Иш берувчининг хатосини касаба уюшмаси қандай тўғирлади?
Ғиждувон тумани «Сардор» маҳалласида яшовчи Л.Раззоқованинг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги мурожаати Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши мутахассислари томонидан жиддий ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўтган йили май ойида туманлараро суд ажримига таяниб, ходимга нисбатан шошма-шошарлик билан «ҳайфсан» интизомий жазосини қўллаган.
Орадан тўрт ой ўтиб, раҳбарият худди ўз хатосини тушуниб етгандай, сентябрь ойидаги янги буйруқ билан бу жазони муддатидан аввал олиб ташлаган. Аммо, касаба уюшмалари ўрганишида бу шунчаки «хўжакўрсинга» қилинган ҳаракат эканлиги маълум бўлди. Чунки энг бошидан иш берувчи қонунда белгиланган муддатларни ўтказиб юбориб жазо тайинлаган, демак, ўша дастлабки буйруқнинг ўзи мутлақо ғайриқонуний бўлган.
Ходим бу яширин ноҳақликка кўниб кетмади. Касаба уюшмалари томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Яқинда бўлиб ўтган суд мажлиси киритилган даъво аризасини қаноатлантирди ва “ҳайфсан” интизомий жазоси ноқонуний қўлланган деб топди. Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди деганлари шу. Касаба уюшма кўмагида орадан бир йил ўтиб бўлса-да ҳақиқат тикланди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0