+33C

+33C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Хатга тушдинг – ўтга тушдинг

ёки қарздорга кафил бўлаётганлар андишани четга суриб, масаланинг ҳуқуқий оқибатини жиддий ўйлашлари зарурлиги хусусида
340 18:25 | 13.07.2026 18:25


Тасаввур қилинг: ой охирлаяпти. Икки-уч кундан сўнг маош олишингиз керак. Қўлингизга тегиши кутилаётган маблағнинг тийин-тийинигача тақсимот қилиб, оилавий эҳтиёжлар, зарур харидлар рўйхатини тузиб қўйгансиз.


Ниҳоят, пластик картангизга пул тушди. Дақиқа ўтмай, телефонингизга яна бир хабар келди: “... кредит учун картангиздан 2 миллион сўм ечиб олинди”. Ҳолбуки, қарзингиз йўқ эди.



Асабийлашганча банкка югурасиз. Маълум бўладики, тўрт ой олдин яқин танишингизнинг уч йил муддатга олинган кредитига “кафилман” дея жимжимадор имзо чекиб бергансиз. У аввалига икки ой “интизомли тўловчи” вазифасини бажаргач, энди “иш юришмаяпти, чиқимлар кўпайиб кетди”, деган баҳоналар билан банк олдидаги мажбуриятини эсдан чиқарган. Шу боис ҳақдор ойма-ой тўловни сизнинг картангиздан ечиб қолишни бошлаган. Вазиятдан танишингизни хабардор этасиз. Андак хижолатомуз оҳангда сиздан олинган пулни икки-уч кунда қайтаришини айтади, бироқ ҳадеганда ҳисоб-китобни жойига қўймай хунобингизни чиқаради. Энг ёмони, бу ҳол кейинги ойларда ҳам мунтазам такрорланаверади. Хуллас, ҳалол меҳнат қилиб иш ҳақи оласиз-у, пулингизни хоҳлаган вақтда истаганингиздек ишлатолмайсиз. Жуда алам қилса кераг-а?


Андижон туманида яшовчи Қодиржон Охунжонов (ўзининг илтимосига кўра, исми-фамилияси ўзгартирилди) мана шундай диққатбозликни бошдан ўтказаётганига уч йилдан ошди. Ишхонасида бирга ишлайдиган хонадоши қайта-қайта илтимос қилганди. Қарз кўтараётган тадбиркор ҳамкасбининг қадрдони экан. Одамнинг юзи иссиқ – ҳамхонасининг “шунчаки расмиятчилик учун, ўртада мен турибман-ку”, деган қистовидан сўнг ўзи ҳам танимайдиган шахснинг банкдан олаётган 50 миллион сўм маблағи учун кафилликка рози бўлди. Аммо вақтида “йўқ” деб андишанинг юзига тупурмай, хато қилганлигини икки ойдан кейин тушуниб етди. Картасидан тортиб олинган пулни тадбиркордан ундиргунча асаббузарлик кунлаб давом этади. Ойлигидан барака қочди. Ўртада турган ҳамкасби узр сўраб, елка қисишдан нарига ўтмайди.


Бу орада Қодиржон шахсий сабабларга кўра, ишини ўзгартириб, ўзини деҳқончилик ҳамда кунлик даромад топадиган юмушларга урди. Энди аввалгидай пластик картасига маош тушмайди, кафиллик ғалваларидан ҳам қутулгандай бўлди гўё. Аммо олти ойдан сўнг МИБнинг туман бўлимидан келган ижро варақасини кўриб, ҳуши бошидан учди. Аён бўлишича, суднинг ҳал қилув қарори билан Қодиржондан 32 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган. Камига ғариброқ оиланинг қора қозонини бир ой қайнатиш мумкин бўлган маблағ миқдорида давлат божи ҳам бўйнига юкланган. Дарҳол ўртада турган собиқ ҳамкасбини топиб, ижро ҳужжатини қўлига тутқазди. Афсуски, бир муддат илгари қарздор кутилмаган хасталикдан вафот этган экан. Марҳумнинг қирқи ўтгач, икки ҳамкасб унинг оила аъзоларига ҳолатни тушунтиришади. “Эрим билан ўрталарингда қандай олди-берди бўлганини билмайман, сизларга пул бергани моддий имкониятим ҳам йўқ, мени безовта қилманглар!” дея дангалини айтди аёл. Қодиржон кафиллик шартномасига имзо чекиб, хатга эмас, нақ ўтга тушганини ана шундагина ҳис этди.



Хуллас, банк олдидаги мажбурият, мана, икки йилдирки, Қодиржоннинг зиммасидан соқит бўлгани йўқ. Суднинг ижро ҳужжати муаллақ турибди. Ижрочилар бир неча бор огоҳлантиришди. Бугун бўлмаса, эртага хонадонидаги мулкларини ҳатлаб бўлса-да, ундирувни амалга оширишлари тайин. Яқинда ака-укалари, опа-сингиллари тўпланиб, Қирғизистонда яшовчи яқин қариндошини кўриб келишди. Қодиржон эса яккаланиб қатордан қолди, чунки айни қарздорлик сабаб четга чиқишига ҳам тақиқ қўйилган.



Вилоят миқёсидаги ташкилотда ишловчи Мансурбек бошдан ўтказган ҳолат юқорида баён этилган воқелик билан ўхшаш бўлса-да, аммо ижтимоий-маънавий оқибатлари анча жиддий. Бошқа бир идорада бош ҳисобчи лавозимида ишловчи аёл тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун банкдан кредит кўтармоқчи бўлади. Олинаётган маблағ миқдори каттароқ бўлгани учун, табиийки, гаровга қиймати баландроқ мулклар талаб қилинади. “Бу аёл яқин қадрдоним, - дейди ҳисобчини Мансурбекка таништирган ҳамкасби. – Кредитига машинангни гаровга қўйиб турайлик, қарзини бир йилга қолмай узиб юборади. Ўзимнинг машинамни берай десам, шусиз ҳам гаровда турибди. Йўқ демагин энди, сени ҳам қуруқ қўймайди”. Мансурбек аввалига иккиланди, бироқ бирор марта алдовига дуч келмаган неча йиллик ҳамкасбининг раъйини қайтара олмади. Гаров шартномасини имзолаганлиги эвазига, ғирт анжанчасига айтганда, 300 доллар “нафлангани” рост.


Аммо орадан уч ойча вақт ўтгач, ҳисобчи аёл ишлайдиган бошқармада бир неча миллиард сўмлик давлат бюджети маблағлари талон-толож қилинганлиги маълум бўлиб, раҳбар ва молиявий масалаларга масъуллар терговга тортилади. Айблов судда тасдиқланиб, бошлиқ ва ҳисобчи олти йилдан зиёдроқ муддатга “ичкарига” кириб кетади. Тузуккина мансабидан, доимий даромад манбаидан айрилган одам қамоқда ўтирган ҳолида банкдан олган кредитини қандай узиши мумкин? Боз устига, турмуш ўртоғи ҳам “Жазони ўтаб чиққанда ўзи билан гаплашасизлар!” деб гапни эшитишни ҳам хоҳламаса? Кутилганидек, муаммо гаровга мулкини қўйиб берган Мансурбекнинг бўйнига тушди. Аввалига “машинамни тортиб қўйишмасин” деган хавотирда бир муддат ойлик тўловларни тўлаб юрди. Аммо бора-бора топгани рўзғор харажатларидан ошмай қолди. Оқибат шу бўлдики, машинасини сотди ва ўзганинг 120 миллион сўмга яқин кредит қарзини бирданига тўлаб қутулди. Бу ёқда оиласида ҳаловат йўқ. Турмуш ўртоғи асосли саволлар беради денг: “Болаларнинг ризқини қийиб, беш йил деганда машинали бўлувдик. Нега уни мен ҳам танимайдиган аёлга гаровга қўйиб бергансиз? Нима, у билан юрасизми ё?”


Хуллас, Мансурбек кўрилган зарарни ундиришдан ҳам аввал ҳисобчини аёли билан юзлаштириб, турмуш ўртоғининг шубҳа-гумонларини аритиши керак. Йўқса, оила пароканда бўлиши, уч боласи тирик етимга айланиши ҳеч гапмас. Ҳар ҳолда, ҳозир оиласида ана шундай таранг вазият юзага келган. Шу боис тез-тез ҳисобчи аёлнинг маҳалласига бориб ундан-бундан дараклаб туради. Лекин жазонинг эндигина тўртдан бирини ўтаган аёлга қачон енгиллик берилишини, қай вақтда ва қандай кайфиятда озодликка чиқишини ҳеч ким билмайди.


Таассуфки, бугун юқорида тафсилоти келтирилган ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Кўпчиликнинг онгу шуурида “ўзганинг ишончи”, “ваъдага вафо”, “лафз” тушунчалари қадрият даражасини йўқотди. Кейинги ўн йилликда фуқаролик ишлари бўйича судларда банк билан боғлиқ қарз шартномалари, кафиллик муносабатларига оид низолар энг кўп кўриб чиқилаётган иш тоифалари рўйхатидан ўрин олиб эгаллаган. Суд жараёнларини кузатсангиз, кафиллар асосан уч хил сабабга кўра рози бўлганини билдиришади: қарздорнинг панд бермаслигига ишонувчанлик, ҳуқуқий оқибатдан бехабарлик, тўғрироғи, шартномани ўқиб-ўқимай имзолаш ҳолатлари, ва ниҳоят, розилиги эвазига оз-моз моддий манфаатдорлик.



Тўғри, банк кредити ёпилгач, кафил регресс талаб билан қарздорга нисбатан даъво қўзғаб, суд орқали келтирилган зарарни ундириб олиши мумкин. Бироқ одатда бундай жараён бошланиб то қарор ижроси якунига етгунига ўртача 4-6 вақт бой берилади. Бу ҳол бироз оворагарчилик талаб қилади, камига асабларингиз синовдан ўтади. Ортиқча “югур-югур”га тоқати етмай, қарздорга инсоф тилаб, қўл силтаб кетаётганлар қанча?



Айни масалада банк ходимларининг ҳам бурнига сув кирган. Тўлов жадвалига риоя этмаётганлар ортидан чопавериб, энди ҳар бир қарз кўтараётган шахсга кафолат берувчини қайта-қайта сўроққа тутишади: “Шартномани яхшилаб ўқидиз-а? Тўлов вақтида амалга оширилмаса, жавобгарликка тайёрсиз-а?”



Шунча тарғибот-ташвиқот, тушунтиришларга қарамай, кафиллик шартномалари сони ҳам, ишончи поймол бўлгани ортидан қарздор билан судлашаётганлар сафи ҳам камаймаётган экан, нима қилмоқ керак? Бошини ўз инон-ихтиёри билан “кундага” қўяётганларни фақатгина огоҳлантириш мумкин, холос.


Албатта, одамларга яхшилик қилиш керак. Ишончни оқлайдиган, кафилга панд бермай, бирор марта бўлсин оворагарчиликка дучор қилмай ҳисоб-китобини жойига қўядиган кишилар ҳам кўп. Аммо икки тоифа тарозига қўйилса, иши битгунча, минг бор эгилиб-букилиб, кейин лафзидан қайтаётганлар кўпроқ тош босаётгандай.


Шундай экан, кафил бўлишдан аввал жиддий ўйланг: чунки бировларни ишонтириб, бошқа шахс устидан масъулиятни, жавобгарликни тўлиқ зиммангизга оляпсиз. Кафилликнинг юки шунақа оғир бўлади.



Нурилло Нўъмонов,


ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид