Иш берувчи ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан юзага келган харажатларни қайси ҳолларда қоплаб бериши шарт?
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори Алишер Раҳматов қуйидагича жавоб берди:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши жараёнида шахсий маблағларини сарфлашига тўғри келса, қонунчиликда белгиланган ҳолларда ушбу харажатлар иш берувчи томонидан компенсация қилиниши шарт.
Хусусан, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимнинг харажатларини қоплаб беради:
Хизмат сафарига юборилганда — йўл ҳақи, меҳмонхона (яшаш) харажатлари, суткалик пуллар ва хизмат сафари билан боғлиқ бошқа зарур харажатлар.
Иш сайёр ёки кўчиб юриш хусусиятига эга бўлганда, шунингдек дала шароитида ёки вахта усулида ишлаганда — ишнинг ўзига хос хусусияти туфайли юзага келган қўшимча харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Иш берувчи билан келишувга асосан бошқа ҳудуддаги иш жойига кўчиб ўтилганда — кўчиш, мол-мулкни ташиш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлар компенсация қилинади.
Иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан ўтиш, қайта тайёрлаш, малака ошириш ёки стажировкада қатнашганда — ўқиш давридаги йўл, яшаш ва бошқа зарур харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланади.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда — қонунчиликда белгиланган кафолатлар ва компенсациялар берилади.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтганда — тиббий кўрик билан боғлиқ харажатлар, заруратга қараб йўл харажатлари ҳам қопланиши мумкин.
Шунингдек, жамоа шартномаси, ички меҳнат ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасида ходимлар учун қўшимча компенсациялар назарда тутилган бўлса, иш берувчи уларни ҳам тўлаши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, ходим меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан қилган қонуний ва асосланган харажатларни ўз ҳисобидан кўтармаслиги керак. Бундай харажатларни қоплаш иш берувчининг қонун билан белгиланган мажбурияти ҳисобланади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0