модданинг муҳим жиҳати шундаки, унда иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ва бошланган иш ташлашни тўхтатиб туриш учун бир хил умумий асослар белгиланган. Бироқ мазкур норма суд қайси ҳолатда биринчи чорани, қайси ҳолатда иккинчи чорани қўллаши кераклигини батафсил очиб бермайди. Шу боис ушбу икки институтни фарқлашда, аввало, вақт ва хавфнинг намоён бўлиш даражаси асосий мезон бўлиши лозим.
Иш ташлашни кечиктириш, моҳиятан, олдини олувчи чора ҳисобланади. У иш ташлаш ҳали бошланмаган, бироқ унинг бошланиши инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ёки экологик барқарорликка реал хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолларда қўлланиши керак. Бунда суд умумий тахминларга эмас, аниқ далилларга таяниши зарур. Масалан, иш берувчининг «ишлаб чиқариш тўхтайди» деган даъвоси ўз-ўзидан иш ташлашни кечиктириш учун етарли асос бўла олмайди. Чунки иш ташлашнинг табиати иш берувчига маълум иқтисодий босим кўрсатишдан иборат. Суд учун ҳал қилувчи савол шундан иборат бўлиши керак: иш ташлаш бошланиши оддий хўжалик ноқулайлигини келтириб чиқарадими ёки қонунда санаб ўтилган устувор қадриятларга — ҳаёт, соғлиқ, жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки экологик барқарорликка реал таҳдид туғдирадими?
2. Иш ташлашни тўхтатиб туриш: вақтинчалик чора доим мутаносиб бўлиши керак
Иш ташлашни тўхтатиб туриш бошқа ҳуқуқий вазиятга тегишли. Бу чора иш ташлаш аллақачон бошланганидан кейин, унинг давом этиши қонунда назарда тутилган манфаатларга бевосита хавф туғдираётган ҳолатда қўлланиши лозим. Бунда хавф фақат эҳтимол даражасида эмас, балки иш ташлаш жараёнининг ўзида намоён бўлаётган ёки яқин вақт ичида юзага келиши аниқ бўлган хавф сифатида баҳоланиши керак. Масалан, минимал зарур хизматлар таъминланмаганлиги сабабли аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келаётган бўлса, суд иш ташлашни вақтинча тўхтатиб туриш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
587-модда иш ташлашни 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш имкониятини ҳам белгилайди. Суднинг бундай қарори дарҳол ижро этилади ва ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи шахс орқали хабардор қилиниши керак.
Иш ташлашни тўхтатиб туриш — ҳуқуқни бутунлай бекор қилиш эмас, вақтинча чеклашдир. Шунинг учун суд қарорида нима сабабдан айнан тўхтатиб туриш зарурлиги, қайси хавфни бартараф этиш кўзланаётгани асослантирилиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, иш ташлашни кечиктириш ва тўхтатиб туриш ўртасидаги асосий фарқ шундаки, биринчиси иш ташлаш бошланишидан олдинги превентив чора, иккинчиси эса иш ташлаш давомида юзага келган хавфга нисбатан қўлланадиган вақтинчалик чекловдир. Ҳар икки ҳолатда ҳам суд мутаносиблик принципига амал қилиши керак.
3. Иш ташлашни ноқонуний деб топиш: суд процедурани ҳам, мазмунни ҳам текшириши керак
Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган 270¹⁴-модда бўйича суд иш ташлашни ноқонуний деб топиш масаласини кўриб чиқишда уч нарсани текширади: иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорнинг қонунийлиги, иш ташлашни амалга оширишда қонунда белгиланган талабларга риоя этилганлиги ҳамда иш ташлаш туфайли ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлар бузилган-бузилмаганлиги.
Суд фақат формал хатоларни излаш билан чекланмаслиги керак. Акс ҳолда иш ташлаш ҳуқуқи амалда ҳаддан ташқари процессуал тўсиқларга боғланиб қолади. Суд қуйидаги саволларга жавоб излаши лозим:
- Иш ташлаш жамоавий меҳнат низосидан келиб чиққанми?
- Иш ташлаш тўғрисидаги қарор ваколатли субъект томонидан қабул қилинганми? Қарор меҳнат жамоаси ёки ходимларнинг вакиллик органи томонидан қонунда белгиланган тартибда қабул қилинган бўлиши зарур.
- Иш ташлашдан олдин яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари бажарилганми?
- Иш берувчи ва тегишли органлар иш ташлаш ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинганми?
- Иш ташлаш қонун билан тақиқланган соҳада, тақиқланган даврда ёки иш ташлаш ҳуқуқи чекланган шахслар иштирокида амалга оширилмаяптими?
- Иш ташлаш давомида жамоат тартиби, мол-мулк хавфсизлиги, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун муҳим бўлган минимал зарур хизматлар таъминланганми?
- Даъвогар кўрсатган зарар оддий иқтисодий зарар доирасидами ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларга реал хавф туғдиряптими? Ишлаб чиқаришнинг тўхташи ёки фойданинг камайиши ўз-ўзидан иш ташлашни ноқонуний деб топиш учун етарли асос бўлмаслиги керак.
- Даъвогар кўрсатган зарар оддий иқтисодий зарар доирасидами ёки ҳуқуқий жиҳатдан муҳим бузилиш даражасигача етганми?
Айниқса, охирги савол муҳим. Чунки иш ташлашнинг табиати шундан иборатки, у иш берувчига маълум иқтисодий босим кўрсатади. Агар ҳар қандай иқтисодий зарар иш ташлашни ноқонуний деб топиш учун асос бўлса, ҳуқуқнинг ўзи мазмунсиз бўлиб қолади.
Агар иш ташлашни эълон қилиш ёки ўтказиш тартиби бузилган бўлса — судда ноқонунийлик масаласи кўрилади; агар тартиб бузилмаган, лекин инсон ҳаёти, соғлиғи, жамоат хавфсизлиги ёки экологик барқарорликка реал хавф юзага келган бўлса — иш ташлашни 587-модда асосида кечиктириш ёки тўхтатиб туриш масаласи ҳал қилинади.
Суд қарорининг оқибати: ҳуқуқий аниқлик зарур
Агар суд иш ташлашни ноқонуний деб топса, бу ҳақда ходимлар иш ташлашга раҳбарлик қилувчи орқали дарҳол хабардор қилинади ва суд қарори дарҳол ижро этилиши керак.
Шунингдек, иш ташлаш ноқонуний деб топилган тақдирда, суд жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун прокурорга хабар қилади. Шу билан бирга, суднинг иш ташлашни ноқонуний деб топиши автоматик равишда барча иштирокчилар жавобгар бўлади, дегани эмас. Жавобгарлик ҳар бир шахснинг аниқ ҳаракати ва айбига қараб индивидуаллаштирилиши лозим. Масалан, қонун билан тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этган шахс, ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилган шахс ёки бошқаларни иш ташлашда қатнашишга ёхуд қатнашмасликка мажбур қилган шахс жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунинг учун суд қарори аниқ, тушунарли ва асослантирилган бўлиши керак. Унда айнан қайси талаб бузилгани, бу бузилиш иш ташлашнинг қонунийлигига қандай таъсир қилгани ва нима сабабдан даъвони қаноатлантириш зарур деб топилгани кўрсатилиши лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, иш ташлаш ҳуқуқи суд назоратисиз ҳам, суднинг ҳаддан ташқари аралашуви билан ҳам самарали ишламайди. Суднинг вазифаси иш ташлашни имкон қадар чеклаш эмас, балки унинг қонуний, хавфсиз ва мутаносиб амалга оширилишини таъминлашдир. Шу боис судлар ҳар бир ишда уч мезонга алоҳида эътибор қаратиши лозим: реал хавф мавжудлиги, процессуал талабларнинг бажарилганлиги ва ҳуқуқни чеклашнинг мутаносиблиги.
Энг муҳими, иш ташлаш ҳуқуқи фақат қоғоздаги декларатив норма бўлиб қолмаслиги керак. Суд амалиёти ушбу ҳуқуқнинг реал мазмунини сақлаб қолиши, бир вақтнинг ўзида ходимлар манфаатлари, иш берувчи ҳуқуқлари ва жамоат хавфсизлиги ўртасида адолатли мувозанатни таъминлаши зарур.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0